Оғиз бўшлиғида кариеснинг ривожланишига кўплаб маҳсулотлар сабаб бўлади. Ажабланарлиси, уларнинг аксарияти одатда организм учун фойдали маҳсулотлар ҳисобланади. Шунинг учун уларни бутунлай рациондан чиқариб ташлаш шарт эмас. Фақатгина менюни бир оз мослаштириш ва баъзи қоидаларга амал қилиш кифоя. Қуйидаги маълумот ота-оналар учун муҳим, чунки фарзандларда кариес ривожланишининг олдини олиш илк тишлар чиққаниданоқ бошланади.

Қандай маҳсулотлар тишларга зарар етказади?
Баъзи кислоталар тишнинг қаттиқ тўқималарига таъсир қилиб, улардаги минерал моддаларни ювиб чиқаради. Сўнг тишнинг органик қатлами емирила бошлайди ва кариес пайдо бўлади.
Тишларда патологик жараёнларни қўзғатувчи икки гуруҳ маҳсулот мавжуд:
- Органик кислоталарни ўз ичига олган маҳсулотлар;
- Оддий углеводлар.
Биринчи гуруҳга қуйидагилар киради:
- ҳар қандай мевалар;
- нордон сут маҳсулотлари (кефир, йогурт, ряженка);
- сут (у ҳам оғизда ферментлар таъсирида кислотага айланади).
Иккинчи гуруҳга кирувчи оддий углеводлар эса тўғридан тўғри эмас, билвосита зарар етказади. Оғиз бўшлиғида фойдали ҳамда зарарли бактериялар яшайди. Зарарли бактериялар учун озуқа манбайи айнан оддий углеводлар бўлиб, улар натижасида кислота ишлаб чиқарилади.
Хавфли маҳсулотлар рўйхатига қуйидагилар киради:
- шакарнинг барча турлари, шакарли таомлар ва ичимликлар;
- мева, резавор ва қуруқ мевалар таркибидаги фруктоза;
- сут маҳсулотларидаги лактоза.

Мевалар ва нордон сут маҳсулотлари тишларга икки карра зарба беради, чунки улар бир вақтнинг ўзида ҳам оддий углеводлар, ҳам кислоталарни ўз ичига олади. Масалан, болага кефир билан олмали пюре бериш одати тишларга янада кўпроқ зарарли.
Кариес ривожланишининг олдини олиш
Қандолат маҳсулотларининг ўрнини босадиган фойдали муқобиллар мавжуд. Масалан, болаларга ксилит асосидаги маҳсулотларни таклиф қилиш мумкин: бу модда шакар каби шириндир, аммо кариесга сабаб бўлмайди, ҳаттоки оғиз микрофлорасини нормаллаштиришга ёрдам беради. Яна бошқа хавфсиз вариантлардан эритритол ва стевияларни айтиш мумкин (шифокор билан маслаҳатлашинг!). Шунингдек, зарарли маҳсулотларни истеъмол қилгандан сўнг дарҳол тишларни ювиш тавсия этилади.
Яна икки муҳим қоидага амал қилиш керак:
- ширинликлар оғизда узоқ вақт қолмаслиги;
- уларнинг тиш билан доимий алоқада бўлишига йўл қўймаслик лозим.
Шу боис карамеллар ва ирислар рациондан бутунлай чиқарилиши керак бўлган маҳсулотлар саналади. Агар болада ширинлик ейиш истаги жуда кучли бўлса, кун бўйи оз-оздан беришдан кўра, бир мартада бир оз кўпроқ миқдорда едирган яхши, чунки кун бўйи истеъмол қилиш кислота ҳажмини кўпайтиради.

Тиббиётда энг хавфсиз ширинлик юқори какао миқдорига эга қора шоколад ҳисобланади. Унинг таркибида теобромин моддаси мавжуд бўлиб, тиш тўқималарининг минералларини қайта тиклашга ёрдам беради.
Изоҳ (0)