Наманган вилояти Чуст туманида ҳаракатланаётган машина томига ўтириб, видео олган аёлга чора кўрилди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ хабар берди.

Маълум қилинишича, Чуст туманида ҳаракатланиб кетаётган Gentra том қисмига ўтириб олган ва ўзини тасвирга олиб кетаётган аёл видеоси кўплаб эътирозларга сабаб бўлган.
Ҳолат юзасидан йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан тезкор чоралар кўрилиб, автомашина аниқланди ва белгиланган тартибда жарима майдончасига олиб келинди. Ҳайдовчи 1 йил 6 ой муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди ва унга БҲМнинг 25 баробари (9 млн 375 минг сўм) жарима тайинланди.
Автомашинанинг том қисмида ҳаракатланган аёлга эса 1,5 ёшли фарзанди борлиги инобатга олиниб, БҲМнинг 5 баробари (1 млн 875 минг сўм) жарима жазоси тайинланди.
“Автомобиль люкидан чиқиб, ўзимга Instagramʼга контент олиш учун ҳаракатландим. Ҳозир милицияхонада турибмиз. Керакли чораларни қўллашяпти. Чуст туманидаги барча ҳайдовчилардан, халқимиздан кечирим сўрайман, бошқа қайтарилмайди”, дейди аёл.
Машиналардаги “томошалар”
Бундан олдин Қорақалпоғистондаги тўйда танасини машинадан чиқариб тасвирга олган операторлар ва ҳайдовчи жаримага тортилган эди. Шунингдек, Андижонда 20 ёшли қиз машинадан танасини чиқариб ҳаракатланган.
Самарқандда ҳаракатланаётган Gentraʼдан танасини чиқариб, сохта доллар сочган йигитларга чора кўрилгани тўғрисида хабар берилганди. Шу билан бирга, Фарғонада тўйда томоша кўрсатган ҳайдовчилар жазоланганди.
Андижонда қиз тунда танишининг машинасидан танасини чиқариб ҳаракатланганди.
Наманганда Onix люкидан танасини чиқариб ҳаракатланган қиз узр сўраган.
Изоҳ (0)