Ўзбекистонда 2025 йил июль ойида пенсия тўловларини нақдсиз шаклда олувчиларга маблағлар тўлиқ молиялаштирилди. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси хабар берди.

Унга кўра, жамғарма томонидан жорий йилнинг июль ойи тўлов рўйхатларига киритилган 4,2 млн нафар пенсия олувчи учун талаб этилган маблағлар тижорат банкларига молиялаштирилиб берилди.
Ўз навбатида пенсия тўловларини нақд пулсиз шаклда олувчи 3,5 млн нафар (ёки жами олувчиларнинг 85 фоизи) фуқаронинг банк карталарига маблағлар тўлиқ юклаб берилиши таъминланди.
Амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ пенсия пулларини нақд шаклда олувчиларга пенсия пуллари 4 июль кунидан бошлаб тасдиқланган графикларга асосан Халқ банкининг сайёр кассалари томонидан етказиб берилади.
Маълумот учун, 2025 йил 1 июлдан республикада пенсия ва нафақалар миқдорлари 10 фоизга оширилди. Янги миқдорлар қуйидагича бўлади:
- ёшга доир энг кам пенсия миқдори — ойига 918 000 сўм;
- ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори — ойига 1 012 000 сўм;
- кам таъминланган оилаларга болалар нафақасининг ҳар ойлик миқдори:
- 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун — 360 000 сўм,
- 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун — 275 000 сўм;
- оиланинг иккинчи фарзанди учун қўшимча — 165 000 сўм;
- оиланинг учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун қўшимча — 110 000 сўм;
- кам таъминланган оилалар учун моддий ёрдамнинг ойлик миқдори — 420 000 сўм.
Ўзбекистонда пенсия тизими ва миқдори
Пенсия жамғармаси рўйхатидаги пенсионерлар сони 4,2 млн нафарга етгани ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистонда 2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар 10 фоизга оширилиши эълон қилинганди. Президент фармони иловасида фуқароларга тўланадиган барча пенсиялар ва нафақалар миқдорлари келтирилди.
Унга кўра:
- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори — ойига 1 012 000 сўм;
- меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори — ойига 1 012 000 сўм;
- 1941—1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, фашистлар конслагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда — ойига 4 462 000 сўм;
- белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан (918 000 сўмдан) 1 012 000 сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори — ойига 1 012 000 сўм;
- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 820 000 сўм;
- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда — ойига 820 000 сўм;
- ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори — ойига 820 000 сўм;
- боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори — ойига 820 000 сўм этиб белгиланади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун — 270 000 сўмдан қўшилади.
Президент фармонига кўра, ёшга доир энг кам пенсия миқдори — ойига 918 000 сўм, ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори — ойига 1 012 000 сўм бўлади. 2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 471 000 сўм этиб белгиланади.
Изоҳ (0)