АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳри марказидаги зиёфатда номаълум эркак одамларга қарата ўқ узиши оқибатида 2 киши вафот этди. Бу ҳақда шаҳар полиция бошқармасига таяниб, АBC телеканали хабар бермоқда.

Ҳодиса 4 август, душанбага ўтар кечаси содир бўлган. Лос-Анжелес полицияси қўмондони Летисия Руиснинг айтишича, якшанба куни тахминан соат 23:00 да полиция ходимлари 50-60 киши иштирок этаётган зиёфат ўтаётган бинога югуриб кирган одамни пайқашган.
Ҳуқуқ-тартибот ходимлари шубҳали шахс ортидан кириб, иштирокчилардан бирини ўқотар қуролни ноқонуний сақлаш айби билан қўлга олишган. Шундан сўнг полициячилар бинони ўраб олиб, хонани текширган ва бошқа чақирувга жўнаб кетишган.

Бироқ тун яримдан ўтгач полицияга яна ўша манзилда отишма содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушган. Воқеа жойига етиб борган ходимлар ўқотар қуролдан яраланган бир неча кишини топишган. Жами саккиз киши жабрланган. Улардан иккитасини қутқариб қолишнинг иложи бўлмаган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, ярадорлардан бирининг аҳволи оғир.
“Эҳтимолий гумонланувчилар ва ҳужум сабаблари ҳақида ҳозирча маълумот йўқ”, дейилади хабарда.
Бундан аввал Нью Йорк штатида 28 июль куни қуролланган эркак одамларга қарата ўт очганди. Ҳодиса оқибатида тўрт киши, жумладан, полиция ходими ҳалок бўлганди.
Худди шу куни Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрининг машҳур Ор Тор Кор озиқ-овқат бозорида ҳам қуролли ҳужум содир бўлганди. Ҳужум уюштирган шахс олдин 5 кишига ўқ узиб, кейин ўз жонига қасд қилди.
Изоҳ (0)