Навоий вилояти Хатирчи туманида олтин конини портлатиш мақсадида портлатиш қурилмасини ясаган шахсга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд “Дарё”га хабар берди.

Тергов ва суд жараёнларида аниқланишича, Ш.Н. 2024 йилнинг март ойларида Хатирчи тумани “Бахшижар” маҳалласидаги хонадонида қўлбола усулда тайёрланган уч дона портлатиш қурилмаларини ноқонуний равишда сақлаб келган. Бу ҳолат 2025 йил 14 январь куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида аниқланган.
Судда Ш.Н. ўз айбини тўлиқ тан олди. У портловчи қурилмаларни олтин конини портлатиш мақсадида ясаганини таъкидлаган. Қурилмаларни ясашни эса интернетда рус тилидаги видео орқали ўргангани, қишлоқ хўжалиги ўғити, порох ва электр симларидан фойдалангани маълум қилинди.
Айбланувчи таъкидлашича, портловчи қурилмаларни ҳеч қачон ишлатмаган ва бошқа зарарли мақсадда қўллаш нияти бўлмаган. Ушбу ҳаракатларни ўз хонадонида, якка ҳолда амалга оширганини қайд этди. Қурилмаларни тайёрлаш ва сақлаш учун зарур бўлган ҳеч қандай расмий рухсат ёки лицензияга эга эмаслиги ҳам тасдиқланган.
Суд ҳукмига асосан, эркак 2 йил озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди. У мазкур даврда фақат иш жойига бориш ва уйга қайтиш учун керакли вақтдан ташқари қолган вақтда яшаш жойидан чиқиши мумкин эмас.
Ўзбекистонда ўқотар қурол ва унинг ўқ-дориларини, портловчи модда ва портлатиш қурилмаларини ички ишлар органлари ихтиёрига топширганлар жавобгарликдан озод этилади. 2024 йилнинг августида ўқотар бўлмаган қуролни ўз ихтиёри билан топширганлар ҳам жавобгарликдан озод қилиниши белгиланган.
Изоҳ (0)