Метан заправкада газ йўқлигидан шикоят қилиб, масъулларни танқид қилган фуқаро Ғайрат Дўстов 15 суткага қамалганди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров ушбу ҳолат бўйича фикрларини ёзди.
Депутат ўз постида қатор мавзулар хусусида сўз юритган.
“Исроф ва қадрсизлик энг катта мусибатларимиз бўлса керак. Соғлик, қадр, имконият ва маблағни игнада йиғиб, белкуракда совурадиган миллатга айланиб қолаётгандекмиз… Янги йилда италянлар эски мебелларини янги йилга ўтказмасликка ҳаракат қилишса, биз пулимизни келгуси йилга ўтказмасликка ҳаракат қилаётгандек ҳаракат қиламиз. Бозорга кирган ҳамма нарса сотилади, яна икки карра қимматига. 1 январь кунидан янги пул муомалага киритиладигандек…”, деб ёзади Қодиров.
У, шунингдек, тўйлар мавзусида ҳам фикрларини баён этган.
“Худди шундай — тўйлар… эртага кун йўқдек — исроф, тумонат, шовқин-сурон, исрофгар дастурхоннинг ярми ахлатга отилиши бир дард, оломоннинг қаҳрамони бўлишга даъвогар, суриштирсанг, ҳомийлик сўраган боласининг мактабида жанжал қилган ёки ташлаб кетган боласининг алиментига даромади етарсиз, иккиси ҳам бўлмаса, пул топиб ақл-барака топмаган омадсиз-маст эркакларнинг ғижимлаб пул сочиши яна бир дард. Ғайрати ва имкониятини қадрламайдиган жамият бўлиб қолаётгандекмиз…”, дейди депутат.
Алишер Қодиров метан заправкада газ йўқлигидан шикоят қилиб, масъулларни танқид қилган фуқаро хусусида шундай ёзди:
“Метан болага тушунмадим, барака топгур, ўзингни қадрла, ғайратингни байрамдан кейин қил, вазифаси суриштириш бўлган идоралар суриштиришга мажбур, байрамни болаларинг олдида эмас, суриштирув изоляторида ўтказишинг аниқ эди-ку? Эътирознинг тўғри-нотўғрилиги ҳақида кейинроқ ва кенгроқ, лекин бир оилада болалар отасининг тадбирсизлигидан янги йилни нафақат кайфиятсиз, отасиз ҳам кутишга мажбур бўлдилар…
Давлат, қонун, ҳукумат — бу институтларнинг ҳаммаси инсон учун ишлайди. Инсон учун ишлаш учун инсонлар учун чекловлар жорий этади ва уни қўллашга ваколатли ва мажбур. Дунёнинг исталган давлатида ҳақ ва мажбурият бир-бирига чегара чизади, қайси томон тартиблироқ бўлса, ўша томоннинг ҳудуди кенгроқ бўлган, бундан кейин ҳам бўлади.
Ўзини қадрламайдиган, топганини тушунмайдиган, исрофчи жамиятнинг ҳақ ҳудуди доимо тор бўлган, бундан кейин ҳам шундай бўлади”.
Алишер Қодировга кўра, “биз йўлнинг бошидамиз, инсон ҳар йилда бир ёшга улғайса, давлатлар, жамиятлар ўн, йигирма, айримлари эса юз йилларда бир ёшга улғаяди”.
“Кучли жамият бўлиш учун ҳали кўп тортишилади, бу зарур ва табиий жараён, лекин қанча вақт кетиши қадр ва инсоф, барака ва исроф деган тушунчаларни тезроқ англаб етишимиз ва ҳаётимизга татбиқ эта олишимизга боғлиқ. 2025 йил Ўзбекистонимизга ҳайрли ва баракали келсин”, дея қўшимча қилган у.
Изоҳ (4)
Alisher Qodirov deputat xalq tomonda turish kk, bizning deputatlar hukumat tomonda turib birga xalqqa qarshi, tili nima deyayotganidan miyasi habari yoq, millatni sharmanda qiladi
Milliy tiklanish partiyasi raisi emish
Essiz 37.5 mln aholi
Alisher Qodirovni qorni to'qda xalq qandey qiyinchilik bilan yashayotganini bilmedi. Topgan pulimiz kamunal to'lovlardan oshmayabdi. Olloh bor bularga ham
Alisher Qodirov sizni ko'p bemaza fikrlariz menga va ko'plab odamlarga yoqmaydi. Bu firkriz bilan yangi yildan oldin, fikrlaring bilan bayramni buzma demoqchimisiz? Qachondan beri fikrimizni erkin bayon qilish taqiqlangan? Haqiqat gaplari yoqmadimi? Katta mu'ammoni ko'targani uchun, haqiqatni gapirgani uchun qamaldimi? To'g'ri gap yoqmadimi?
Ha endi tanasi boshqa dard bilmasda