Транспорт вазирлиги Энергетика вазирлиги билан биргаликда барча маҳаллий ва халқаро турдаги йўллардаги мавжуд барча заправкаларда электр қувватлантирувчи ускуналар ўрнатиш бўйича дастур ишлаб чиқилган. Бу ҳақда 11 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган йиғилишда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов маълум қилди.
Йиғилишда депутат Сапаргул Утемуратова, фуқаролардан электромобилларни қувватлаш инфратузилмаларининг етарли эмаслиги юзасидан кўплаб эътирозлар бўлаётганини айтиб ўтди.
Йўл инфратузилмасида электромобиллар учун қулай бўлган, кенг қамровли қувватлаш станция тармоқларини яратиш бўйича ишлар назарда тутилганми? Шунингдек, йўл бўйи объектларида қуёш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини яратиш ва йўлларда ҳосил бўладиган ўша углерод чиқиндиларини камайтириш, зарарсизлантириш бўйича амалга оширилаётган аниқ ва амалий чора-тадбирлар ҳақида сўрамоқчи эдим, дея савол билан мурожаат қилди депутат.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг айтишича, бу фақат транспорт вазирлиги билан боғлиқ эмас.
Бу Энергетика вазирлиги билан боғлиқ масала. Умуман, президентимизнинг сиёсатлари бу, яъни энергия самарадорлигини ошириш, бошқа турдаги ёқилғи турларидан воз кечиб, мана шу энергетикага ўтиш жиҳатдан катта дастурлар ишлаб чиққанмиз.
Юқорида айтганимдек, 82 та нуқтада биз service area, service point концепциясини ишлаб чиққанимиз, унинг ичида мажбурий жиҳатда стандарт қилиб барчасида қувватлантирадиган ускуналар ўрнатилишини кўзда тутиб кетганмиз. Бу, албатта, етарли эмас. Бу халқаро йўлларда кўзда тутилган. Шунингдек, барча маҳаллий ва халқаро турдаги йўлларга Энергетика вазирлиги билан бугунги кундаги мавжуд барча “заправка”лар — бу дизель бўладими, газ шохобчалари бўладими — уларга ўрнатиш масаласини қўйганмиз. Бундан ташқари, алоҳида-алоҳида фақат электр зарядланадиган нуқталарни, локацияларни белгилаш бўйича дастур ишлаб чиққанмиз, деди транспорт вазири.
Илҳом Маҳкамов депутатнинг углерод чиқиндиларини камайтириш бўйича саволини очиқ қолдирган.
Мазкур йиғилишда Илҳом Маҳкамов жорий йил Тахтақорача довонида пулли туннел қуриш бўйича шартнома тузилишини маълум қилган эди.
Маълумот учун, Ўзбекистондаги халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўллари бўйларида Service point ва Service area объектлари ташкил этилади.
Service point — автомобилларга ёқилғи қуйиш ҳамда электромобилларни қувватлантириш станциялари, умумий овқатланиш объектлари, дўконлар, техник сервис пунктлари, санитария-гигиена шохобчалари.
Service area— Service point объектлари, ТИР парк, мотеллар, автомобилларни ювиш шохобчалар ва wи-фи нуқталарини қамраб олади.
Изоҳ (0)