Шимолий Норвегия қирғоғидаги ғорда олимлар 75 минг йил аввалги 46 турдаги ҳайвон сутемизувчилар, балиқлар ва қушларнинг суякларини топдилар. Тадқиқотчиларнинг айтишича, бу қадимий экотизим Европада сўнгги музлик даврининг нисбатан илиқ оралиғида мавжуд бўлган. Лойиҳа натижалари Proceedings of the National Academy of Sciences (PNAS) журналида эълон қилинди.

Топилма 1990 йилларда кашф этилган, аммо 2021-2022 йилларгача деярли ўрганилмаган Арне Квамгротта ғоридан топилган. Кенг кўламли қазишмалар шуни кўрсатдики, музликлар чекинишидан сўнг бу ҳудуд муздан холи бўлган. Бу кўплаб ҳайвонлар, жумладан, шимол буғулари, Гренландия китлари, моржлар, Атлантика трескаси ва оқ айиқлар учун қулай шароит яратган.
Шунингдек, ғордан илгари Скандинавияда қайд этилмаган ва ҳозирда Европада йўқ бўлиб кетган деб ҳисобланаётган туёқли леммингларнинг қолдиқлари ҳам аниқланган.

ДНК таҳлили шуни кўрсатдики, ўша даврда бу ҳудудда яшаган ҳайвонларнинг аксарияти совуқ иқлимнинг қайтишига бардош бера олмаган. Уларнинг авлодлари яшаш муҳитининг ўзгариши билан йўқ бўлиб кетган.
“Бу кашфиётлар йўқолиб кетган Арктика дунёсига назар ташлаш ва совуқсевар турларнинг заифлигини тушуниш имконини беради”, дейди тадқиқотнинг ҳаммуаллифи, Борнмут университетидан Сем Уокер.
Олимнинг таъкидлашича, олинган маълумотлар замонавий табиатни муҳофаза қилиш учун ҳам муҳим: бугунги кунда Арктика ҳайвонлари яна тез ўзгарувчан иқлимга, аммо энди янада парчаланган ва чекланган ҳудудлар шароитида дуч келмоқда.

Осло университети профессори Санне Бессенкелнинг қўшимча қилишича, топилган қолдиқлар денгиз ва қуруқлик фаунасини ўз ичига олган мураккаб ва бой қирғоқ экотизимидан далолат беради. Унинг сўзларига кўра, бундай маълумотлар камдан-кам учрайди, чунки Арктикада 10 минг йилдан олдинги ҳаёт излари деярли сақланиб қолмаган.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, қадимги ҳайвонларнинг совуқ қайтишига мослаша олмагани замонавий турлар учун ҳам огоҳлантириш вазифасини ўташи мумкин, чунки улар ҳам шундай иқлим ўзгаришларига дуч келиши эҳтимоли бор.
Изоҳ (0)