Кўпчилигимиз очиқ дераза билан ухлашни, тоза ҳаво ва табиат товушларидан баҳра олишни ёқтирамиз. Маълум бўлишича, бу оддий ҳаракат ҳарорат, намлик ва шовқин даражаси каби ташқи омилларга қараб соғлиғимизга ҳам ижобий, ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин экан, дея хабар беради Теngri Life.

Деразани очиб ухлашнинг эҳтимолий фойдалари
Уйқу шароитини ўзгартиришдан олдин, айниқса, сурункали касалликлар мавжуд бўлса, албатта, шифокор билан маслаҳатлашишни тавсия этамиз!
Деразани очиб ухлашнинг асосий афзалликларидан бири хонада ҳавонинг яхши айланишидир. Очиқ дераза хонада ҳаво айланишига ёрдам беради, карбонат ангидрид даражасини пасайтиради ва янада тоза муҳитни таъминлайди. Бу уйқу сифатини сезиларли даражада яхшилаши мумкин, буни 2017 йилдаги тадқиқот ҳам тасдиқлаган. Унда деразани очиб ухлаган иштирокчилар уйқу сифати яхшиланганини қайд этишган.
Тадқиқот муаллифи, доктор Асит Мишра таъкидлашича, ётоқхонада ёмон ҳаво алмашинуви шароитида биз ўзимизни турли хил ифлослантирувчи моддалар таъсирига дучор қиламиз, бу эса уйқу сифатига салбий таъсир кўрсатади.
Очиқ дераза ётоқхонада қулай ҳароратни сақлашга ёрдам беради, бу эса яхши уйқуга кўмаклашади. Шуни таъкидлаш керакки, салқинлик уйқу сифатини яхшилайди, аммо ҳарорат жуда паст бўлса, бу ноқулайлик келтириб чиқариши мумкин. Бундай ҳолларда совқотмаслик учун адёллардан фойдаланиш ёки иссиқроқ кийиниш мақсадга мувофиқ бўлади.
Деразани очиб ухлашнинг салбий томонлари
Аммо деразани очиш ҳар доим ҳам мақсадга мувофиқ эмас. Шаҳар шароитида кўча шовқини уйқуга халақит бериши мумкин. Машиналар, одамларнинг гаплари ёки бошқа манбалардан чиқадиган шовқин тинчликни бузиб, дам олишга тўсқинлик қилади. Қишлоқ жойларда эса бу ҳайвонларнинг, айниқса, қушларнинг тонг отишидан анча олдин сайрай бошлаши билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Агар ташқарида ёмғир ёғаётган ёки кучли шамол эсаётган бўлса, деразани ёпган маъқул, чунки бундай шароитда шамоллаш ёки ҳарорат ўзгариши туфайли ноқулайлик пайдо бўлиши эҳтимоли ортади.
Сурункали нафас йўллари касалликлари, масалан, астма ёки аллергик ринит билан оғриган одамлар учун тунда очиқ турган деразалар безовталик манбайи бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)