Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Яман пойтахти Санадаги халқаро аэропортни бутунлай вайрон қилди. Бу ҳақда Al Yemen телеканали хабар берди.

“Ҳусийларга яқин икки манба Санадаги аэропортнинг бутунлай вайрон этилганини маълум қилди”, дея таъкидланади хабарда.
Маълумотларга кўра, Исроил авиацияси асосий йўловчи терминалини ва барча техник биноларни вайрон қилган. Бомбардимон натижасида ҳаво бандаргоҳи ҳудудида турган барча фуқаролик самолётлари ҳам йўқ қилинган. Айтилишича, аэропорт атрофидаги бир нечта турар-жой бинолари ҳам шикастланган. Қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.
Аэрапортга берилган зарбалар оқибатида Yemenia Airways авиакомпаниясининг камида учта самолёти шикастланган.
Саудиянинг Al Arabiya телеканали корпуси ва қанотлари деярли тўлиқ ёнаётган самолётлардан бирининг суратини эълон қилди. Бошқа икки самолётнинг шикастланиш даражаси ҳақида маълумот берилмаган.
Бундан олдин Исроил мудофаа кучлари (SAHAL) барча фуқароларни Яман пойтахти Санадаги халқаро аэропортни ва унга туташ ҳудудларни дарҳол тарк этишга чақирган эди.
5 май куни кечқурун Аl Masirah телеканалининг маълум қилишича, Қўшма Штатлар ва Исроил биргаликда ҳусийлар назоратидаги Ходейда шаҳрига, шунингдек, Яман ғарбидаги Ал-Ходейда вилоятида жойлашган Баджел цемент заводига зарбалар берган. Мазкур завод Қизил денгиз соҳилидаги Ходейда портидан тахминан 50 километр шимоли-шарқда жойлашган.
Изоҳ (0)