Жазирама ёз ҳам кириб келди, бу фасл фақат кийимлар эмас, балки кайфият ва, албатта, атир танловини ҳам ўзгартирадиган давр. Аммо парфюмерия дўконида юриб, танловда адашиш ҳеч гап эмас: атирларнинг баъзилари ҳаддан ташқари ширин, бошқалари тез учиб кетади, қолганлари эса дидингизга умуман тўғри келмаслиги мумкин. Шу боис қуйидаги 3 маслаҳатни эслаб қолинг, улар ёз учун энг мос атирни топишда асқатади.

1. Енгил ва тетиклантирувчи ифорларга устунлик беринг
Ёз иссиғида фойдаланиладиган атир енгил ифорли бўлиши, тетиклантириши ва кайфиятни кўтариши керак. Бунинг учун цитрус, яшил, акватик (яъни денгиз ҳавосини эслатувчи), мевали ёки гулли ноталар асосидаги композициялар айни муддао. Бундай ифорлар ҳаддан ортиқ кучли бўлмайди, меъдага тегмайди, ҳавода енгил таралади ва ёзги кунларга мос тушади.

Иссиқ об-ҳавода ҳидлар анча фаолроқ таралади. Айниқса кучли ифорли, ўткир ёки ўта ширин атирлар иссиқ кунларда сизга ҳам, атрофдагиларга ҳам ёқимсиз бўлиб қолиши мумкин.
2. Сотиб олишдан олдин синаб кўринг

Атирни харид қилишга шошилманг. Аввал уни синаб кўриш керак. Флаконни ҳидлаб ёки қоғозга сепиб хулоса чиқариш нотўғри, чунки бу усул ифорнинг терида таралишини кўрсатиб бермайди. Тўғри усул бу атирни билакка сепиш ва камида 2 соат кутишдир. Бу вақтда сиз сайр қилиб келишингиз мумкин.
Парфюмлар уч босқичда таралади: биринчи дақиқаларда — юқори ноталар, кейин — асосий ноталар ва охирида — барқарор ифор таралади. Бир неча соат ичида атирнинг ҳақиқий ифори қандай эканини тўлиқ ҳис қиласиз.
3. Қайси турдаги атирни танлаш керак?
Ҳар бир флакон устида кўрсатилган ёзувга эътибор беринг:

- Парфюм (духи) — 6-8 соат сақланади, таркибида 30% гача эфир мойи бўлади.
- Eau de parfum (парфюмерия суви) — 15-20% концентрацияга эга, тахминан 4-6 соатгача ифор таратади.
- Eau de toilette (туалет суви) — 5-15% эфир мойи, 2-4 соатга етади.
- Eau de cologne (одeколон) — энг енгил атир тури, у 2-4% эфир мойига эга бўлиб, ҳиди узоқ сақланмайди.
Ёзда кундалик фойдаланиш учун айнан туалет суви ёки одeколон мос келади. Кучли ифорга эга парфюмни куз ва қишга қолдирган маъқул.
Изоҳ (0)