Дональд Трамп кўрсатмаси билан АҚШ Эроннинг учта ядровий объекти, жумладан, мустаҳкамланган Фордога зарба берди.

“Биз зарбаларни муваффақиятли якунладик. Ҳамма самолётлар эндиликда Эрон ҳаво ҳудудидан ташқарида. Бомбаларнинг тўлиқ юкламаси асосий нишон — Фордога ташланди. Барча самолётлар энди хавфсиз тарзда ортга қайтмоқда.
Буюк Америка жангчиларимизни табриклаймиз. Бундай ишни дунёдаги бошқа ҳеч бир ҳарбий куч бажара олмасди”, деб ёзган АҚШ президенти ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида.
Fox Newsʼга кўра, АҚШ Эроннинг Фордо ядровий объектига Б-2 Spirit бомбардимончилари билан 6 та бункер тешувчи бомба ташлаган. Бундан ташқари, яна икки ядровий объектга 640 км узоқликдаги сувости кемаларидан 30 та Tomahawk ракетаси учирилган.
“Эрон энди тинчликни танлаши керак. Акс ҳолда, кейинги ҳужумлар бундан ҳам каттароқ ва анча осон бўлади. Яна кўплаб нишонлар бор... Агар тинчлик тез орада келмаса, биз уларни аниқлик, тезлик ва маҳорат билан йўқ қиламиз”, дея Трамп Эронни огоҳлантирди.
У, шунингдек, бу ҳолат давом этмаслигини таъкидлади. “Ёки тинчлик бўлади ёки Эрон учун сўнгги саккиз кун ичида кўрганимиздан анча даҳшатли фожиа юз беради”, деган АҚШ етакчиси онлайн мурожаатида.
У Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуга миннатдорлик билдириб, АҚШ ва Исроил “бир жамоа сифатида ишлаганини” айтди.
“Мен бош вазир Нетаньяхуга миннатдорлик билдирмоқчиман. Биз бир жамоа сифатида, эҳтимол, илгари ҳеч ким каби, ҳамкорликда ишладик. Бу Исроил учун хавфни йўқ қилиш йўлида катта қадам бўлди. Исроил армиясига қилган ажойиб иши учун миннатдорман”, деган Трамп.
АҚШ президентига кўра, бу ҳужумларнинг асосий мақсади Эроннинг ядро бойитиш имкониятини тугатиш ва “терроризмнинг дунёдаги энг йирик ҳомийси” томонидан келаётган ядро таҳдидини тўхтатиш бўлган.
Изоҳ (0)