Қуёш аллергияси кенг тушунча бўлиб, бир нечта ташхисларни ўз ичига олади. Уларнинг умумий белгиси теридаги қичишиш ва тошмадир. Қуёшда куйишдан (терининг ултрабинафша нурлари таъсирида шикастланиши) фарқли ўлароқ аллергия иммунитет тизимининг ултрабинафша нурларига нисбатан реакциясидир. Кимдадир аломатлар енгил кечса, бошқалар умуман қуёшда юра олмайди.
Хавф гуруҳидагилар
Умуман олганда, нима учун айрим одамларда қуёшга аллергия пайдо бўлиши, бошқаларда эса йўқлиги ҳали ҳам аниқ эмас. Олимлар бунда ирсият рол ўйнаши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бошқа хавф омиллари қаторига қуйидагилар киради:
- оқ тери;
- маълум моддалар ва препаратлар (хушбўйлантиргичлар, дезинфекцияловчи воситалар, қуёшдан ҳимояловчи воситаларнинг айрим таркибий қисмлари) билан алоқада бўлиш;
- дори-дармонлар — тетратциклин қаторидаги антибиотиклар, сулфаниламидлар асосидаги препаратлар ва кетопрофен каби оғриқ қолдирувчиларни истеъмол қилиш;
- бошқа тери касалликлари: агар сизда дерматит бўлса, қуёшга аллергия хавфи юқори бўлади.
Бундан ташқари, айрим ҳолатларда индивидуал хавф омиллари ҳам мавжуд. Масалан, полиморф ёруғлик тошмаси эркакларга қараганда аёлларда кўпроқ учрайди.
“Қуёш аллергияси”ни қандай аниқлаш ва даволаш мумкин?
Аввало дерматологга мурожаат қилиш керак — сиздаги аломатларни ва қабул қилаётган дори-дармонларингизни айтиб беринг. Шифокор касаллик тарихига асосланиб ташхис қўйиши мумкин. Баъзан қўшимча текширувлар ҳам ўтказилади: терининг қандай таъсирланишини кўриш учун қўлга ултрабинафша нур йўналтирилади.
Бундан ташқари, дерматолог патч-тест ўтказиши мумкин. Бу тест аллергиянинг бошқа турларида ҳам қўлланилади. Мақсад — бирор модда реакциянгизга таъсир қиладими ёки йўқлигини аниқлаш. Бунинг учун махсус диагностик пластирларга таъсирловчи моддалар суртилади, сўнгра бу пластирлар терига ёпиштирилади ва ултрабинафша нур билан ёритилади.
Агар фотосезувчанлик дори, кремдан бўлса, уларни ишлатишни тўхтатиш мақсадга мувофиқ.
Яна “қуёшдан эмлаш” деб аталадиган фототерапия усули ҳам бор. Бунда тери бир неча ҳафта давомида аста-секин ултрабинафша нур билан нурлантирилади. Шундай қилиб тери қуёшга мослашади ва уни яхшироқ қабул қилади.
Тери қуёшга чидамсиз бўлса, нима қилиш керак?
Фақат биргина йўли бор — қуёшда юрманг. Аммо бу қийин, баъзан эса умуман иложи йўқ. Бундай ҳолатда қуёшдан ҳимояланиш чораларини кўриш керак.
- Иложи борича доим сояда бўлинг. Масалан, очиқ хиёбонда эмас, дарахтлар соясидаги хиёбонда сайр қилган маъқул.
- Ишингизни эрта тонг ва кечқурунга режалаштиринг. Қуёш эрталаб соат 10 дан кечқурун соат 16 гача энг кучли бўлади.
- Кенг, ёпиқ кийимлар (масалан, узун зиғир толали юбка, пахтали шимлар), кенг соябонли шляпа, қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақинг. Бу борада корейслардан ўрнак олиш мумкин: улар учун қуёшдан ҳимояланиш деярли одатга айланиб кетган.
- Қуёшдан ҳимояловчи сифатли крем сотиб олинг ва уни барча қоидаларга риоя қилган ҳолда суртинг. Восита барча турдаги ултрабинафша нурлардан (ҳам UVA, ҳам UVB) ҳимоя қилиши ва камида 30 ҳимоя даражасига (SPF) эга бўлиши керак. Уни йил давомида ва ҳатто булутли об-ҳавода ҳам суртиш лозим.
Агар аллергия пайдо бўлса, иложи борича тезроқ хонага ёки ҳеч бўлмаганда сояга ўтинг. Бошқа шошилинч чоралардан терига салқин компресс қўйиш, кўпроқ сув ичиш ва оддий антигистамин дори қабул қилиш тавсия этилади. Аммо дори бўйича шифокор билан маслаҳатлашган маъқул.
Изоҳ (0)