Тушлар шунчаки кечаси кўрилган тасодифий воқеалар эмас. Баъзида улар соғлиғимиз, руҳий ҳолатимиз ёки яширин хавотирларимиз ҳақида маълумот беради. Хўш, тушлар ортида яна қандай сабаблар яширинган бўлиши мумкин?

Тушлар қандай юзага келади ва улар психолог ҳамда шифокорлар томонидан қандай талқин қилинади?
Аллан Ҳобсон ва Роберт Маккарли томонидан таклиф қилинган тушларнинг активация-синтез моделига кўра, тушнинг қисқа фазасида мия фаоллашади ва унда гипокамп иштирокидаги нейрон занжирлари ишга тушади. Бу жараёнда тасодифий образлар ва фикрлар пайдо бўлади, мия эса уларни мантиқли ҳикояга айлантиришга уринади. Шу тарзда тушлар вужудга келади.
Инсонлар ўртача ҳар кеча икки соат давомида туш кўради. Одатда тушлар уйғонгандан сўнг дарҳол унутилади, лекин ёрқин ва катта эътиборга молик образлар йиллар давомида хотирада сақланиб қолиши мумкин.
Зигмунд Фрейд тушларни талқин қилишда “эркин ассоциация” усулини таклиф қилган: у беморлар кўрган нарсаларни ўзи қандай англашини айтишларини сўрар, яъни фикр юритишга эркинлик берарди. Шундай йўл билан Фрейд хулоса қилган: тушлар бу болаликда бостирилган орзу-истакларнинг яширин шаклдаги ифодасидир.
Карл Юнг эса Фрейднинг ғояларини ривожлантириб, “коллектив онгсизлик” назариясини илгари сурди — бу инсон онгининг чуқур қатлами бўлиб, у турли маданият ва даврлар одамларига хос умумий белгиларни ўз ичига олади. Карл Юн сўзларига кўра, тушлар онг остининг инсон ихтиёрига боғлиқ бўлмаган жараёндир.
Тушларни илмий асосда таҳлил қилиш янги соҳа ҳисобланади. Ҳозирда олимлар нега одамлар туш кўради, деган саволга бир неча назариялар билан жавоб беришади. Масалан, тушлар ҳиссиётларни қайта ишлаш, яқинда юз берган воқеаларни таҳлил қилиш, ахборотни саралаш ва керакли фактларни хотирада сақлаб қолишга ёрдам бериши мумкин. Мисол учун, агар сиз кун давомида имтиҳонга тайёрланган бўлсангиз, туш бу билимларни қисқа муддатли хотирадан узоқ муддатли хотирага ўтказишда ёрдам беради.
Қўрқинчли тушлар кўришнинг сабаблари

- Стресс ва хавотир
Баъзида даҳшатли тушлар кундалик муаммолар — уй ёки ишдаги қийинчиликлар, яқин инсоннинг вафоти каби катта ўзгаришлар билан боғлиқ бўлади. Бироқ бундай тушлар ҳар доим ҳам салбий таъсир кўрсатмайди. Улар оғир ҳолатларни ҳис-туйғуларсиз қайта бошдан кечириш имконини бериб, аста-секин салбий ҳисларни енгиллаштиришга ёрдам беради, дейди Париж шифохонасидаги уйқу патологияси бўлими бошлиғи Изабел Арнулф.
- Депрессия ва бошқа руҳий касалликлар
Шахсиятнинг бузилиши ёки посттравматик стресс синдромидан азият чекаётган инсонларнинг 70% гача бўлган қисми мунтазам равишда даҳшатли тушлар кўради. Улар депрессия, биполяр бузилиш ва шизофрения касаллигига чалинганларда ҳам учрайди. Клиник депрессияси бўлган беморлар бошқаларга қараганда икки баравар кўпроқ даҳшатли туш кўришади. Даволаниш курслари бошлангач, бир неча ҳафтада тушлар тобора яхшиланади.
- Жисмоний касалликлар
Тушдаги безовталик юрак касалликлари, қандли диабет, ревматоид артрит билан бирга кечиши мумкин. Паркинсон касаллигига чалинишдан олдин ҳам беморлар қўрқинчли тушларни кўп кўради.
Баъзида такрорланувчи оғир тушлар апноэ — уйқуда нафас тўхташи билан боғлиқ бўлади. Масалан, бир бемор 10 йил давомида бир хил тушни кўрган, тушида у бўйинини шиша идиш оғзига тиқиб, бўғилиб қолаверган. Психоаналитик билан суҳбатдан сўнг, у бу ҳолатни туғилиш жараёнининг қайта ифодаси деб талқин қилган. Аслида эса у тушида ҳар дақиқада бўғилиб қолган, айнан шу дақиқада апноэ содир бўлган. Кейин шифокорлар унга махсус сунъий нафас олдирувчи аппаратини қўйгач, қўрқинчли тушлар тўхтаган.
- Дорилар ва психоактив моддалар
Баъзида даҳшатли тушларнинг сабаби касаллик эмас, балки дори-дармонлар билан боғлиқ бўлади. Масалан, антидепрессантлар, аллергияга қарши воситалар, босим ва холестеринни пасайтирувчи дорилар шундай таъсир кўрсатиши мумкин.
Шунингдек, алкоголь, марихуана, кокаин ва бошқа наркотиклар истеъмол қилиниб, кейин организмдан чиқаётганида ҳам даҳшатли тушлар кўп кўрилади.
Қўрқинчли тушлардан қандай қутулиш мумкин?
Аввало, уларнинг сабабини аниқлаш лозим. Агар муаммо дори-дармонларда бўлса, дозани ўзгартириш ёки бошқа дори танлаш керак. Агар сабаб депрессия ёки бошқа психологик касаллик бўлса, мутахассислар ёрдамига мурожаат қилган афзал.
Шунингдек, “образли такрорлаш терапияси” деб аталувчи усул қўлланилади — бу когнитив терапия йўналиши бўлиб, одам тушини ёзиб боради ва унга ижобий якун ўйлаб топади. Кечқурун эса шу қайта ёзилган версияни ёддан такрорлаб ўқийди. Бу усул тушда кўришни истамаган образ ва ҳолатларни сиқиб чиқаришга ёрдам беради. Натижада даҳшатли тушлар сони камаяди.
Изоҳ (0)