Lego ва Hasbro компаниялари “Трансформерлар” фильмидаги Саундвейв (Soundwave) номли десептиконга бағишланган янги конструктор тўпламини намойиш этди. Бу лего тўплами афсонавий франшиза асосида яратилган ва овоз модули билан жиҳозланган биринчи конструктор бўлиб, бугунги кунда энг қиммат “Трансформерлар” лего тўплами ҳисобланади.

Модель 1 505 та деталлардан иборат бўлиб, йиғилгн ҳолатда тахминан 33 сантиметр баландликка эга бўлади. Шарнирли бўғинлар туфайли десептикон тўлиқ ҳаракатлана олади.
Конструкция классик “Трансформерлар” услубида ишлаб чиқилган: робот ҳолатидан кассета плеер кўринишига осонгина ўтади — бунинг учун уни алоҳида қисмларга ажратишга ҳожат йўқ. Тўплам таркибига 1980 йиллардаги оригинал Hasbro Soundwаve фигураларига ишора сифатида ракета капсуласи ва лазерли қурол каби аксессуарлар ҳам киритилган. Улар плеер батареяси кўринишига келадиган тарзда ўзгаради.

Ушбу конструктор иккита асосий жиҳати билан ажралиб туради. Биринчиси овоз модули бўлиб, у Саундвейвнинг машҳур иборалари ва 1980 йиллардаги мультфильм мусиқасидан парчаларни ижро этади.

Иккинчи ноёб жиҳати қўшимча трансформерларнинг мавжудлигидир. Тўпламга кичик ўлчамдаги, йиғиладиган Ravage ва Laserbeak фигуралари киради — улар кассетага айланиши мумкин.

Янги конструктор 1 августдан сотувга чиқади ва унинг нархи 190 долларга баҳоланади.

Изоҳ (0)