Учувчи Чарльз Линдбергнинг шахсиятига қайси томондан қаралмасин, у ўзига хос. Биринчидан, у тақдири ва муваффақиятларини бутун дунё кузатган биринчи жаҳон юлдузи бўлди; унинг ҳар бир сўзи эътибордан четда қолмас, шахсий ҳаёти эса ҳар бир америкаликни қизиқтирар, ютуқлари Атлантика океанининг ҳар икки тарафи учун улкан натижа эди. Иккинчидан, унинг нацистлар Германияси ғояларини ёқлагани кўплаб муаммоларни келтириб чиқарди. Шунда Чарльз Линдберг саноқли соатларда биринчи рақамли америкаликлардан, “Биринчи рақамли давлат душмани”га айланади (Рузвельтнинг сўзларига кўра). “Дарё” “100 буюк инсон” лойиҳаси доирасида Атлантика океанидан ёлғиз ўзи илк бор учиб ўтган Чарльз Огастус Линдберг ҳақида ҳикоя қилади.
Ёш учувчи
Кўплаб даҳо ва таниқли шахсларда бўлгани каби мактаб ҳамда университет даврида Чарльз алоҳида қобилиятлари билан ажралиб турмаган. У техникаларга жуда қизиқар, жумладан, отасининг Сахон Сих машинасини яхши кўрарди, аммо шу билан эътиборга молик барча қобилиятлар тугайди.
Линдбергнинг ҳақиқий қизиқиши учишга иштиёқи пайдо бўлган Висконсин университетида уйғонади. Ёш йигит учун у даврлар анча ёқимсиз эди, чунки ота-онаси ажрашиб кетади, ўқиш учун эса пул йўқ, вақт ўтиши билан университетни ҳам ташлашга тўғри келади.
Линкольнга йўл олган Чарльз Небраска Aircraft Corporation компаниясининг маҳаллий учиш мактабига кадет бўлиб ўқишга киради. Бироқ бюрократик чигалликлар бўлажак учувчига ўқишни давом эттириш имконини бермайди. Пулнинг йўқлиги эса йигитга қаттиқ босим ўтказар, бу орқали у ўзининг чорасиз ҳолатда ҳис қиларди. Отаси таниқли конгрессмен бўлишига қарамай, ундан бирор ёрдам келмайди. Бу эса Линдбергни ишлашга мажбур қилади ва шу орқали унинг тақдири белгиланади.
Небраскадан Монтана штатига кўчиб ўтган йигит механикликдан парашютчиликкача бўлган ишларни бажаради. Ҳаво циркидаги унинг акробатик сакрашлари ўз атрофига оламонни тўплашга хизмат қиларди. Одамлар “Кичкинтой Линдберг” лақабли ҳеч нарсадан қўрқмайдиган йигитнинг чиқишларини томоша қилиш учун қўшни штатлардан кела бошлайди.
Ўзига етарли даражада пулни ишлаб олган Чарльз аввалига отасининг Миннесотадаги уйида яшаш учун йўл олади, ярим йил самолётларни кузатади, улар боши устидан учиб ўтишни бошлаганидан кейингина фикрларини жамлашга қарор қилади. Унинг руҳий азобининг меваси 500 долларлик харид эди — минилган ЖН-4 Женнй биплан бўйича битим якунланганидан бир соат ўтиб, у ҳаво кемасини синаб кўради.
Hotel Lafayette ва Brevoort Hotel меҳмонхоналарининг эгасини эълони ёш, тажрибасиз бўлган Чарльз Линдбергнинг эътиборини тортади. Реймонд Ортейга Атлантика океани орқали Нью-Йоркдан Парижга қадар тўхтамасдан учган инсонга 25 минг доллар миқдорида мукофот ваъда қилганди. Бу оламшумул машҳурлик учун биринчи қадам эди.
Атлантика океани устидан учиб ўтишга тайёргарлик
Чарльз Линдберг ҳаётини аввал ва кейинги бўладиган бир нечта босқичлар мавжуд. Ҳар бир босқич ҳақида алоҳида маълумот берамиз, аммо уларнинг энг машҳури, албатта, “камбағалликдан шоҳликка” қадами эди. Ҳеч ким бўлган йигит 33 соат ичида афсонага айланди.
