12 январь санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Нью-Йоркда отиб кетилган рус бокс афсонаси, Гаитида 300 минг инсон ўлимига сабаб бўлган зилзила ҳамда ўзини крионлашларига рози бўлган америкалик профессорга оид фактлар ўрин олган.
Нью-Йорк отиб кетилган рус боксчиси
Олег Коротаев энг иқтидорли совет боксёрларидан бири бўлиб, жаҳон спорти юлдузига айланиши мумкин эди, бироқ у 1994 йил 12 январда АҚШда отиб кетилган эди.Совет бокс мактаби дунёдаги энг яхшилардан бири бўлган ва жаҳонга ўнлаб иқтидорли спортчиларни тақдим этган. Қаттиқ рақобат муҳитида 15 та республиканинг ҳар биридан ўнлаб спорт усталари СССР терма жамоаси аъзолиги учун курашган. Шу каби ёш спортчилардан бири Олег Коротаев бўлиб, у совет даврининг энг олди боксчиларидан бири ҳисобланган.
Олег Коротаев 1949 йил 4 сентябрь куни Свердловскда дунёга келган. Отаси оилани эрта ташлаб кетгани боис Коротаев ёшлигидан масъулият нималигини ҳис қилиб улғайган. У 14 ёшидан бошлаб бокс билан шуғулланишга киришган, тез орада кечки мактабда ўқишга ўтиб, ўқиш ҳам, машғулотларга ҳам, ҳатто ишлашга ҳам вақт топа олган.
Бўш ҳар бир дақиқасини боксга бағишлаган Коротаев жадаллик билан ривожлана борган. 17 ёшида у бутуниттифоқ биринчилигида ғалаба қозонган. Кучли зарбага эга иқтидорли йигит таниқли мураббий Георгий Жероян эътиборига тушган. Шундан кейин Олег Москвага кўчиб ўтади ва Жисмоний тарбия университетига ўқишга киради.
Октябрь ойида у Кубадаги нуфузли турнирга йўл олган. Биринчи жангда у германиялик Курд Андерсонни дастлабки раунддаёқ нокаутга учратган. Иккинчи жангда ўрта оғир вазндаги боксчи кубалик Вегуни қулатган — уни рингдан замбилда олиб чиқиб кетишган. Ниҳоят финал учрашувида Панамерика ўйинлари чемпиони Луис Валеро унга қарши рингга кўтарилган. Маҳаллий томошабинлар ўз юртдошининг ғалабасига ишонган, аммо Коротаев шафқатсизларча, муддатидан олдин ғалаба қозонган. Коротаевнинг ғалабасини ҳатто команданте Фидел Кастро ҳам эътироф этганди.
1971 йилда Олег АҚШ ва СССР терма жамоаларининг учрашувида иштирок этган. Ўшанда совет делегацияси Лас-Вегасга йўл олганди. Терма жамоани афсонавий Жо Луис кутиб олган, улар ҳашаматли Caesars Palace меҳмонхонасига жойлаштирилган. Бу каби чалғитувчи омилларга қарамасдан Коротаев юқори даражада чиқиш қилган. Биринчи жангда у Натаниэл Жексонни нокаутга учратган, иккинчисида спарринг-шериги Муҳаммад Али, ундан кейин АҚШ чемпиони Уильям Ратлифф устидан ғалаба қозонган.
Олег Коротаев бутун карьераси давомида 196 та учрашув ўтказган бўлиб, унинг 187 тасида ғалаба қозонган (160 тасини нокаут билан).
1970 йилда бокс бўйича терма жамоага Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, СССР чемпиони Анатолий Степанов тайинланган. Қаттиқ ва бетгачопар характерга эга Олег мураббий билан яхши тил топиша олмаган. Айнан шу сабабли у Мадриддаги мусобақада қатнашиш имкониятини қўлдан бой берган. Омадсизликлар шу билан тугамаган, Коротаев оёқ пайларини қаттиқ жароҳатлаб олган. 1972 йилда боксчи яна рингга қайтган — Ленинград турнири финалида у Европа чемпионатида ўзининг ўрнини эгаллаган Метелёв устидан нокаут билан ғалаба қозонган.
Аммо Степановнинг бахтига Олег кутилмаганда СССР биринчилиги финалида мағлубиятга учрайди ва Олимпиадада иштирок этиш имкониятларини камайтиради. Коротаев терма жамоа базасига ярим соат кечикиб келгани эса, унинг барча имкониятларини йўққа чиқарганди. Ўшанда Степанов ақл бовар қилмас даражада жанжал кўтариб, спортчини барча унвонларидан маҳрум этишни талаб қилган. Терма жамоа мураббийининг талаби қондирилган. Шундай қилиб, 23 ёшида спортчининг карьерасига нуқта қўйилганди. Бокс бўйича СССР термаси Мюнхен Олимпиадасида мағлуб бўлгач, унинг раҳбарияти ўзгарган. Олег шу заҳоти таркибга қайтарилган ва карьерасини янгидан бошлаган.
