Атрофдагиларга бўлган ишонч одамни бахтлироқ қилади ва аксинча: инсон қанчалик бахтли бўлса, бошқаларга ишониши ҳам шунчалик осон бўлади. Утрехт университети ва бошқа бир нечта илмий ташкилот олимлари 2,5 миллиондан ортиқ одам иштирок этган қарийб мингта тадқиқотни таҳлил қилиб, ана шундай хулосага келди.

Бу таъсир қисқа муддатда ҳам, узоқ муддатда ҳам намоён бўлади: бошқаларга ишонадиган одамлар вақт ўтиши билан янада бахтлироқ бўлиб боради, бахтли одамлар эса кўпроқ ишонувчан бўла бошлайди. Тадқиқотчилар бу ҳолатни “ишонч ва бахтнинг ўзаро боғлиқ айланаси” деб атамоқда.
Бахт ҳиссига энг кучли таъсир қиладиган омил бу яқинлар, яъни дўстлар, қариндошлар ва ҳамкасбларга бўлган ишончдир. Кейинги ўринда нотаниш одамларга нисбатан умумий ишонч туради. Энг охирида эса давлат, турли ташкилотлар ва ҳукумат тузилмаларига бўлган ишонч жой олади. Бу турдаги ишонч ҳам ҳиссий ҳолатга сезиларли даражада таъсир кўрсатади.
Ишонч ва бахт ўртасидаги боғлиқлик айниқса болалар, ўсмирлар ва кексалар орасида кучлироқ намоён бўлади. Ёшлар учун ишонч муҳим ижтимоий алоқаларни шакллантиришда аҳамиятли бўлса, ёши катталарда атрофдагилар ёрдами ва қўлловига эҳтиёж кучайгани сабабли долзарб бўлиб қолади. Ўрта ёшдаги одамларда бу боғлиқлик унчалик кучли эмас, чунки бу ёшда инсонлар одатда мустақил бўлади ва иш фаолиятига кўпроқ эътибор қаратади.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, аҳолининг бир-бирига ўзаро ишончи кучли бўлган а мамлакатлар, масалан, Финляндия ва Данияда инсонлар ўзини янада бахтли ҳис қилади. Олимлар бундай жамиятларда психологик саломатлик учун янада қулай муҳит яратилишини мумкинлигини қайд этмоқда.
Олимларнинг айтишича, ишонч ва бахт бир-бирини қандай мустаҳкамлаши ҳақида тушунча бўлиши, одамларнинг руҳий ҳолатини яхшилашга қаратилган ижтимоий лойиҳалар учун фойдали бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)