Сиз энг сифатли кир ювиш кукунини танлашингиз, энг қиммат кир ювиш машинасини сотиб олишингиз ва барибир севимли кўйлагингизга путур етказишингиз мумкин. Чунки сиз кир ювиш мобайнида оддий хатоларга йўл қўясиз, аслида бу ҳақда ҳамма ҳам билмайди. Қуйида кир ювишда энг кўп учрайдиган саккизта хатони тўплашга қарор қилдик. Ҳаммаси ҳақида бирма-бир ҳикоя қиламиз.

1-хато: кийимларни нотўғри саралаш

Кир ювишдан олдин кийимларни нотўғри саралаш энг кенг тарқалган хатолардан бири бўлиб, кийимларнинг бузилишига, рангининг йўқолишига ва ҳатто кир ювиш машинасининг шикастланишига ҳам олиб келиши мумкин. Бунга йўл қўймаслик учун бир нечта муҳим жиҳатларни ҳисобга олиш керак. Аввало, кийимларни учта мезон бўйича саралаш кераклигини ёдда тутиш лозим: ранги, материал тури ва ифлосланиш даражаси. Яъни оқ рангли кийимларни худди шундай рангдаги кийимлар билан, ранглисини эса рангли кийимлар билан ювинг. Синтетик матоли кийимларни синтетика билан, табиий газламаларни эса табиий матоли кийимлар билан ювинг. Айтганча, яна бир муҳим жиҳат: қора рангли кийимларни алоҳида ювган маъқул, чунки уларнинг ранги чиқиши мумкин.
2-хато: кир ювиш машинасининг ортиқча юкланиши

Иккинчи кенг тарқалган хато — кир ювиш машинасини ҳамма нарсани ва бир вақтнинг ўзида ювишга уриниш билан тўлиқ юклашдир. Албатта, бу осон ечим бўлиб кўринади, лекин амалда барабаннинг ортиқча юкланиши жиддийроқ оқибатларга олиб келиши мумкин. Биринчидан, тўлиб кетган машинадаги кийимлар эркин ҳаракатланиш учун етарли жойга эга эмас. Бу ювиш ва чайиш самарадорлигини пасайтиради: кукун ёки гел тўлиқ ювилмаслиги, доғлар эса қолиши мумкин. Иккинчидан, ҳўл чойшабнинг оғирлиги рухсат этилган меъёрдан ошиб кетса, барабанга ортиқча юк тушади, бу эса жиддий бузилишга олиб келиши мумкин. Учинчидан, бундай шароитда кийимлар тезроқ шаклини йўқотади. Бу айниқса синтетика, трикотаж ва жун матоли кийимлар учун жуда муҳимдир. Кир ювиш машинангиз сизга узоқ йиллар хизмат қилишини истасангиз, барабанда бўш жойнинг камида учдан бир қисмини қолдиринг.
3-хато: кир ювиш воситасидан кўп миқдорда фойдаланиш

Кукун қанча кўп бўлса, буюмлар шунча тоза бўлади, деб ўйлайсизми? Афсуски, бу миф. Ортиқча кир ювиш воситаси нафақат кутилган натижани бермайди, балки кийимни бузиши ҳам мумкин. Кир ювиш учун жуда кўп гелдан фойдаланиш айниқса қисқа циклларда ёки паст ҳароратларда унинг яхши чайилмаслигига олиб келади. Натижада воситанинг қолдиқлари матода қолади ва кийимда оқ доғлар ҳамда терида аллергик таъсирланишни пайдо қилади. Лекин жуда кичик дозадан фойдаланиб ювилган кир ҳам кийимдан ифлосланишни бартараф эта олмайди, айниқса кийимлар жуда ифлос бўлса, кирни такроран ювишга тўғри келади.
Қандай чора бор? Ювиш воситаси қадоғидаги тавсияларни диққат билан ўқинг — ишлаб чиқарувчилар юкланиш ҳажми, ифлосланиш даражаси ва ҳатто сувнинг қаттиқлигига қараб аниқ нисбатларни кўрсатади.
4-хато: кийим ёрлиқларини эътиборсиз қолдириш

