Интернет фойдаланувчилари шампун таркибидаги гидантоин моддаси саратонни келтириб чиқариши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Ҳақиқатдан ҳам шундайми? Ушбу саволга трихолог-шифокор жавоб беради.

Гидантоин нима?
“DMDM Hydantoin — бактерия ва замбуруғлар ўсишига қарши самарали консервант. Косметик маҳсулотнинг сувли фазасида компонент гидролизланади ва эркин формалдегидни чиқаради. DMDM Hydantoin консервантининг дозаси кичик (АҚШда — 1 фоизгача, Европада — 0,6 фоизгача) бўлиб, шампун таркибида формалдегид даражаси қатъий чекланган (0,2 фоизгача)”, деди сочлар саломатлиги бўйича мутахассис Ася Зубкова.
Экспертнинг қўшимча қилишича, консервант маҳсулотни микробиал ифлосланишдан ҳимоя қилади. У инсон организмида оз миқдорда ишлаб чиқарилади, қонда, меваларда ва баъзи озиқ-овқатларда ҳам мавжуд. Шунинг учун агар сизда уларга сезувчанлик бўлмаса, бундай консервантлардан қўрқишнинг ҳожати йўқ.

Шампун таркибига нималар киради?
Одатда шампун таркибига 10 дан 30 гача бўлган фаол компонентлар киради. Мутахассислар улар орасида қуйидагиларни ажратиб кўрсатишади:
* Тозалаш воситалари (шампуннинг барқарорлигига ёрдам беради);
* Сочларга юмшоқлик ва жило берувчи воситалар;
* Сочларнинг чигаллашишига тўсқинлик қилувчи воситалар;
* Муайян муаммоларни ҳал қилишга мўлжалланган воситалар (қазғоқ, сочларнинг ёғлилиги ва бошқалар);
* Консервантлар, парабенлар, бензофенонлар;
* Пропилен гликол, Э витамини;
* Сув, сирт фаол моддалар, юмшатувчи компонентлар;
* Қуюлтиргичлар, консервантлар (маҳсулотнинг ишлатишда ёқимли ва барқарор бўлишига ёрдам беради).
Албатта, баъзи компонентларга нисбатан таъсирланишлар бўлиши мумкин, аммо бу шампунлардан фойдаланиш мумкин эмас дегани эмас. Косметика ишлаб чиқарувчилари учун зарарли ҳисобланган, лекин рухсат этилган консервантлар рўйхати қонунчилик билан белгилаб қўйилган. Шунинг учун дўкон жавонида хавфли воситани топиш деярли имконсиз.
Шампунни қандай танлаш керак?

Дерматолог Екатерина Кандинская шампунни ўз эҳтиёжларингиздан келиб чиқиб танлашни маслаҳат беради. “Агар бош терингиз ёғланишга мойил бўлса, унда бу турга мўлжалланган шампунларни танлаганингиз маъқул. Шуни ёдда тутиш керакки, айнан сиз учун мукаммал шампун мавжуд бўлиб, у нафақат ўз вазифасини бажаради ва таъсирланишни келтириб чиқармайди, балки фойдаланиш учун ҳам ёқимли ва қулайдир”, дейди у.
Шампун саратонга сабаб бўлиши мумкинми?
Турли манбаларда соч шампуни баъзи компонентларининг (масалан, бензол) потенциал хавфи ҳақида маълумот топиш мумкин бўлса-да, ҳозирги вақтда формалдегиднинг саратонга олиб келиши ҳақида ҳеч қандай тадқиқот йўқ. Одатда фақат катта концентрацияларда нафас олаётган косметика ишлаб чиқариш ходимлари хавф остида. Бу косметика ёки истеъмолчига тааллуқли эмас. Иккала эксперт ҳам шампун саратонга сабаб бўлиши мумкин эмаслигини тасдиқлашди.
Изоҳ (0)