HeadHunter Uzbekistan онлайн платформаси тадқиқотига кўра, ўзбекистонликларнинг кўпчилиги дипломи бўйича ишламайди.

Онлайн платформа иш изловчилар орасида ўтказган сўров натижаларига кўра, аҳолининг фақат учдан бир қисми ўз маълумоти бўйича ишлаётганини билдирган. Қолганлар эса соҳасини бутунлай ўзгартирган ёки дипломдаги билимларини фақат қисман қўлламоқда.
Тадқиқот асосий хулосасига кўра, Ўзбекистонда таълим билан меҳнат бозори эҳтиёжлари ўртасида тафовут мавжуд.
Сўров натижаси қуйидагича:
- 64 фоиз респондентда олий таълим ёки олий таълимдан кейинги таълим мавжуд;
- 78 фоизи агар имкон бўлса, бошқа мутахассисликни танлаган бўлишини айтган;
- фақат 27 фоиз одам дипломни карьеравий муваффақиятнинг асосий омили деб билади — кўпчилик эса тажриба, мослашувчанлик ва кўникмаларга урғу беради;
- 74 фоиз иштирокчи онлайн таълимни қўллаб-қувватлайди, лекин уларнинг фақат учдан бири уни университетга тўлиқ муқобил деб ҳисоблайди.
HeadHunter маълумотларига кўра, иш берувчилар ҳанузгача дипломга эътибор беришса-да, амалий тажриба, ташаббускорлик ва мослашув қобилиятини янада юқори баҳоламоқда.
Ушбу онлайн платформа аввалроқ ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, аҳолининг 41 фоизи 2025 йилда иш жойини ўзгартиришни режалаштиргани маълум бўлганди. Ишни алмаштиришнинг асосий сабаблари сифатида иш ҳақининг етарли даражада эмаслиги (75 фоиз), карьерада ўсиш истиқболларининг йўқлиги (43 фоиз), оғир меҳнат шароитлари (37 фоиз) кўрсатилганди.
Изоҳ (0)