Интернет олами турли мавзуларда ғаройиб лайфхакларга тўла, аммо уларнинг аксарияти фойда бериш ўрнига жиддий муаммо туғдириши мумкин. Масалан, синалмаган ва тиббиётда исботланмаган гўзаллик бўйича маслаҳатларга амал қилиш терида қизариш, яллиғланиш ёки бошқа салбий оқибатларга олиб келади. Қуйида айнан қандай маслаҳатлардан қочиш кераклиги ва нега улар хавфли экани ҳақида сўз боради.

Дезодорантни праймер ўрнида ишлатиш
Бу ноодатий маслаҳат муаллифи афғонистонлик гўзаллик блогери Шабнам Ҳоссине бўлиб, у юзга макияждан олдин дезодорант-кристалл суртишни тавсия қилган. Унга кўра, бундай воситадаги минерал тузлар ёғ безлари фаолиятини назорат қилади, терини қуритади ва тери ялтирамайди.
Аммо ҳақиқатда бу мутлақо тескари эффект беради. Ҳа, дезодорантлар тери безларини назорат қилади, лекин юздаги ёғ безларини тўсиб қўйиб, ҳуснбузар тоширади ёки аллергияга қўзғайди. Агар юздаги ёғли ялтирашдан қутулмоқчи бўлсангиз, ёғли юзлар учун махсус мўлжалланган праймер ёки пудралардан фойдаланган афзал.
Киприкларга вазелин суртиш

Денвердаги Смоотҳе Денвер гўзаллик салони эгаси ва косметолог Алисия Рамос ўз блогида киприкларни парваришлаш усулини таклиф қилган. Унга кўра, туш қўйишдан аввал киприкларга вазелин суртиш керак. Блогернинг фикрича, бу киприкларни намлайди, мустаҳкамлайди ва синишнинг олдини олади.
Аслида эса бу “ялтиратиш” воситаси киприкларни бир-бирига ёпиштириб қўяди, кўз олдида хира қатлам ҳосил қилади ва кейинчалик тушни ўчиришни қийинлаштиради. Киприкларингизга чиройли ва соғлом кўриниш беришни истасангиз, яхшиси, киприклар учун махсус шаффоф гел танланг, улар чиндан ҳам керакли натижани беради.
Тишларни оқартириш учун лимон ва содадан фойдаланиш

Лимон ва сода ёрдамида “Голливуд табассуми”га эришиш бир қарашда осон ва арзон усулдек туюлади. Аммо уни синаб кўришни тавсия бермаймиз. Стоматологлар огоҳлантиришича, бу воситалар табиий туюлса-да, эмалга жиддий зарар етказади. Сода лимон кислотаси билан бирикканида тиш юзасидаги доғларни йўқ қилиши мумкин, лекин эмални ҳам емириб, тишлар сезувчанлигини оширади.
Табассумингиз чиройли бўлишини хоҳласангиз, малакали стоматологга мурожаат қилинг ёки оқартирувчи тиш пасталаридан фойдаланинг.
Шакар ва асал аралашмасидан скраб сифатида фойдаланиш

“Шакарни асал билан аралаштирсангиз, юз учун табиий скраб тайёр бўлади” деган тавсияни турли бюти блогларда тез-тез кўриш мумкин. Аммо уни юз терисига ишлатиш хавфли, чунки шакар доначалари жуда дағал бўлиб, терида майда яралар ҳосил қилади. Асал эса ёпишқоқ ва ювилиши қийин бўлган маҳсулот, натижада у тердаги табиий тешикларни тўсиб қўяди ва яллиғланишга сабаб бўлади.
Эндиликда замонавий косметологияда скраблар ўрнига оҳиста тозаловчи восита — энзим пудралар қўлланмоқда, корейс косметологиясида бир неча йил аввал скраблардан фойдаланиш умуман тўхтатиб қўйилган.
Соч учун мўлжалланган лакни макияж фиксатори ўрнида ишлатиш

Соч учун лак ва макияжни “қотириб берувчи” фиксаторлар бир-бирига ўхшаш, деб ўйласангиз, адашасиз. Баъзи блогерлар макияж қилиб бўлгач, юзга соч учун мўлжалланган лак сепишни маслаҳат бермоқда. Бундай “лайфхак” терини қуритади, аллергия тоширади ва бошқа ноқулайликлар туғдиради. Чунки соч учун лак таркибида спирт ва кучли ифорлар қўшилади. Улар терида қизариш ва қичишишга сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун энг яхши ечим — махсус фиксатор спрейидан фойдаланишдир.
Изоҳ (0)