Организмдаги ортиқча туз соғлиқ учун жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин. Шунинг учун бу ҳолатни ўз вақтида аниқлаб, чоралар кўриш зарур. Одатда бундай ҳолатда танада шишлар пайдо бўлади, бироқ бу ҳар доим ҳам кўзга ташланмайди. Туз ортиқлигини аниқлашга ёрдам берувчи бошқа белгилар ҳақида эндокринолог ва овқатланиш бўйича мутахассис Даря Хайкина сўзлаб берди.

“Танада туз кўплигини қандай билиш мумкин? Кўп ҳолларда бу жуда оддий: агар эрталаб юзда ёки қўлларда шиш пайдо бўлса, узуклар бармоққа сиғмаса, демак, тузни камайтириш керак. Аммо кўпчилик шундай ўйлайди: агар шиш бўлмаса, демак, муаммо йўқ. Аслида эса туз ортиқлиги ташқи белгиларсиз ҳам намоён бўлиши мумкин. Кўпинча бу ҳолат оддий чарчоқ, иссиқ ҳаво ёки ёши улғайгани билан изоҳланади. Натижада организм юбораётган огоҳлантирувчи сигналлар эътибордан четда қолади”, дейди шифокор.
1. Доимий чанқоқ
Туз кўплигининг энг асосий белгиларидан бири бу чанқоқнинг йўқолмаслигидир. Сув ичганингизда ҳам оғиз қуриб тургандек туюлади, лаблар қурийди, тил дағаллашади. Қон таҳлилларида глюкоза меъёрда бўлса ҳам, чанқоқ қонмайди. Бундай ҳолат ҳар доим ҳам сувсизланишни англатмайди, кўпинча бу қондаги туз миқдорининг ортганидан далолат беради. Тана кўпроқ сув талаб қилишига қон қуюқлашгани ҳам сабаб бўлади.
2. Қон босимининг ўзгариши ва бош оғриғи

Туз танада суюқликни ушлаб қолади, натижада қон ҳажми ортади ва бу қон томирларига босимни кучайтиради. Бу эса, айниқса, тузга сезгир одамларда бош оғриғи, чакка соҳасида пулс, қон босими кўтарилиши ва умумий ҳолсизликка олиб келиши мумкин. Ҳатто илгари бундай муаммога дуч келмаган одамда ҳам босим ўзгариши кузатилади.
3. Юрак уришининг тезлашиши ва безовталик
Ортиқча туз юракка юкни оширади. Натижада юрак тинч ҳолатда ҳам тез уради, айрим ҳолларда юрак уришида узилишлар сезилади, асабийлик, тушкунлик, сабабсиз хавотир пайдо бўлади. Бу ҳолатлар психологик муаммо эмас, балки организмнинг электролит мувозанати бузилганидан дарак.
4. Тузли овқатга иштаҳанинг ортиши ёки уни хоҳламаслик

Тузга бўлган қарамлик ҳам ана шундай белгилардан биридир. Кимдир шўр овқатга ўрганиб қолган бўлса, мия уни яна талаб қила бошлайди. Бу ҳолат шакарга бўлган қарамликка ўхшайди. Бошқа одамлар эса, аксинча, озгина туз қўшилган бўлса ҳам, овқатни ҳаддан ташқари шўр ҳис қилади. Бу организмнинг ўзини ҳимоя қилишга уринишидир.
5. Мушакларда қалтираш ва қотишлар
Туз мувозанати натрий, калий ва магний каби элементлар балансига таъсир қилади. Уларнинг номутаносиблиги мушакларда қалтираш, айниқса, кечаси оёқларда тўсатдан сиқилиш, белда қаттиқлик, танада енгил титроқ пайдо бўлишига олиб келади.
Изоҳ (0)