13 апрель куни кечқурун Украина ОАВлари ва сиёсатчилар «Москва» крейсери Украинада ишлаб чиқарилган иккита «Нептун» қанотли ракеталари билан урилгани ҳақида хабар берганди. 14 апрель куни Россия Мудофаа вазирлиги «Москва» ракета крейсери бортида ёнғин чиққани ва у ерда ўқ-дорилар портлаганини тасдиқлади. Ўша куни кечқурун крейсер Қора денгизда бўрон туфайли чўкиб кетгани маълум бўлди. Крейсер 2022 йил февраль ойида Россиянинг Украинадаги операцияси пайтида Зменей оролини назорат қилишда иштирок этган. Операция давомида 80 дан ортиқ украиналик чегарачи таслим бўлгани айтилади.
Россия флотида энди фақат иккита шунга ўхшаш кема — Шимолий флотдаги Маршал Устинов ва Тинч океанидаги Варяг кемалари қолди. Қримнинг Севастопол шаҳри губернатори Михаил Развожаев «Москва» крейсери шаҳар учун «ҳақиқий тимсол» эканини айтди. Россия денгиз флотининг флагмани бўлган ушбу крейсернинг тарихи ҳақида «РБК» фоторепортаж тайёрлади.
Крейсер Украина ССРнинг Николаев шаҳридаги кемасозлик заводида қурилган ва дастлаб «Слава» деб номланган.
1989 йил ноябрь ойида кема экипажи СССР раҳбари Михаил Горбачёв ва АҚШ президенти катта Жорж Буш ўртасидаги учрашувни таъминлади. Аммо бўронли об-ҳаво туфайли барча тадбирлар Марсашлокк кўрфазида лангар ташлаган оғирроқ кемага — «Максим Горкий» круиз лайнерига кўчирилди. Мальта саммитида ҳеч қандай келишув имзоланмаган, бироқ Берлин девори қулаганидан бир ҳафта ўтиб ўтказилган ушбу йиғилиш Совуқ урушнинг тугаши ҳақидаги декларация сифатида кўрилади.
1991 йилда кема капитал таъмирлаш ва модернизация қилиш учун Николаевга олиб келинди, кемани янгилаш учун пул йўқ эди, шу сабаб крейсерни ишдан чиқариш масаласи кўтарилди. Қора денгиз флоти қўмондонлиги Москва ҳукуматига «Слава» крейсерига ҳомийлик қилиш сўрови билан мурожаат қилди. 1996 йил 16 майда кема номи «Слава»дан «Москва»га ўзгартирилди ва у Қора денгиз флотининг флагманига айланди.
2008 йил 9—12 август кунлари крейсер Грузиядаги ҳарбий операцияда қатнашди. Россия, Грузия ва Жанубий Осетия қуролли кучлари иштирокидаги ҳарбий ҳаракатлар — беш кунлик уруш натижаси Россия томонидан Жанубий Осетия ва Абхазия мустақиллигининг тан олиниши бўлди.
2015 йил 30 сентябрда Федерация Кенгаши Россия қўшинларининг Сурияда ҳукумат кучлари тарафида бўлган террорчи гуруҳларга қарши ташланишини маъқуллади. Крейсер Ўрта ер денгизининг шарқий қисмида жойлашган Россия ҳарбий-денгиз кучларининг доимий ишчи гуруҳига раҳбарлик қилган. Кема Россиянинг Суриядаги авиагуруҳини ҳаво ҳужумидан ҳимоялаган. Ракета крейсери россиялик учувчиларга қарши провокацияларнинг олдини олиш мақсадида Латакия провинцияси қирғоқлари яқинидаги позицияни эгаллаган.
Изоҳ (0)