1973 йилда Олег Европа чемпионатида қатнашади. Турнир сеткаси бўйлаб худди танк каби ҳаракатланган боксчи ярим финалда қитъанинг амалдаги чемпиони Югослав Мате Парлов билан рингга кўтарилган. Олег биринчи раунддаёқ уни нокдаунга учратган. Аммо болқонлик спортчи тезда ўзини ўнглаб олади ва «ифлос ўйин» орқали совет спортчисининг қошини ёради. Рефери қоидабузарликка эътибор қаратмаган, шифокор эса учрашувни тўхтатади. Шундан сўнг Олегнинг ҳолати барқарорлашмайди.
Омадсизликлари фонида Олег режимни тез-тез буза бошлайди. Ярим тунгача ресторанларда кайфу-сафо қилади, кўнгилхушликлар, жанжаллар. Шу каби воқеалардан бирида Коротаев ИИВ раҳбари Николай Шёлоковнинг ўғли Игорни майиб қилиб қўйган. У икки ой давомида даволанишига тўғри келган, Олегни эса ҳибсга олишган.
Ярославл колонияси деворлари ортида Коротаев криминал оламга аралашиб қолган ва озодликка шу доирадаги катта-катта танишлар орттириб чиққан. Аммо орадан кўп ўтмай, 1985 йилда у жанжал учун яна судланиб, қамоққа қайтган.
Коротаев 1988 йилда озодликка чиққач, яна Москвага қайтган. Собиқ боксчи бизнес билан шуғулланишга киришган. У айнан нима иш қилганини ҳеч ким аниқ айта олмайди, аммо кўпчиликнинг фикрича, Олег бир нечта уюшган жиноий гуруҳлар ишига алоқадор бўлган. Олегнинг бойлиги тезда орта борган. У автомобилларини қўлқопдек алмаштирган ва оиласини совға-саломларга кўмиб ташлаган. Аммо 1990 йилларда барчаси тез ўзгарди. Тез орада бутун мамлакат бўйлаб жиноят олами вакиллари қўлга олина бошланган.
Шундай кунларнинг бирида Коротаевнинг махсус хизматларда ишлайдиган эски дўстларидан бири уни ҳам «олиб ташлашмоқчи» эканини айтган. Олег бу маълумотни жиддий қабул қилмаган, аммо кузатувга олинганини пайқагач, 1992 йилга АҚШга кўчиб кетган.
У ерда собиқ боксчи иккинчи марта уйланган, туристик компанияда вице-президент сифатида иш бошлаган. Шу билан бирга у оиласи билан алоқаларини узиб юбормаган. 12 январь куни Нью-Йоркдаги «Арбат» ресторанидан чиққан Коротаевга автомобиль юбориш таклифи билдирилганида у қуйидагича жавоб берганди: «Керакмас, бугун мени ўлдиришади…».
Шу кеча мазкур ресторан қаршисида унинг гарданига ўқ узиб кетилганди. Қотилликка айнан нима сабаб бўлгани номаълум. Коротаевнинг дафн маросими Москвада бўлиб ўтган.
Гаитида 300 минг инсон умрига зомин бўлган зилзила
2010 йил 12 январь куни Гаитида юз берган зилзила мамлакат тарихидаги энг ҳалокатли ер ости силкинишига айланганди. Маҳаллий вақт билан соат 16:53 да рўй берган биринчи зилзила кучи Рихтер шкаласи бўйича 7 баллдан ошган. Унинг ортидан яна ўнлаб кучсизроқ силникишлар содир бўлган. Биринчи зарбанинг ўзида мамлакат пойтахти Порт-о-Пренсда минглаб бинолар қулаб тушган, бутун бошли даҳалар вайронага айланган. Шаҳарда энергия таъминоти бузилган, телефон ва бошқа алоқалар узилган. Шаҳар шифохонасида, президент саройи, қатор вазирликлар бинолари қулаб тушган.Табиий офат оқибатида 250 мингдан 300 минг оралиғида инсон ҳалок бўлган, 3 миллионга яқин одам жароҳатланган, бир миллиондан зиёд киши бошпанасиз қолиб, қочоққа айланган. Мамлакат иқтисодиётида катта зарар етган — 9 миллиард долларга яқин. Бундан ташқари, мамлакатда вабо эпидемияси бошланиб, яна 7 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган.
Ҳозирда Гаити ғарбий яримшардаги энг қашшоқ давлатлигича қолмоқда — 60 фоиз гаитилик оғир аҳволда кун кечиради. 2010 йилги зилзиладан ўзига келишга улгурмаган мамлакат 2016 йилда кучли Метю довулига дуч келганди.