Чарльз ҳисоб бўйича Атлантика океанини ҳаво кемасида кесиб ўтмоқчи бўлган 13-одам эди. Ёлғиз учиш — жаноб Ортейганинг асосий талаби бўлган, чунки 1919 йилда британиялик Жон Алкок ва Артур Браун модернизация қилинган Виcкерс Вимйъда трансатлантик парвозни амалга оширганди. Аммо ёлғиз учиш бу шерик билан парвоз қилишдан мутлақ бошқача — бунда ягона шерик шовқинли овоз чиқараётган самолёт мотори.
Қизиққон ва романтик Линдберг саргузаштга қизиқиб қолади. 25 ёшида у ҳаво акробатлари шоусида юлдуз эди холос, аммо ёш йигит ўз потенциалини анча юқори баҳоларди. Ҳар доимгидек чақирувни қабул қилишда энг муҳим муаммо юзага келади — пул. Чарльзда шахсий самолётни сотиб олиш учун маблағ етмасди, шу сабабдан Сент-Луис шаҳридаги тадбиркорлардан ёрдам сўрашга киришади.
Унинг ўзига хос парвоз шоуларидан завқланган икки маҳаллий бизнесмен унга ёрдам беришга қарор қилади. Бизнесменлар ҳар бири муваффақиятнинг ҳеч қандай кафолати йўқлигини яхши тушунарди, энг муҳими трансатланик парвозга уринган олдинги номзодларнинг ўлими сарфланган пуллар қайтарилмасдан қолиши мумкинлигини кўрсатган.
Шунга қарамай, ишлар бошлаб юборилади. Чарльз Линдбергнинг тавсияси билан мавжуд самолёт моделини харид қилиш ёки модернизация қилиш фикридан воз кечилиб, уни нолдан бошлаб йиғишга киришилади. Олд ойнаси йўқ ва қулайликлари минимум даражада бўлган “Сент-Луис руҳи” шу йўсинда пайдо бўлди. Унинг ўлчамини катталиги кўплаб экспертлар кулгисига сабаб бўлади, фронтал кўрувчанлик имкониятидан маҳрум эканини эса одамлар масхара қила бошлади. Ҳисоб-китоб қатъий эди — самолётни имкон қадар кўпроқ ёнилғи баклари билан жиҳозлаш керак, атрофни кузатиш учун эса ён томонга бошни чиқаришнинг ўзи кифоя.
Параллел равишда Чарльз Робертсон Aircraft Corporation почта компаниясига ишлаб ўзига парвоз соатларини тўплай бошлайди (тез орада улар ҳам трансатлантик парвозга пул тикади). Узоқ давом этмаган почтальонлик карьераси давомида Линдберг ҳаво кемасини икки марта қаҳрамонларча қўндиради — ёмон об-ҳаво шароитида ва деярли ёнилғисиз қолганида. Қаттиқ қўнишлар моҳирона амалга оширилгани сабаб учувчига ҳам, юкларга ҳам шикаст етмайди.
Трансатлантик парвоз
Линдбергнинг моноплани Сан Dieгодан Нью-Йоркка — деярли бутун мамлакат бўйлаб учиш орқали синовдан ўтади. Муваффақиятли парвоз Нью-Йоркдан Парижга учиш учун яхши башоратларни тақдим этарди.
1927 йилнинг 20 май тонгида “Сен-Луис руҳи” самолёти учиш-қўниш йўлагига етиб келади. Шу куни 25 минг доллар мукофот пули учун яна иккита самолёт ҳавога кўтарилиши керак эди. Аммо 25 ёшли Чарльздан бошқа ҳеч ким пойгада иштирок этишни истамайди.
“Бу океан устидан учиб ўтишга бўлган тайёргарликдан кўра, дафн жараёнига кўпроқ ўхшарди”, деганди Линдбергнинг ўзи.
Чарльз бутун дунё диққат марказида бўлган воқеага қуйидаги юк билан отланади: бир моторли механизм, моноплан, 1704 литр ёнилғи, 5 та сендвич, жўхори, 1 литр сув, парашютсиз, рациясиз ва олд ойнасиз.
