Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида ҳоким ёрдамчиси пичоқлаб, ўлдирилди. Бу ҳақдаги хабарларга аниқлик киритган Бош прокуратура ахборот хизмати воқеа 2025 йилнинг 19 июнь куни содир бўлганини маълум қилди.
Маълумот берилишича, шу куни Китоб туманида яшовчи фуқаро спиртли ичимлик истеъмол қилиб келиб, уйида отаси билан ўзаро тортишиб, жанжаллашиб қолган. Ота-бола тортишуви хонадоннинг кўча эшиги ёнида ҳам давом этган. Фуқаро отаси билан жанжал қилгани етмагандек кўча бошида турган қўшниси, маҳаллада ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритувчи Самадов Фаррух Ҳакимович билан ҳам тортишиб, бир-бирларини ҳақорат қилган.
Фуқаро Камалов марҳум Самадовдан ўч олиш мақсадида яшаш уйидан ошхона пичоғини олиб чиқиб, унинг кўкрак қафасига қасддан бир маротаба санчиб, қўшнисини ўлдирган, дейилади Бош прокуратура ахборотида.
Ҳаёт Шамсутдиновнинг қўшимча қилишича, воқеа ҳақида Китоб тумани ИИБ навбатчилик қисмига шу куни соат 19:50 да хабар берилган.
Мазкур ҳолат юзасидан 20 июнь куни Камоловга нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи ушланган, дейди Ҳаёт Шамсутдинов.
Аввалроқ Тошкент вилоятининг Чиноз туманида 17 ёшли йигит ўзининг синфдоши томонидан пичоқлангани, Шаҳрисабзда эса собиқ ИИБ ходими қишлоқдоши томонидан пичоқлаб ўлдирилгани хабар берилганди.
Изоҳ (0)