Рақамли детоксга қарор қилдингиз, аммо телефонсиз нима қилишни билмаяпсиз. Бу тушунарли, чунки бугун гаджетлар ёрдамида деярли ҳамма нарсани бажарамиз. Китоб ўқиймиз, таълимий видеолар ва маҳорат дарсларини кўрамиз, ҳатто махсус иловалар орқали медитация қиламиз. Аммо гаджетларсиз ҳам қизиқарли машғулотларни бажариш мумкин.
Расм чизиш
Болаликда расм чизган бўлсангиз, бу кўникмани қайтариш вақти келди. Эскиз альбоми, қалам ёки бўёқларни олинг ва хоҳлаган нарсангизни чизинг. Расмни яхши чизолмасангиз ҳам муаммо эмас. Биринчидан, янги ҳобби бошлаш учун ҳеч қачон кеч эмас. Иккинчидан, янги бошловчиларга мос келадиган осон ва тинчлантирадиган расм услублари мавжуд. Масалан, турли нақшлар, мандалалар чизиш мумкин.
Журнал варақлаш
Болаликда кўпчилик уйида турли мавзудаги — мода, саёҳат, пазандачилик, фан ҳақидаги — журналлар тўплами бўларди. Уларни варақлаш, расмларни томоша қилиш қизиқарли. Сарлавҳалар ва ажратиб кўрсатилган иқтибосларни ўқиш, қизиқ мақолаларни чуқурроқ ўрганиш мароқли эди. Кутубхонага боринг — у ерда бутун бошли журналлар тўпламини бепул (ёки абонементга) олишингиз мумкин.
Чиройли кундалик тутиш
Тан олинг, сиз ҳам бошқаларнинг кундалигидаги чиройли расмларни Pinterest’да томоша қилишни ёқтирасиз-а? У ерда қизиқарли машғулотлар, китоблар ва фильмлар рўйхати, таътил режалари ва мукаммал эрталабки тартибни топиш мумкин. Телефонсиз кун — ниҳоят кундалик тутиш ва уни чиройли безатиш учун ажойиб имконият. Маркерлар, рангли ручкалар ва стикерлардан фойдаланинг.
Мазали таом тайёрлаш
Овқат тайёрлаш ҳам ёқимли ва фойдали машғулот. Масалан, италянча пастани нолдан тайёрлаб кўринг. Бу таом минимал масаллиқларни талаб қилади ва жараён сизга завқ бағишлайди. Аввал хамир қориб, ёйинг, кейин соус тайёрланг. Помидор ва райҳон билан классик италянча соус қилиш мумкин. Шошилманг, сабзавот ва зираворлар ҳидидан баҳраманд бўлинг. Сўнгра тайёр таомни татиб кўринг.
Пазл йиғиш
Бу машғулот ҳам жуда қизиқарли. Албатта, бунда кўникмаларингиз ва бўш вақтингизни ҳисобга олиш муҳим. Агар бир кечада пазл йиғмоқчи бўлсангиз, контраст расмли 500 тагача бўлакли тўпламни танланг. Агар узоқ муддатли лойиҳага киришишга тайёр бўлсангиз, ўзингизни ҳеч нарса билан чекламанг.
Хона ўсимликларини парваришлаш
Ўсимликларни парвариш қилиш медитатив ва тинчлантирувчи машғулот. Яшил дўстларингиз аҳволини текширинг. Баргларни латта билан чангдан тозаланг ёки ўсимликларни сув остида ювинг. Қуриб қолган новдаларни кесиб ташланг. Туваги торлик қилаётган ўсимликларни қайта экинг.
Оддий мусиқа асбобини чалишни ўрганиш
Ҳатто мусиқа мактабида ўқимаган ва ноталарни билмайдиганлар ҳам мусиқа чала олади. Ёқимли, медитатив товушлар чиқарадиган кўплаб оддий мусиқа асбоблари мавжуд. Масалан, бонго барабани, глюкофон, калимба ёки ҳатто болалар металлофонини синаб кўриш мумкин.
Қўл меҳнати
Бунда вариантлар мавжуд — ип ёки мунчоқдан билагузуклар ясаш, пайпоқ ёки юмшоқ ўйинчоқлар тўқиш, эски футболкани мато бўёқлари билан безатиш ёки жинсга гуллар тикиш мумкин.
Уйда машғулот ўтказиш
Севимли мусиқага рақсга тушиш, бир неча машқларни бажариш ёки ёга билан шуғулланиш — бу ўзингизга боғлиқ. Агар спорт билан мунтазам шуғулланмасангиз, ўзингизни ортиқча қийнаманг. Оғриқ бўлганда машқларни тўхтатинг ва юрак уришингиз ҳаддан ташқари тезлашмаганига эътибор қаратинг.
Кийим жавонини тартибга келтириш
Телефонсиз кун учун айнан мос келадиган фойдали ва ёқимли иш. Шкафингизни тартибга солинг. Узоқ вақтдан бери кийилмаган нарсаларни ажратиб олинг ва уларга жой топинг. Яхши ҳолатдаги кийимларни сотиш ёки хайрия ташкилотига топшириш мумкин. Жуда эски нарсаларни қайта ишлашга топширинг. Қолганларини тартибга келтиринг. Ювиб, кичик нуқсонларни тузатинг — тугмаларини тикинг, йиртиқларни яманг.
Душ қабул қилиш
Ҳа, душ қабул қилиш ҳам хобби бўлиши мумкин. Бу тренднинг ҳатто номи ҳам бор — Everything Shower. Бу шунчаки чўмилиш эмас, балки уйингизда ҳақиқий спа муолажасини ўтказишдир. Шамларни ёқинг, ёқимли мусиқа қўйинг ва хушбўй скраб ва ниқобларингиздан фойдаланинг.
Изоҳ (0)