Афғонистоннинг БМТдаги расмий ўрни ҳануз тан олинмаётгани сабабли Толибон” матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид ташкилотни кескин танқид қилди. Бу ҳақда Аriana News хабар берди.

Мужоҳиднинг сўзларига кўра, БМТ эндиликда ўзининг бетарафлиги ва мустақиллигини йўқотган.
БМТ бетараф муассаса бўлиб қолиши керак эди. Бироқ ҳозирда у Ғарбнинг сиёсий кўрсатмалари таъсирида фаолият юритмоқда. У ўз самарадорлиги ва мустақиллигини йўқотган, деди у.
Мужоҳиднинг фикрича, ҳозирда БМТда Афғонистон номидан нутқ сўзлаётган дипломат аввалги ҳукумат даврида тайинланган.
У қандай тамойиллар ва қоидаларга асосланиб иш олиб бормоқда? Унинг ички қонунийлиги йўқ ва у Афғонистон халқини ифода этмайди, деди “Толибон” расмийси.
“Толибон” 2021 йил август ойида ҳокимиятни қўлга киритганидан бери халқаро эътирофни талаб қилиб келмоқда. Жумладан, Афғонистонинг БМТдаги ўрнини “Толибон” томонидан тайинланган элчига топшириш чақириғи янграб келади.
Такрорий сўровларга қарамай, БМТ бу борада ҳар йили қарор қабул қилишни кечиктиради. Ҳозирда эса мамлакатнинг БМТдаги вақтинча элчиси сифатида аввалги ҳукумат даврида тайинланган Носир Аҳмад Файқ фаолият юритмоқда.
“Толибон”нинг элчини ўзгартириш борасидаги даъволари Ғарб давлатлари ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қаршилигига учрамоқда. Улар Афғонистонда аёллар ва қизлар ҳуқуқлари чеклангани, сиёсий инклюзивлик йўқлиги ва асосий эркинликлар поймол этилаётгани борасида жиддий хавотир билдирган.
Изоҳ (0)