Ўзбекистон умумий ўрта таълим мактабининг олий малака тоифасига эга ўқитувчилари учун педагогика соҳасида мақсадли магистратура жорий этилади.

Президентнинг “Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига бу бўйича 2025 йил якунига қадар Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш вазифаси белгиланган.
Фармонга кўра, мақсадли магистратурани 2026/27-ўқув йилидан бошлаб тўлов-контракт асосида ташкил этиш кўзда тутилган. Олий малака тоифасига эга ўқитувчиларнинг ишдан ажралмаган ҳолда билим олишлари учун таълим жараёни масофавий таълим шаклида ташкил этилади.
Магистратурага фақат халқаро ташкилот томонидан аккредитациядан ўтказилган тизимда олий малака тоифасига эга бўлган ўқитувчилар қабул қилинади.
Магистратурада масофадан ўқиш ва давлат намунасидаги диплом бериш тартиби, тўлов-контракт миқдорини белгилаш ҳамда талабалар билимини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилади.
Президентнинг ушбу фармони билан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети негизида Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети ташкил этилади. 2025/26-ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич университетнинг бошқарув тизими “Янги Ўзбекистон” университети тажрибаси асосида тубдан такомиллаштирилади. Университетнинг мавжуд 14 та факультети мақбуллаштирилиб, 6 та педагогика олий мактаблари ташкил этилади. Университетнинг бакалавриат таълим йўналишларига биринчи курсдан халқаро таълим дастурлари жорий этилади.
Изоҳ (0)