Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг иккинчи тур учрашувлари бошланди. 21 июндан 22 июнга ўтар кечаси навбатдаги 3 та баҳс бўлиб ўтди.

E гуруҳи доирасидаги “Интер” — “Урава” учрашуви жуда муросасиз ва қизғин тарзда кечди. Дастлаб ҳисобни Япония клуби очди. Бироқ ўйин якунига яқин миланликлар кетма-кет иккита гол уриб, драматик тарзда ғалабани қўлга киритди ва турнирдаги дастлабки 3 очкосини қўлга киритди.

Баҳснинг 11-дақиқасида Рема Ватанабе ҳисобни очди. 78-дақиқада Лаутаро Мартинес таблодаги натижани тенглаштирди, 90+2-дақиқада эса Валентин Карбони “Интер”нинг ғалаба голига муаллифлик қилди. Якуний натижа ўйин охиригача ўзгармади — “Интер” мусобақадаги илк ғалабасини қўлга киритди. “Урава” эса ҳозирча очкосиз қолмоқда.
E гуруҳи доирасидаги яна бир ўйин Аргентинанинг “Ривер Плейт” ҳамда Мексиканинг “Монтеррей” клублари ўртасида ўтказилди. Тенг курашлар остида кечган баҳсда голлар киритилмади ва ўйин 0:0 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.

2-тур якунларига кўра, “Ривер Плейт” ва “Интер” 4 очкодан тўплаб, гуруҳ пешқадамига айланди. “Монтеррей” 2 очко билан учинчи ўринда бормоқда. “Урава” ҳисобида эса ҳанузгача очко йўқ.
F гуруҳи баҳсларида ҳам иккинчи тур ўйинлари ўтказилди. Бразилиянинг “Флуминенсе” ва Жанубий Кореянинг “Улсан” клублари ўртасидаги учрашув голларга бой кечди. Биринчи таймдан кейин 2:1 ҳисобида олдинда бораётган кореяликлар иккинчи бўлимда 3 та гол ўтказиб юбориб, аламли мағлубиятга учради.

Мазкур натижадан сўнг “Флуминенсе” 4 очко билан “Боруссия Д” билан биргаликда F гуруҳида пешқадамлик қилмоқда. Жанубий Африканинг “Мамелоди Сандаундс” жамоаси 3 очко билан учинчи поғонада жойлашган. “Улсан” эса ҳозирча очкога эга эмас.
Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионати
2-тур
E гуруҳи
“Интер” — “Урава” 2:1
Голлар: 0:1 — Ватанабе, 1:1 — Мартинес (78), 2:1 — Карбони (90+2).
“Ривер Плейт” — “Монтеррей” 0:0
“Флуминенсе” — “Улсан” 4:2
Голлар: 1:0 — Ариас (27), 1:1 — Ли Жин Хён (37), 1:2 — Ум Вон Санг (45+3), 2:2 — Ноната (66), 3:2 — Фрейтес (83), 4:2 — Кено ((90+2).
Изоҳ (0)