Кийимдаги ёрлиқларга эътибор беринг, чунки айнан улар севимли кўйлагингиз омон қолиши учун кўрсатма бўлади. Ишлаб чиқарувчилар уларга ювиш ҳарорати, сиқиш тури, қуритиш, дазмоллаш ва ҳатто ювиш воситасининг тури бўйича тавсияларни кўрсатадилар. Аммо бу кўрсатмаларга риоя қилмаслик кийимларнинг кичрайиб қолиши, ранги ўчиши ёки деформациясига олиб келиши мумкин.
5-хато: доғли кийимларни олдиндан ишлов бермасдан ювиш

Кўпчилик одатга кўра кирланган нарсаларни кир ювиш машинасига ташлаб қўяди, бу билан доғлар ўз-ўзидан ювилиб кетишига умид қилади. Аммо кўп ҳолларда махсус ишлов берилмаса, доғ нафақат йўқолмайди, балки тўқимага, айниқса иссиқ сув таъсирида том маънода “ўрнашиб қолади”. Шунинг учун буюмни ювишга ташлашдан олдин уни тайёрлаш керак. Айтганча, доғлар турли табиатга эга — оқсилли (сут маҳсулотлари), ёғли (ёғ, соуслар), пигментли (резаворлар, қаҳва). Ва ҳар бир гуруҳ ўз ёндашувини талаб қилади. Масалан, оқсил доғлари учун совуқ сувдан фойдаланинг, чунки иссиқ сув тўқима толаларидаги доғни “муҳрлаб қўйиши” мумкин. Ёғли доғлар учун эса идиш ювиш воситаси мос келади — у ёғларни жуда яхши парчалайди.
6-хато: оддий режимда нозик буюмларни ювиш

Шойи блузка, кашмир кардиган ёки тўрли ички кийимлар оддий футболка кабилар ювилса, шаклини осонгина йўқотиши мумкин. Асосий хато — нозик нарсаларни юқори ҳароратли стандарт дастурда ишга туширишдир. Бу эса матонинг чўзилиши, киришиши, ғалтакланиши ва бошқа тиклаб бўлмайдиган шикастланишига олиб келади. Шунинг учун кир ювиш машинасида “нозик” ёки “қўлда ювиш” режимидан фойдаланган маъқул. У ерда сувнинг ҳарорати пастроқ, барабаннинг айланиш тезлиги ва сиқиш функцияси пастроқ бўлади. Бундан ташқари, оддий кукунни нозик матолар учун махсус воситага алмаштиринг — у толаларни бузмайди ва материалнинг юмшоқлиги ҳамда шаклини сақлаб қолади.
7-хато: кир ювиш машинасида ҳўл кийимларни қолдириш

Кир ювиб бўлингач, ҳўл кийимларни кир ювиш машинасида қолдириш ҳам кўп учрайдиган хатодир. Ичкаридаги нам ва илиқ муҳит бактерияларнинг ривожланиши учун идеал шароитдир. Буюмлар тезда қўланса ҳидга тўйиниши мумкин, айниқса, гап табиий матолар ҳақида кетаётган бўлса. Баъзи ҳолларда уни қайта ювиш орқали ҳам чиқариб бўлмайди. Бундан ташқари, ёқимсиз ҳид машинанинг ўзига сингиб кетиши мумкин, шунда тоза кийимдан ҳам намлик ҳиди келади. Бунга йўл қўймаслик учун кир ювилгандан сўнг дарҳол чиқариб олишга ҳаракат қилинг ҳамда намлик буғланиб кетиши учун эшикча ва кукун бўлимини доимо очиқ қолдиринг.
8-хато: кийимларни ювишга нотўғри тайёрлаш

Қадалган тугмалар ва қадалмаган замоклар классик хато бўлиб, кийимларни ҳам, кир ювиш машинаси барабанини ҳам бузиши мумкин. Тугмалар ювилганда кучли зўриқиш таъсирида бўлади: газлама чўзилади, тақилма деформацияланади ва натижада тугмалар узилиб кетиши ёки ҳалқалар шикастланиши мумкин. Бу, айниқса, кўйлаклар ва кўкрак қисми ёки манжетлари зич тақиладиган бошқа буюмлар учун жуда муҳимдир. Замок билан эса аксинча. Агар улар очиқ қолдирилса, унинг тишлари бошқа буюмнинг матосига илиниб, уни шикастлаши мумкин. Металл югурдак эса айланганда барабаннинг ички юзасини тирнаш хусусиятига эга.
Изоҳ (0)