Ўзбекистонда Германия университети ташкил этилади, деб хабар бермоқда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги.

Маълум қилинишича, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов Германияга амалий сафари доирасида Кётен шаҳридаги Анхалт амалий фанлар университетига ташриф буюрди. Сафар чоғида у мазкур университет президенти, профессор Ёрг Багдан билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашувнинг марказий мавзуси Ўзбекистонда Германия университетини ташкил этиш масаласи бўлди. Сарвархон Бузрукхонов мазкур ташаббусни амалга оширишда Анхалт амалий фанлар университети тажрибаси ва салоҳияти муҳим ўрин тутиши мумкинлигини қайд этди.
Томонлар университетлараро муносабатларни кенгайтириш, таълим ва илмий тадқиқот соҳаларида инновацион ёндашувларни жорий этиш, шунингдек, талабалар ва профессор-ўқитувчилар ўртасида академик алмашинувни йўлга қўйиш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.
Сафар доирасида Ўзбекистон делегацияси Анхалт амалий фанлар университетида яратилган шароитлар, жумладан талабалар учун қулай ётоқхоналар, замонавий ўқув лабораториялари ва илғор технологиялар билан жиҳозланган ўқув базаси билан яқиндан танишди.
Учрашув давомида Ўзбекистонда Германия университетини ташкил этишнинг дастлабки босқичида бир неча муҳим таълим йўналишлари: электротехника ва компьютер муҳандислиги, йирик маълумотлар фани ҳамда сунъий интеллект (Data Sciyencye and AI), шунингдек, халқаро бизнес бўйича дастурларни йўлга қўйиш таклиф этилди.
Бу ташаббус Ўзбекистонда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, Европа стандартлари асосида билим бериш ва Германиянинг илғор академик анъаналарини жорий этиш борасида муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
2024 йилнинг сентябрида ўзбекистонликлар учун Германияга миграция масаласида бир қатор енгилликлар ишлаб чиқилаётгани маълум қилинганди. Ўша йили Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон—Германия олий даражадаги музокаралари натижасида бир қатор ҳужжатлар имзоланганди. Улар орасида “Миграция ва мобиллик соҳасида ҳар томонлама шериклик тўғрисида” ҳукуматлараро битим ҳам бор эди.
Ўзбекистон олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежларининг дипломлари Германияда тан олинишига эришиш ҳам режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)