“Парижга етиб борсам, ҳеч нарсага эҳтиёжим бўлмайди. Агарда Парижга етиб бора олмасам, ҳеч нарсага эҳтиёжим қолмаган бўлади”, дейди у.
Ҳавога оғир кўтарилиш ва электр тармоқларига урилиб кетишига бир баҳя қолган “Сент-Луис руҳи” Париж томон йўл олади. Уйқу ва дам олишларсиз 33,5 соатлик парвоз. Эртаси куни АҚШ аҳолисининг чорак қисми Чарльз Линдбергнинг Ле-Буржега қўнгани ҳақидаги янгиликни кутиб, радиоприёмникларига қулоқ тутиб ўтирарди. Соат 22:24 да кичик оқ самолёт минглаб кишидан иборат оламон орасига қўнишни бошлайди. Французлар цивилизациянинг янги қаҳрамонини қарши олиш учун барча ишларини ташлаб келганди.
5,8 минг километр ортда қолди, олдинда эса шон-шуҳрат, иззат ва ҳурмат шиддати кутиб турарди. Линдбергомания нафақат АҚШни, балки бутун Европани қамраб олди. “Сент-Луис руҳи” Европа давлатлари бўйлаб учиб, янгидан янги мухлислар армиясини тўплади. Букингем саройидаги қабулда Чарльз қирол Георг V дан ноодатий саволга дуч келади, у океан узра учиб ўтаётганида ҳожатини қаерга чиқаргани ҳақида сўраган эди.
“Алюминий контейнери бор эди, Франция узра учиб ўтаётганимда уни ташлаб юбордим…”, — дейди Линдберг.
Шу ондан бошлаб Чарльзнинг ҳаёти бутунлай ўзгариб кетди. Ҳеч кимга таниш бўлмаган почта учувчисидан дунёдаги биринчи рақамли юлдузга айланди. Ундан интервью олиш орзусида бўлган журналистлардан қочиб қутулиб бўлмасди, Чарзлнинг ота уйи ҳам кўплаб мухлислари томонидан “қуршаб олинди”.
Ақл бовар қилмас машҳурлик
Штатларга қайтиб келиши билан Линдбергни қатор мукофотлар кутиб турарди: “Шон-шараф” медали, “Парвоздаги хизматлари учун” хоч, авиациянинг олтин медали, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари полковниги унвони, Time журнали версияси бўйича “Йил одам”.
Чарльзнинг машҳурлиги унинг таъсир доираси каби ўсиб борди. “Биринчи рақамли америкалик”нинг фикри ўша йилларда кўплаб ижтимоий, иқтисодий, илмий ва ҳатто сиёсий масалаларда ҳал қилувчи бўлди. Линдбергнинг Гуггенхайм оиласи билан суҳбатлашиб, уни Роберт Годдард лойиҳаларини молиялаштиришга кўндиргани бунга ёрқин мисол бўла олади. У ракеталарни лойиҳалаштириш билан жиддий шуғулланган конструктор олим эди. Айнан унинг муваффақиятли ишлари натижасида ракетасозлик соҳаси олдинга силжиди, шунингдек, сунъий йўлдошларнинг космосга павозларини таъминлади.
Шундан кейин Чарльз АҚШ ҳукуматининг топшириғига биноан бошқа давлатларга дўстлик алоқаларини ўрнатиш учун ташрифларни амалга ошира бошлади. Ушбу учрашувларга унга расмий элчилар ва дипломатлар ҳамроҳлик қилди. Мексикага амалга оширилган шу каби ташрифларнинг бирида у бўлажак рафиқаси билан танишиб қолади. У Американинг Мексикадаги элчиси Дуайт Морроунинг қизи — Энн эди. Жамоатчилик “Нега айнан у?”, деган саволни ўртага ташларди, чунки машҳур учувчи ҳар куни ўзи мухлисаларидан юзлаб мактуб оларди. Бунга жавобан Чарльз Линдберг Энн суҳбат давомида унинг шахсиятига боғлиқ бирорта ҳам аҳмоқона савол бермаган ягона инсон эканини айтганди.
