Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан телефон суҳбати чоғида «дон йўлаги» орқали озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа товарларни экспорт қилишни таклиф этди. Бу ҳақда «РИА Новости» Эрдўғоннинг канцеляриясига таяниб хабар бермоқда.
Кремль матбуот хизмати томонидан Эрдўғон ва Путин ўртасида дон битимини кенгайтириш эҳтимоли ҳақидаги муҳокама қуйидагича таърифланган:
«Украина донини Қора денгиз портларидан олиб чиқиб кетиш ҳамда Россия қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва ўғитларини экспорт қилиш ҳақидаги 22 июлдаги Истанбул келишувлари ижро этилишининг бориши кўриб чиқилди. Бу келишув комплекс хусусиятга эга бўлиб, энг муҳтож мамлакатлар эҳтиёжларини таъминлаш мақсадида Россиядан тегишли етказмалар учун тўсиқларни бартараф этишни талаб қилади».
Шунингдек, Россия президенти матбуот хизмати баёнотига кўра, телефон суҳбати чоғида «Украина атрофидаги вазият» муҳокама қилинган, «Туркия ҳудудида минтақавий газ хабини яратиш ташаббуси бўйича» фикрлар алмашилган ҳамда «Суриядаги вазиятни тартибга солиш муаммосига тўхталиб ўтилган».
Туркия президенти канцелярияси хабарига кўра, Эрдўғон «Украинадаги инқироз иложи борича тезроқ тугашига умид билдирган», шунингдек, «Курдистон ишчилар партоясининг Сурия шимолидаги фаолияти ва Туркияга террорчилик ҳужумлари контекстида 2019 йилги Сочи меморандумига мувофиқ, чегарани камида 30 км ичкарига қарата террорчилардан тозалаш зарурлиги» айтилган. Эрдўғон канцелярияси газ хаби бўйича муҳокамаларга изоҳ бермаган.
Россия ёнилғисини Европага етказиш учун халқаро газ хабини яратишни Туркия ва Россия октябрдан буён муҳокама қилмоқда.
Дон битими 2022 йил июлида Истанбулда имзоланганди. Туркия ва БМТ воситачилик қилган, Россия ва Украина бир-бири билан эмас, балки улар билан битим тузган эди.
Ҳужжат иккита қисмдан иборат бўлиб, биринчиси Украина қишлоқ хўжалик маҳсулотларини чиқариб кетиш билан, бошқаси эса Россиянинг шундай маҳсулотлари ҳамда ўғитлари экспортига чекловларни бекор қилиш билан боғлиқ бўлган.