Бухоро вилояти собиқ ҳокими Дамир Ядгаров узоқ давом этган хасталикдан сўнг 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.

Унга кўра, 4 июль куни атоқли давлат ва жамоат арбоби, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими”, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Дамир Ядгаров узоқ давом этган хасталикдан сўнг 88 ёшида вафот этди.
Дамир Ядгаров 1937 йил 18 февралда Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. 1960 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини айнан шу даргоҳда — институтнинг ёшлар қўмитаси котиби сифатида бошлаган. Кейинчалик у турли йилларда Ёшлар ташкилоти, қишлоқ ва сув хўжалиги тизимида масъул лавозимларда ишлаган.
1992–1994 йилларда Бухоро вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритиб, ижтимоий барқарорликни таъминлаш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва бозор иқтисодиёти тамойилларини жорий этиш йўналишларида муҳим ташаббус ва амалий ишларга бошчилик қилган.
Шунингдек, Дамир Ядгаров Ўзбекистон пахтачилик илмий-тадқиқот институти Бухоро филиалига раҳбарлик қилган йилларда селексия ва уруғчилик соҳасида илмий ёндашувларни ривожлантириш борасида катта ҳисса қўшган. Унинг раҳбарлигида Зарафшон воҳасига мос пахта навлари яратилиб, амалиётга жорий этилган.
Кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида у фидокорона хизматлари, раҳбарлик салоҳияти ва ҳалоллиги билан жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган.
Изоҳ (0)