АҚШнинг Эрон ядровий объектларига берган зарбаси оқибатида нефть нархи кескин ошиб кетди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Нефть нархи сўнгги марта январь ойида кескин ошган эди. Brent нефти фьючерслари 23 июнь ҳолатига кўра, бир баррел учун 1,52 долларга ёки 1,97 фоизга ошиб, 78,53 долларни ташкил этмоқда. АҚШнинг West Texas Intermediate нефти эса 1,51 долларга ёки 2,04 фоизга кўтарилиб, 75,35 долларга баҳоланмоқда.
Мутахасислар Эроннинг Ҳормуз бўғозини ёпиши ҳақидаги таҳдидлари сабаб нархлар янада ошишини башорат қилган. Ушбу бўғоздан жаҳон хом ашё таъминотининг тахминан бешдан бир қисми ўтади.
“Ҳозирги геосиёсий кескинлашув нефть нархлари ошишига ва потенциал равишда 100 долларга чиқишига сабаб бўлди. Эндиликда, бир баррел учун 120 доллар борган сари ҳақиқатга яқинроқ кўринмоқда”, деди SS WealthStreet тадқиқот фирмаси асосчиси Сугандҳа Сачдева.
Эрон парламенти бўғозни ёпиш бўйича чора-тадбирни маъқуллаган. Мамлакат ўтмишда бўғозни ёпиш билан бир неча марта таҳдид қилган эди.
“Урушнинг нефть инфратузилмасига зарар етказиш хавфи бир неча баравар ошди. Минтақадан ташқарида муқобил қувур йўллари мавжуд бўлса-да, агар Ҳормуз бўғозига кириш чекланса, хом ашёни тўлиқ экспорт қилиб бўлмай қолади”, деди Sparta Commodities катта таҳлилчиси Жуне Гоҳ.
Американинг трансмиллий инвестиция банки ва молиявий хизматлар компанияси Goldman Sachs’нинг 22 июнь кунги ҳисоботида айтилишича, агар Ҳормуз орқали нефть оқими бир ой давомида 2 бараварга ва кейинги 11 ой давомида 10 фоизга камайса, Brent нархи бир баррел учун 110 долларгача кўтарилиши мумкин. У 13 июнь куни уруш бошланганидан бери 13 фоизга, WTI эса 10 фоизга ошиб кетганди.
Ҳормуз бўғози Эрон миллий даромадларининг муҳим манбаи экани ҳисобга олинса, унинг ёпилиши мамлакатга жиддий иқтисодий зарар етказиши мумкин.
Изоҳ (0)