2013-йилда Россиянинг Челябинск вилояти тепасида атмосферага кириб келган йирик метеорит портлайди. Сўнг унинг бўлаклари турли ҳажмларда ерга тушади. Улар кичик заррадан турли ҳажмдаги тош кўринишида эди. Метеоритнинг энг йирик бўлаги — 540 кг оғирликдаги қаттиқ жисм Чебаркўл кўлига тушади. Ўшанда НАСА метеоритнинг атмосферага кирган пайтдаги портлаш кучи 500 килотонна бўлганини маълум қилганди. Таққослаш учун бу Хиросимага ташланган бомба портлашидан 20 баравар кучли.
2013 йил 1 февраль, Челябинск шаҳри. Жума куни эрталаб спорт мураббийи Александр Харламов ҳамкасблари билан 20 нафар болани шуғуллантира бошлайди.
Соат маҳаллий вақт билан 9:20 ларда ташқарида қандайдир чақнаш содир бўлади ва бир сонияга ҳаммаёқ ёришиб кетади. Болалар ҳодисани томоша қилиш учун катта ойна қўйилган дераза томон югуришади.
Мураббийлардан бири дарҳол болаларни зал бурчагидаги пана жойга ҳайдай бошлайди. Болалар қандайдир томошадан қуруқ қолгандай, истар-истамас мураббий кўрсатган жойга ўта бошлашади.
Шу пайтда бинога кучли тўлқин келиб урилади ва ойналар синиб, худди ўқдай ичкарига отила бошлайди. Харламов мураббийлар билан дарҳол болаларни тўшамалар билан тўса бошлашади. Бироқ икки бола зал ўртасида қолиб кетганди.
Харламов дарҳол улар томон отилади ва иккаласини ерга ётқизиб, танаси билан тўсади. Тўлқин кучи бир зумда сусаяди. Унгача эса Харламовнинг танаси бошдан оёқ жароҳатланган, ҳаммаёғидан қон оқиб турарди.
Ўшанда Харламов ва унинг ҳамкасблари Челябинскда бомба портлади деб ўйлашади. Аслида эса ундай эмасди. Шаҳар тепасида атмосфера билан тўқнашган йирик метеорит портлаган ва унинг кучли тўлқини ҳамда метеорит бўлаклари ергача етиб келганди.
Метеоритнинг тушиши
2013 йил 15 февраль куни АҚШнинг НАСА фазовий тадқиқотлар агентлиги Ер атмосферасига диаметри 18 метр, оғирлиги 11-13 минг тонна бўлган улкан метеорит кирганини қайд этади. Таққослаш учун, метеоритнинг бўйи 6 қаватли уйга тенг бўлган.
Метеорит секундига 18,6 км тезликда ҳаракатланади ва атмосферага киргандан сўнг 32 секунд ўтиб портлайди. Бу пайтда у Россиянинг Челябинск вилояти тепасида ер сатҳига яқинлашиб қолганди.
НАСАнинг баҳолашича, метеоритнинг портлаш кучи тротила эквивалентида қарийб 500 килотоннага етган. Россия Фанлар академияси эса 200 килотонна бўлганини қайд этган. Россия астрономия институти мутахассислари эса портлаш кучи 1,5 мегатоннага етганини маълум қилишган.
Франция Атом энергетикаси комиссарлиги олимларининг хулосасига кўра, Челябинск тепасида портлаган метеоритнинг портлаш кучи 460 килотоннга етган.
Метеорит ҳавода портлаган пайтда жуда ёруғ нур ажралиб чиқади ва у парчаланиб кетади. Сўнг кучли тўлқин ҳосил бўлиб, метеорит парчалари ер сатҳи томон ҳаракатланишда давом этади. Оқибатда, Челябинск шаҳри ва вилоятида метеорит ёмғири ёғади.
Самовий жисм бўлаклари пастга тушар экан, улар кучли тўлқин билан ерга ёпирилади. Оқибатда кучли тўлқин Челябинск шаҳри ва вилоятидаги аксарият биноларнинг деразалари синдиради.
Турли катталикдаги тош кўринишида бўлган метеорит бўлаклари биноларнинг томларига зарар етказади. Кўчаларда турган машиналар пачоқланади. Шунингдек, кучли тўлқин ва метеоит бўлаклари очиқ жойларда бўлган одамларни жароҳатлайди.
Жуда ёруғ нур ва кучли тўлқинни кўрган одам аввалига атом бомбаси портлади деб ўйлашади. Уларнинг бу хавотири ҳам бежизга эмасди. Челябинскда бир нечта ядро қуроллари ишлаб чиқарадиган корхоналар жойлашган.
Кўп ўтмай портлаган нарса ядро қуроли эмас, осмондан тушган йирик метеорит бўлаги экани ойдинлашади. Ўшанда асосий метеорит бўлаклари заррадан тортиб бир неча килограммгача бўлган. Энг йирик бўлак – 540 кг оғирликдаги қаттиқ жисм Чебаркўл кўлига тушади.
