Ўзбекистонда кам таъминланган оилаларга 2025 йилнинг I чорагида 19 миллиард сўмдан ортиқ ҚҚС қайтарилди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

2023 йил 1 майдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган жисмоний шахслар чакана савдо объектларидан мол, қўй ва парранда гўшти, тухум ва ўсимлик ёғи сотиб олганда харид суммасидан 1 фоиз миқдордаги кешбэк ўрнига, 12 фоиз ҚҚС (ижтимоий кешбек) суммасини қайтариб олмоқда.
2025 йилнинг I чорагида 168 146 нафар истеъмолчига 19,7 миллиард сўмга яқин ижтимоий кешбэк тўлаб берилди.
Энг кўп ижтимоий кешбек олган ҳудудлар:
- Тошкент шаҳри — 5,4 миллиард сўм;
- Самарқанд вилояти — 2,2 миллиард сўм;
- Тошкент вилояти — 1,8 миллиард сўм.
Ижтимоий кешбек ҳақида
Ўзбекистонда ижтимоий реестрга кирган аҳолига мол, қўй ва парранда гўшти, тухум ва ўсимлик ёғи харид қилганда қўшилган қиймат солиғи қайтарилиши ҳақида дастлаб 2023 йилнинг мартида президент раислигида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинганди. Давлат раҳбари бу орқали 2 миллиондан ортиқ оилага енгиллик яратилишини қайд этганди. Ўша йилнинг 1 апрелида президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Бугунги кунда ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар рўйхати қуйидагича:
- қўй гўшти;
- парранда гўшти;
- мол гўшти;
- тухум;
- ўсимлик ёғи;
- ун;
- шакар;
- дори воситалари;
- тиббий хизматлар.
ҚҚС қайтаришда қуйидагилар ҳисобга олинади:
- харид қилинган товар ҚҚС қайтариладиган маҳсулотлар рўйхатига киритилгани;
- харидор “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилгани;
- тадбиркор ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтгани.
Кешбэк олиш учун Солиқ мобил иловасида харид чекининг QR-кодини сканер қилиш лозим.
Изоҳ (0)