Жаҳон банки Ижроия кенгаши Халқаро тараққиёт уюшмаси (IDА) томонидан 50 миллион доллар миқдоридаги грант маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган “Барқарор ривожланиш сиёсатини қўллаб-қувватлаш - Рақобатбардош ва инклюзив Тожикистон” дастурини амалга оширишни маъқуллади. Бу ҳақда Жаҳон банки матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳа Тожикистон ҳукумати томонидан иқтисодиётда рақобатни кенгайтириш, хусусий секторни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, хизматлар сифати ва қулайлигини ошириш мақсадида давлат секторини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашни кўзда тутади.
Ташаббус 2030 йилгача мўлжалланган Миллий тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор йўналишларни қамраб олган бўлиб, мамлакатнинг рақобатбардош, инклюзив ва барқарор иқтисодиётини шакллантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
“Мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини очиб бериш ва Тожикистон фуқароларига сезиларли наф келтириш учун мўлжалланган ушбу улкан ислоҳотларни қўллаб-қувватлашдан фахрланамиз. Лойиҳа янада рақобатбардош ва очиқ бозор муҳитини яратиш ҳам тадбиркорлар, ҳам истеъмолчилар учун янги имкониятлар яратади. Бу ислоҳотлар Тожикистонда янада жадал, инклюзив ва барқарор иқтисодиёт қуришга йўналтирилган муҳим қадамлардир”, деди Жаҳон банки гуруҳининг Тожикистондаги вакили вазифасини бажарувчи Вей Винни Ванг.
Ҳозирги кунда Жаҳон банки Тожикистондаги умумий қиймати 1,9 миллиард АҚШ доллари бўлган 26 та лойиҳани, шу жумладан ХТУнинг юқори имтиёзли шартлардаги грантлари ва кредитларини молиялаштирмоқда. Жаҳон банки мамлакатнинг ҳаётини яхшилаш, ёш ва ўсиб бораётган аҳолининг орзу-умидларини рўёбга чиқариш йўлидаги саъй-ҳаракатларини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда.
Изоҳ (0)