Исроил ва Ливан ўртасидаги тинчлик шартномасини тузишда Россия ва АҚШ хавфсизлик кафили сифатида қатнашади. Бу ҳақда Israel Hayom нашри ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Исроил ташқи ишлар вазири Гидеон Саар Ливан томони билан музокараларда муваффақиятга эришилаётганини тасдиқлади. Исроил расмийлари “Ҳизбуллоҳ” Сурия чегараси орқали Эрондан қурол-яроғ ололмаслиги бўйича кафолатга эга бўлмоқчи.
Israel Hayom нашрига кўра, келишув матнида “Ҳизбуллоҳ” ўз кучларини Литани дарёси шимолидан олиб чиқиб кетиши кераклиги ёзилган. Ливан жангчиларининг чегара ҳудудлари яқинида бўлиши тақиқланади. Исроил қўшинлари, ўз навбатида, Ливан ҳудудини тарк этишга мажбур. Нашр манбаларининг иддао қилишича, АҚШ ва Россия хавфсизлик кафиллари сифатида “Ҳизбуллоҳ”нинг қайта қуролланишини олдини олишлари керак.
Исроил матбуотининг ёзишича, ўтган ҳафта мамлакатнинг стратегик режалаштириш вазири Рон Дермер Ливан билан вазиятни тартибга солишда Москванинг воситачилигини муҳокама қилиш учун яширин ташриф билан Россияга келган.
Шундан сўнг у АҚШга жўнаб кетди ва у ерда тинчлик шартномаси лойиҳаси муҳокамасида қатнашди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков октябрь охирида Россия, агар керак бўлса, Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги можарони ҳал қилиш учун саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёрлигини маълум қилганди.
Изоҳ (0)