Самарқанд шаҳрида кўчада ҳеч бир сабабсиз бақир-чақир қилиб, аҳоли тинчини бузган эркак жазоланди. Бу ҳақда “Миллар” дастурида хабар берилди.
Маълум бўлишича, 34 ёшли фуқаро Самарқанд шаҳрида 14 апрель куни жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузиб, маст ҳолатда ҳеч бир сабабсиз бақир-чақир қилган ва аҳоли тинчини бузган.
“Шу кун маст эдим. Жаҳл устида видеони ёқиб сўкиндим ва видеони саҳифамга жойладим. Барчадан узр сўрайман”, дейди у.
Мазкур шахс ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ножўя гаплар мавжуд бўлган видеоларни тарқатиб келган. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан мазкур фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутган ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топилди.
Унга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Бундан аввал Сурхондарёда ЙПХ ходимини уриб, кийимларини йиртиб ташлаган аёллар узр сўраган эди.
Тошкентда ўз “Гелик”ининг ойнасини синдирган эр-хотин суд қилинган эди. Шунингдек, Самарқандда ахлоққа зид ҳаракатлар қилиб, ижтимоий тармоқ “юлдузи”га айланганлар узр сўраб чиқди.
2024 йилнинг июнь ойида 21 ёшли қиз вилоятликларни тилга олиб бўлмас сўзлар билан ҳақорат қилиб, шу қилмиши учун 15 суткага қамалганди. Ўша йилнинг июль ойи ўртасида Instagramъдаги жонли эфирда “қишлоқилар одаммас” дея ҳақоратлаган қиз жаримага тортилган эди. Instagramъда салбий фикр билдирган кузатувчиларга жавоб тариқасида беҳаё сўзлар билан вилоятликларни ҳақорат қилган қиз 10 суткага қамалганди.
Шунингдек, Тошкент аҳолисини ҳақорат қилган қиз 10 суткага қамалган эди.
Изоҳ (0)