Биринчи марта инсоннинг крионланиши
1967 йил 12 январь куни АҚШда биринчи марта тирик инсон устида криосақлаш амалиёти ўтказилганди. Психология профессори бўлган Жеймс Бедфорд крионикадан фойдаланган илк инсонга айланган.Жеймс Бедфорд 73 ёшида келажакда тиббиёт саратонни енгишига умид қилган ҳолда крионикага рози бўлган. Жараён Калифорниянинг Глендейл шаҳрида ўтказилган. Бедфордни крионлашда Cryonics Society of California мутахассислари — таниқли криобиолог Роберт Прегода, шифокор ва биофизик Данте Брунол, жамият президенти Роберт Нелсон ва Бедфордни даволаган шифокор Рено Эйбл иштирок этган.Беморнинг юраги тўхташи билан докторлар Вест ва Эйбл сунъий қон айланишни ишга туширган, жасад устига муз сепиб, унинг чиришини секинлаштиришга киришган. Бир соатдан кейин Роберт Нелсон крионлашга тайёргарлик бошлаган. Бедфорднинг танаси диметилсулфоксид ҳимоя эритмаси билан қопланган ва секин- аста қуруқ муз ёрдамида ҳарорати -79 даражага туширилган. Бир неча кундан кеюн у суюқ азотга сақланиш учун жойлаштирилган.
Профессор Бедфорднинг қутқарилиши биринчи омадли уриниш бўласа-да, умумий криосақлаш йўналишидаги илк тажриба эмасди. 1965 йил майда Вилма МакЛафлинни крионлаш кўплаб сабабларга кўра узилиб қолган: криостатнинг йўқлиги, қариндошлари ва роҳибнинг қаршилиги, шифохоналарнинг ҳамкорликдан бош тортгани ва ҳоказо. 1965 йил октябрда қариндошларининг пассив позицияси сабаб технологик прогнозлаштириш бўйича етакчи мутахассис Дандрижа Коланинг киронланиши тўхтаб қолган. 1966 йил апрелда эса Лос-Анжелесда яшовчи аёл бир неча ойга музатилган, аммо крионлаш унинг ўлимидан узоқ вақт ўтганидан кейин амалга оширилгани боис, икки ойдан кейин аёлнинг жасади эритилган.
Профессор Жеймс Бедфорд крионика ва криобилогия соҳасидаги тадқиқотлар учун 100 минг доллар мерос қолдирган. Аммо 1973 йилда биринчи беморни сақлаш ва ташиш ушбу маблағдан 2,5 баробар қимматга тушган. Бедфорднинг ҳозирга қадар сақланишини таъминлаётган нарса унинг қариндошлари, хусусан, ўғли Норманд Бедфорд шарофати билан амалга ошмоқда.
1976 йилда Галисо суғурта компанияси Бедфорднинг танаси сақланаётганидан хабар топиб, агарда у бошқа жойга кўчирилмаса суғурта тўламаслик билан таҳдид қилган. Шу сабабли 31 июлда Жеймс Бедфорд солинган контейнер Trans Time крионика компаниясига юборилган ва 1977 йил 1 июнга қадар ўша ерда сақланган. Ортиқча харажатлар ва сўровлар кўплиги сабаб бу компания ҳам ўз хизматини кўрсатишни тўхтатган ва профессорнинг қариндошлари унинг танасини олиб кетган. Улар ўзлари мустақил равишда ижарага олинган кичик омборхонани жиҳозлаб, фойдаланишга киришган.
1991 йил 25 майда Жеймс Бедфорд Галисо захира криокапсуласидан стандарт тўрт кишилик «Алкор» криостатига кўчирилган. Бу вақтда давомида Бедфорд суюқ азот билан тўлдирилган очиқ ваннага ҳам чиқарилиб, танаси кўздан кечирилган. Текширув унинг танасида ҳеч қандай ўзгариш кузатилмаганини кўрсатган ва уни сақлаш ҳарорати бирор марта ҳам -70 даражадан ошмаган.
1980 йиллар охирида Калифорния Соғлиқни сақлаш департаменти «Алкор» фаолиятини ноқонуний деб топган. Юридик хатарлар Бедфорд ва бошқа криомижозларнинг эритилишига олиб келиши мумкин эди. Аммо узоқ давом этган суд жараёнлари сабаб компания ўз мижозлари хавфсизлигини таъминлашга эришган.
«Кун хронологияси» лойиҳаси доирасида ҳар куни эрталаб соат 09:30 да ушбу санага боғлиқ энг муҳим ва қизиқарли воқеалар ёритиб борилади.
Изоҳ (0)