Глобал исиш туфайли одамларда ухлаётган пайт нафас тўхтаб қолиши — яъни уйқу апноэси ҳолатлари тобора кўпаймоқда. Бу инсон саломатлигига жиддий таҳдид солади. Австралиянинг Флиндерс университети уйқу бўйича мутахассиси Бастиэн Лешат янги тадқиқотини эълон қилди.

Олим 41 та мамлакатдаги 116 мингдан ортиқ инсоннинг тўшак остига ўрнатилган сенсорлар орқали йиғилган уйқу маълумотларини таҳлил қилган. Натижаларга кўра, тунда ҳаво ҳарорати +27 даража атрофида бўлган кечаларда обструктив уйқу апноэси ҳолатлари салқин кечаларга нисбатан 45 фоизга кўпроқ кузатилган.
Бу ҳолат аллақачон жиддий салбий оқибатларга олиб келмоқда. Биргина 2023 йилда аномал иссиқлик билан боғлиқ уйқудаги нафас тўхташи (апноэ) ҳолатлари 29 мамлакатда 785 минг йилга тенг соғлом умр йўқотилишига сабаб бўлган. Иш унумдорлигининг пасайиши эса дунё бўйлаб иқтисодиётга 30 миллиард доллар зарар етказган.
Мутахассислар огоҳлантиришича, агар глобал ҳарорат саноат давридан олдинги даражадан яна 1,8 даражага ошса, саломатликка тушаётган юк яқин ўн йилликларда икки баравар, 2100 йилга бориб эса уч баравар ошиши мумкин.
Тадқиқот, шунингдек, минтақалар ўртасидаги фарқларни ҳам кўрсатган. Масалан, кондиционер камроқ тарқалган Европада иссиқликнинг уйқу апноэсига таъсири АҚШ ёки Австралияга қараганда кучлироқ бўлган. Лешат бу ҳолат совитиш тизимларидан фойдаланиш имконияти билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Иссиқ тунлар ҳатто уйқу бузилиши бўлмаган одамларда ҳам уйқу сифатини пасайтираётгани кузатилган. One Earth журналида чоп этилган Fitbit глобал маълумотларига кўра, иссиқлик тўлқинлари одамларда кечроқ ухлаш, эрта уйғониш ва тўлиқ дам олмаслик ҳолатларига сабаб бўлмоқда.
Уйқу апноэсининг оғирлик даражаси Апноэ-гипопноэ индекси (AHI) билан ўлчанади. AHI 30 дан ошса, бу ҳолат “оғир” ҳисобланади. Шундай ҳолатларнинг 45 фоизга ортиши эса жиддий хавфга сабаб бўлади.
Олимлар глобал исишга қарши чоралар кўриш зарурлигини таъкидлайди. Жумладан, вентилятор, кондиционер, салқин чойшаб уйқуни сақлаб қолиш учун оддий, аммо муҳим чоралар сифатида тавсия қилинмоқда. Бироқ бундай совитиш технологияларига эга бўлмаган миллионлаб одамлар учун бу масала яқин йилларда кучайиб борувчи муаммога айланиши мумкин.
Яқинда ўтказилган бошқа бир тадқиқот шуни кўрсатдики, тунги ҳароратнинг атиги 1 даражага кўтарилиши Хитойда одамларнинг уйқу вақтини кунига ўртача 10 дақиқага қисқартириши мумкин.
Изоҳ (0)