Россиянинг Узоқ Шарқида жойлашган Камчатка яриморолидаги “Ключевская Сопка” вулқони 8,8 магнитудали кучли зилзиладан сўнг отилишни бошлади. Бу ҳақда Россия Фанлар академиясига таяниб Anadolu хабар берди.

Дастлабки маълумотларга кўра, вулқоннинг ғарбий ён бағрида қайноқ лава оқими кузатилмоқда. Ҳудудда кучли ёруғлик, чақнаш ва аланга қайд этилмоқда. Россия ҳукумати яриморолдаги мактабларга ўқув жараёнини вақтинча тўхтатиб туришни буюрган.
Евросиё қитъасидаги энг баланд фаол вулқон
“Ключевская Сопка” (Ключевской) — Камчатка яриморолининг шарқий қисмида жойлашган фаол вулқон бўлиб, у Евросиё материгидаги энг баланд ва фаоли саналади. Унинг ёши тахминан 7000 йилга тенг. Вулқон баландлиги денгиз сатҳидан 4688 дан 4750 метргача ўзгариб туради.
Камчаткадаги зилзила: 8,8 магнитуда ва кучли афтершоклар
Камчатка яриморолида 30 июль куни 8,8 магнитудали кучли зилзила содир бўлганди. АҚШ Геологик хизмати хабарига кўра, ер силкиниши Петропавловск-Камчацкий шаҳридан 119 км жануби-шарқда, тахминан 20 км чуқурликда содир бўлган. Асосий зилзиладан кейин ҳудудда яна 6,9 ва 6,3 магнитудали афтершоклар (иккинчи даражали ер силкинишлари) қайд этилган.
Маълумот учун, Камчатка дунёдаги “олов ҳалқаси” деб аталадиган геологик фаол минтақанинг бир қисмидир. Бу ҳудуд Тинч океани ҳудудида жойлашган ва кўплаб йирик вулқонлар ва зилзилалар айнан шу ерда юз беради.
Изоҳ (0)