Ўзбекистонда энерго ресурслар учун давлат бюджетидан субсидия ажратиш келаси уч йилда ҳам тўхтатилмайди. Бу ҳақдаги маълумот Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган Фискал стратегияда келтирилган.

Мамлакатда аҳоли учун паст нархда етказилган газ ва электр энергияси учун давлат бюджетидан субсидия тўлаб келинади. Шу билан бирга, жамоат транспортида аҳолини ташиш харажатларининг бир қисми ҳам бюджетдан қопланади. Фискал стратегияга кўра, энергоресурслар ва транспорт зарарларини ёпиш учун 15,3 триллион сўм субсидия ажратилиши белгиланган. Шундан энг кўп қисми — 7 трлн сўми табиий газ учун ажратилади.
Келаси йилда газга 5,9 трлн сўм, 2027 йилда 5,5 трлн сўм, 2028 йилда 5 трлн сўм субсидия берилади.
2024 йил 18 декабрь куни бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров газга субсидия бериш қачон тўхтатилишини айтганди.
“Субсидиялаш 2025-2026 йилларда ҳам давом этади, 2027 йил кескин пасаяди, 2028 йилдан бошлаб субсидиялар бюджетдан берилмайди”, деган ҳукумат мулозими.
Мамлакатда электр энергияси ва табиий газ нархлари ҳар йили 1 майдан бир маротаба йиллик инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда, 10 фоиздан юқори бўлмаган миқдорда ошириб бориш белгиланган.
Кўплаб иқтисодчилар самарасиз субсидиялашни тўхтатиш кераклигини айтиб келади. Масалан, иқтисодчи Отабек Бакиров Telegramъда 2028 йилда ҳам энергетикани субсидиялаш давом этиши тўғрисидаги хабарни бўлишиб, масалага ўз муносабатини билдирди.
“Ўзи 2023 йилда бошланган энергоислоҳотларнинг бош ғояси паразитлашган энерготизимни субсидиялашдан узиш эди, афсуски, бу ғоя тарифларнинг биринчи ошишидан кейиноқ эсдан чиқиб қолди ва жараён антиреформага айланиб кетди. Қайта-қайта сўров ва эслатишлардан кейин энергетикани субсидиялаш 2028 йилдан тўхтатилиши эълон қилинганди. Кўраяпмизки, ўзбекистонликларни икки карра талаш каналига (чўнтакдан ва бюджетдан) айланиб қолган энергосубсидиялашдан 2028 йилда ҳам воз кечишмоқчи эмас. Бу худди тарифларни оширишни 3 йилга тўхтатиш қоидасини унутиб, оширишда давом этишни эълон қилиш сингари. Айтилаверади, қайтилаверди. Биринчи марта эмас-ку”, деб ёзган иқтисодчи.
Стратегик ислоҳотлар агентлиги директорининг биринчи муовини, иқтисод фанлари доктори Абдулла Абдуқодиров ҳам “Дарё”га берган интервьюсида субсидия масаласига тўхталганди.
“Биз энергетикага қарам бўлиб қолганмиз. Ҳозирда энергетика соҳасидаги суверенлик йўқлиги факт. Шунинг учун энергия ресурсларини импорт қилишга мажбурмиз ва бу соҳага давлат бюджетидан кетаётган субсидиялар миқдори жуда ҳам юқори. Иқтисодчи сифатида ўйлайманки, биз бюджет харажатларини қисқартиришда биринчи навбатда субсидиялар ва инвестицияларга эътибор қаратишимиз керак. Ижтимоий харажатларга эмас. Субсидия билан инвестиция харажатлари бюджетдан кетмаслиги керак. Буни биз имкони борича қисқартиришимиз зарур”, деган олим.
Фискал старегияда ёзилишича, келгуси йиллларда ҳам давлат бюджетидан ажратиладиган умумий субсидиялар миқдори ошириб борилади. Жумладан, 2025 йилда мамлакатда турли соҳалар учун жами 28,3 трлн сўм субсидия ажратилиши белгиланган. 2026 йилда бу рақам 28,8 трлн сўмга, 2027 йилда 29 трлн сўмга, 2028 йилда 30,2 трлн сўмга етади.
Изоҳ (0)