НАСА хулосаларига кўра, Челябинскка тушган метеорит 1908 йилда Шарқий Сибирдаги Тунгускага тушган метеоритдан сўнг энг йирик самовий жисм эди.
Олимларнинг билдиришича, бундай ҳодисалар ҳар 100 йилда бир содир бўлади. Қизиқ томони, сўнгги иккита йирик метеорит ҳам Россия ҳудудига тушди.
Ҳодиса оқибатлари
Самовий жисм бўлаклари Челябинск шаҳридан ташқари, Челябинск вилоятининг бир нечта туманларига тушганди. Шу сабабли ҳодиса юз берган заҳоти вилоятнинг учта туманида 15 февралдан 5 мартгача фавқулодда ҳолат жорий этилади.
Умумий ҳисобда 1 615 киши турли даражада жароҳатланади. Уларнинг аксарияти юқорида ҳикоя қилинган спорт мураббийи Харламов каби ойна синиқлари туфайли жароҳатланганди.
Жароҳатланганларнинг аксарияти тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг уйига жавоб берилади. 100 нафардан ошиқ одамнинг жароҳатлари жиддий бўлгани учун шифохоналарга ётқизилади.
Кейинчалик, метеорит ёмғири ва кучли тўлқин Челябинск вилоятида одамларга ва бюджет ташкилотларига 490 млн рубль (ўша пайтдаги курс бўйича 17 млн доллар атрофида бўлади) зарар етказгани маълум қилинади.
Саноат корхоналари ва бошқа ташкилотлар ҳам қўшиб ҳисобланганда зарар миқдори 1 млрд рублга (қарийб 35 млн доллар) етгани айтилади.
Метеорит васвасаси
Челябинск шаҳри ва вилоятига тушган метеоритлар қаттиқ ерга тушиб парчаланиб кетади. Бироқ вилоятда 3 600 та кўл бўлиб, сувга тушганлари бутун сақланиб қолган бўлиши мумкин эди.
Кўп ўтмай турли мутахассислар, одамлар кўллар бўйлаб метеоритнинг йирик бўлагини топиш учун “ов” бошлаб юборишади. Метеорит излаш учун Россиянинг бошқа жойларидан, ҳатто хорижий давлатлардан ҳам одамлар келишади.
Ўша пайтда вилоятдаги барча кўлларнинг юза қисми музлаб турганди ва йирикроқ метеорит бўлаги тушган жойни топиш учун машинада кўл устини айланиб чиқиш етарли эди. Чунки, метеоритнинг қизиб турган бўлаги музни тешиб ўтиши аниқ эди.
Йирик метеорит бўлакларини топиш илинжида бўлганлар кўлларни текшириб чиқа бошлашади. Бу иш пойгага айланиб кетади. Кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда йирик метеорит бўлаклари учун пул таклиф қилинган эълонлар пайдо бўлади.
Уларда метеорит бўлагининг ҳар бир килоси учун 50 рублдан 500 рублгача пул таклиф этилганди. Ўшанда 1 доллар 30 рубль бўлгани инобатга олинса метеоритнинг ҳар бир килоси учун қарийб 2 доллардан 17 долларгача таклиф этишган.
Ўшанда оддий одамлар қидирувни Челябинск яқинидаги сув ҳавзаларидан, мутахассисилар эса негадир четроқдан бошлашади. Аэродинамика қонунларига кўра йирик жисм портлаш радиусидан узоқроққа кетади. Шу сабабли мутахассислар тўғри йўл тутаётганди.
Охир-оқибат улар Челябинскдан 90 км узоқликда жойлашган Чебаркўл кўлида диаметри 8 метр бўлган айлана тешик топишади.
Агар осмон жисмининг ҳажми тешикдан 10 баравар кичик бўлганда ҳам бу ерга диаметри қарийб 1 метр бўлган йирик метеорит бўлаги тушган деб тахмин қилишади.
Бу тахмин тўғри чиқади ва Чебаркўлда диаметри 70 см ўлчамдаги метеорит бўлаги топилади. Унинг ёнида яна иккита кичик бўлак бор эди. Бу иш шов-шув бўлгач Чебаркўлга кўплаб ОАВ мухбирлари етиб келишади.
Метеорит бўлагини кўлдан махсус техникалар ёрдамида олиб чиқишади. Жараён бутун дунёга кўрсатиб турилади. Метеорит бўлаги тортиб кўрилганда унинг оғирлиги дастлаб 540 кг, иккита кичик бўлаклар бирга 654 кг чиқади.
Кейинчалик негадир унинг оғирлиги камайиб боради. Кейинги марта 2015 йил январда тортилганда тарози унинг оғирлигини 503 кг кўрсатади. Мутахассислар буни метеорит кўлга тушганда ивиб бўккани, кейинчалик қуриб вазнини йўқотгани билан изоҳлашади.
Ҳозирги кунда Чебаркўлдан топилган йирик метеорит бўлаги Жанубий Урал тарих музейида сақланмоқда. Унга “Челябинск” деб ном берилган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Изоҳ (0)