Айрим турдаги товарларни божхона чегараси орқали олиб утиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан, 2025 йил 1 майдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун нотижорат мақсадларида республикага олиб кириладиган товарларни божсиз олиб киришнинг қуйидаги нормалари белгиланди:
- ҳаво транспортида - 1000 доллар (амалда 2000 доллар);
- темир йўл ва дарё транспортида - 500 доллар (амалда 1000 доллар);
- автомобиль (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали - 300 доллар;
- халқаро курерлик жўнатмалари орқали - 200 доллар (бир чоракда 1000 доллар);
- халқаро почта жўнатмалари орқали - 100 доллар (ўзгармаган).
Ўзбекистонда 1 июлдан бошлаб бирорта товар экспортига чеклов бўлмайди. Президент раислигидаги йиғилишда Солиқ ва Божхона қўмиталарига маркировкалашнинг ишлаб чиқариш ҳажмига салбий таъсирини камайтириш чораларини ишлаб чиқиш, маркировкалаш талаби бажарилиши устидан назоратни кучайтириш топширилган. Қиммат бозорларда талаб юқори бўлган айрим товарлар экспортига чеклов қўйилгани учун кўплаб имкониятлар қўлдан бой берилаётгани қайд этилган.
Эндиликда, 1 июлдан бошлаб бирорта товар экспортига чеклов бўлмаслиги эълон қилинди. Фақат 86 та товар гуруҳига кирган хом ашё ва ижтимоий аҳамияти юқори маҳсулотларга нисбатан экспорт божлари жорий қилинади. Бу тадбиркорлар учун янги имконият экани таъкидланди.
“Бир нарсани аниқ тушуниш керак. Агар тадбиркорлар қиммат бозорларга ишласа, уларда маҳсулотни кўпайтириш, сифатни яхшилашга интилиш, иштиёқ ортади, манфаат бўлади”, деди президент.
Ҳозирда қандолатчилик ва салқин ичимликлар тармоғи маҳаллий саноатнинг драйверига айланиб улгургани ва уларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди. Шу боис шакарга акциз тўлови бекор қилиниши белгиланди. Қуруқ сут импортига қўйилган чекловлар ҳам олиб ташланади.
Бунинг ҳисобига қарийб 40 минг одам ишлайдиган 5,5 минг қандолат ва салқин ичимлик ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг йиллик айланмаси камида 50 триллион сўмга етади. Ҳозирда 2,5 мингга яқин ресторан ва кафе ҚҚС тўламоқда. Йил бошидан уларга ҚҚСнинг 20 фоиздан 40 фоизгача қисмини “кешбек” сифатида қайтариш тизими жорий қилинган эди. Лекин ҳозиргача бу имтиёздан бор-йўғи 69 та умумий овқатланиш корхонаси фойдалангани кўрсатиб ўтилди.
Масалан, салқин ичимлик, торт, музқаймоқ каби 200 дан зиёд маҳсулот алоҳида-алоҳида сотилса, “кешбек” берилмаяпти. Ваҳоланки, уларга ҳам ҚҚС тўланган. Солиқ қўмитасига бу борадаги тушунмовчиликларни тартибга солиб, адолатли тизимни йўлга қўйиш топширилди.
Президент тадбиркорларни ўйлантираётган яна бир масалага тўхталди. Жойларда ер солиғи ва ижара тўловларига оширувчи коэффициент белгилаётганда унинг бизнесга таъсирини ўрганиш, тадбиркорларнинг имконияти ва молиявий аҳволидан келиб чиқиб, қарор қабул қилиш муҳимлигини таъкидлади.
“Тушумни кўпайтириш солиқ ставкасини ошириш ҳисобидан бўлмаслиги керак. Аксинча, тадбиркорга ёрдам бериб, солиқ базасини кенгайтирсак, тушум кўпаяди, тадбиркорлар ҳам рози бўлади”, деди президент.
Эндиликда тадбиркорларга ушбу солиқларни йилда иккига бўлиб тўлашга рухсат берилади.
Изоҳ (0)