Россия Суриянинг янги ҳукумати билан Суриядаги иккита ҳарбий базасини сақлаб қолиш бўйича келишувга яқин турибди, деб хабар бермоқда Bloomberg манбаларга таяниб.
Келишув Кремлга Хмеймим авиабазаси ва Тартусдаги портни сақлаб қолиш имконини беради.
Россиялик суҳбатдошлардан бирининг сўзларига кўра, Россия Мудофаа вазирлиги “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” исломий гуруҳи билан Россия кучлари Суриядаги базаларда қолиши мумкинлиги ҳақида “норасмий тушунчага эга” деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, манба Суриядаги беқарор вазиятни ҳисобга олган ҳолда вазият ҳали ҳам ўзгариши мумкинлигини таъкидлади.
Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов россиялик журналистларга Москва “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” сиёсий қўмитаси билан бевосита алоқалар ўрнатганини маълум қилди. Унга кўра, Россия элчихонаси дипломатлари гуруҳ вакиллари билан учрашиб, Суриядаги дипломатик миссия ва Россия фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилган.
“Москва ҳукумат алмашганидан кейин ҳам бу мамлакатда ҳарбий базаларини сақлаб қолишни кутмоқда”, дея қўшимча қилди Богданов.
9 декабрь куни Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россиянинг Хмеймим ва Тартусдаги базаларини сақлаб қолиш ҳақида гапиришга ҳали эрта эканлигини айтган эди.
“Ҳар қандай ҳолатда ҳам буларнинг барчаси Сурияда ҳокимият тепасига келадиганлар билан муҳокама қилинадиган мавзу. Ҳозир ана шундай ўзгаришлар даври, ҳаддан ташқари беқарорлик борлигини кўриб турибмиз. Шунинг учун вақт керак бўлади. Кейин эса ҳокимият тепасига келадиганлар билан жиддий суҳбат талаб этилади”, деган эди Кремль вакили.
Суриядаги вазият
Ноябрь ойи охирида қуролли исёнчилар Сурия шимолий қисмига юришни бошлади. Улар Идлиб вилоятини, мамлакатдаги аҳоли сони бўйича иккинчи ўринда турувчи Ҳалаб шаҳрини, Хама ва Хомс вилоятлари ҳудудларининг бир қисмини ўз назоратига олди. Шундан сўнг Дамашққа кирди. Президент Башар Асад оиласи билан мамлакатни тарк этди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Башар Асад исёнчилар билан келишувга эришиб, истеъфога чиқишга рози бўлгани, шундан кейин Сурияни тарк этгани ҳақида маълумот берди. Исёнчилар Асадни қўлга олишда ёрдам берадиган маълумот учун 10 миллион доллар ваъда қилган.
Кечроқ Кремлдаги манбалар Суриядан қочган президент оиласи билан Москвага келгани, Путин уларга бошпана берганини маълум қилди.
ҲЦҲ ва мухолифат исёнчи гуруҳлар кўп йиллик фуқаролар урушидан сўнг 8 декабрь куни Сурия пойтахти Дамашқ устидан назоратни қўлга киритди. Идлиб шаҳрида қўзғолончиларга раҳбарлик қилган Муҳаммад ал-Башир ўзини Суриянинг ўтиш даври ҳукумати раҳбари этиб тайинлади. У фуқароларга қарата қилган телевидение мурожаатида бу лавозимни камида 2025 йил 1 мартгача эгаллаб туришини айтди.
Изоҳ (0)