ССВ Ўзбекистонда болалар орасида Коксаки вируси авж олаётгани ҳақидаги хабарлар асоссиз эканини маълум қилди.

“Ҳозиргача Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси қошидаги ҳамда Вирусология илмий-тадқиқот институтининг лабораторияларида Коксаки вируси аниқлагани йўқ. Демак, юртимизда мазкур касалллик кенг миқёсда тарқалди, деган фикрга келиш учун асос мавжуд эмас”, деган Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков.
Унинг билдиришича, мазкур хасталикни келтириб чиқарадиган вирусни дунёнинг исталган жойида учратиш мумкин. Ўзбекистонда ҳам вақти-вақти билан қайд этилади. Коксаки вируси учун махсус даволаш протоколлари мавжуд ва хасталик ҳеч қандай асоратларсиз тўлиқ тузалиб кетади.
Коксаки вируси ҳақида
Нурмат Отабековнинг тушунтириш беришича, вируснинг бундай номланишининг сабаби — илк бор АҚШнинг Коксаки шаҳрида аниқланган ва у энтеровируслар оиласига мансуб, дейди мутахассис. — Унинг 70 дан ортиқ тури бўлиб, асосан, А ҳамда V турлари учрайди.
Касаллик кўпинча болаларда учрайди. Аниқроғи, унга мойил аҳоли қатлами 3-10 ёшдаги ўғил-қизлар ҳисобланади. Катталарнинг хасталаниши эса жуда кам кузатиладиган ҳолатдир. Шунинг учун ҳам болаларга хос клиник белгиларни кузатиш мумкин. Яъни касаллик тана ҳароратининг кескин ошиши (39-40 даражагача), бош оғриғи, уйқисизлик, ҳолсизлик билан бошланиб, 2-4 кундан кейин иситма аста-секин пасая бошлайди. Шунингдек, оддий шамоллаш белгилари, ичакдаги баъзи безовталиклар, жумладан, ич кетиши, кўнгил айниши, қайт қилиш кабилар кузатилиши мумкин.
Коксаки вирусига учраганида болаларнинг қўл ва оёғининг олд қисми ҳамда оғзининг шиллиқ қаватида турли тошмалар пайдо бўлади. Баъзи ҳолларда ютинишнинг қийинлашиши, кичик ярачалар пайдо бўлгани учун стоматитга хос томоқда оғриқлар кузатилади. Бу эса иситма кўтарилиши ва иштаҳанинг пасайишига олиб келади.
Баъзан асосий белгиларга қўшимча равишда бош оғриғи, лимфа тугунларнинг катталашиши кабилар ҳам кузатилиши мумкин.
Касаллик, асосан, ёз ойларида болалар очиқ ва умумий чўмилиш сув ҳавзаларидан фойдаланганда ва беморлар билан бевосита мулоқот қилган вақтда юқади. Хасталикнинг яширин даври 2-10 кунгача бўлиб, баъзи ҳолларда 2-5 кун давом этади.
Нурмат Отабеков зинҳор ўзбошимчалик билан беморга бактерия ва вирусга қарши препаратларни бериш керак эмаслигини, сабаби Коксаки вирусига бу дори воситалари умуман таъсир қилмаслигини билдириб ўтди. Агар болада клиник белгилар пайдо бўлиб, улар оғирроқ кечаётган бўлса, у ҳолда тиббиёт ходимларига мурожаат қилиш ва спесифик даволаш чораларини кўриш керак.
2025 йил бошларида эса Ўзбекистонда ўткир респиратор вирусли инфекциялар авж олгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Нурмат Отабеков хавотирланишга асос йўқлигини, мамлакатда мавсумий респиратор касалликлар тарқалиши билан боғлиқ вазият барқарорлигини маълум қилганди. Хитойда HKU5-CoV-2 номли янги вирус аниқлангани тўғрисидаги хабарлар ҳам рад этилди.
Изоҳ (0)