Ўша йилнинг ўзида “Биринчи рақамли америкалик” китоб чиқаришга қарор қилади. У шу қадар машҳур эдики, китоб шубҳасиз муваффақиятга эришарди. “Биз” номини олган автобиографик асар зудлик билан бесцеллерга айланади. Чарльз унда ўзининг трансатлантик парвози ҳақида батафсил маълумот беради.
Аммо Линдберг ўз машҳурлиги товонини кейинроқ, 1932 йил 1 мартда тўлайди — шу куни Чарльзнинг ўғли Огастес ўғирлаб кетилади.
Машҳурлик ва ОАВ эътиборидан чарчаган Линдберглар хотиржамлик хоҳлаб қолади. Чунки оила асал ойини ҳам бемалол ўтказмаганди. Энн бўлса учувчининг рафиқасига айланиб, худди одамлардан яширинишга мажбур бўлган жиноятчига айланганини таъкидларди.
1 март тонгида 20 ойлик болани ўз кароватидан топишмайди. Биринчи навбатда гумон энагага тушади — у ўзининг алоқадорлигини буткул рад этади. Жиноят жойида топилган нарвоннинг бир оёқ қўйгичи синган, унинг остида эса турли ўлчамдаги эркак пойабзал ларининг изи бор эди. Бу жиноятчи бир киши бўлмаганини билдирарди.
Шу билан бирга, ўғирлик жойида қолдириб кетилган хатда бола учун 50 минг доллар талаб қилинганди. Янгилик яшин каби ҳамма жойга тарқалади. Бутун Американинг севимли инсонига ким ёмонлик қилиши мумкин эди? Уй эгалари ва хизматкорларга тўла хонадондан қандай қилиб болани ўғирлаш мумкин?
Эннинг сўзларига кўра эри бир томчи ҳам кўзёш тўкмасдан, бутун дардини ичига ютиб, терговга ёрдам кўрсатган. Асосий гумонланувчи инглиз оқсочи — Ваёлет Шарп эди, шу куни у кинотеатрга кетдим дея, уйда бўлмаган. Қайта сўроқ вақтида у дўсти билан учрашгани ҳақида кўрсатмасини кутилмаганда ўзгартиради. Яна бир маротаба полиция маҳкамасига чақирилганида эса у ўз жонига қасд қилади.
Линдберглар учун пул масаласи аҳамият касб этмасди, улар фақатгина болани қайтаришни хоҳларди. Чарльз полиция ва ОАВ ёрдамида ўғриларга мурожаат қилиб, пулни топшириш вақтини келишади. Жамиятдаги турли қатлам вакиллари ўз ёрдамларини таклиф этади: президент Гувердан тортиб, давлатнинг биринчи рақамли душмани Ал Капонегача.
Жиноятчилар билан алоқа учун криминал олам вакиллари ёлланади, аммо янги мактубларда ўғрилар ушбу ўртакашлардан воз кечиб бошқа инсонни — нафақадаги олим Жон Френсис Кондонни танлайди. Охир-оқибат томонлар Bronksдаги Вестланд қабристонида учрашишга келишади.
Учрашувда Кондон ва Линдбергнинг ўзи ҳам иштирок этади. Уларнинг олдига қора кийим ва ниқобда бўлган инсон яқинлашади. У боланинг аҳволи яхши экани ва тез орада уни қайтариб олишларини билдиради. Аммо кутилмаганда болага бирор нима бўлган бўлса, ўзини ҳам қатл этиш-этмасликлари ҳақида савол беради. Унинг сўзларидан ҳайрон қолган Кондон ва Линдберг бола тириклиги ҳақида исбот талаб қилади. Болакай ўғирланган кечадаги кийимнинг юборилиши Чарльзни хотиржам қилади ва у ўғриларга белгиланган пулни беришга тайёрлигини айтади.
Кейинги учрашувда Кондон ва Линдберг пулни номаълум кимсага топширади. Шундан сўнг болани қидириб топиш бўйича йўриқномани олади. Жиноятчининг сўзларига кўра, болакай уларни Массачусец штати қирғоғидаги қайиқда кутади.
Аммо на соҳил қўриқчилар, на полиция ва гидропланда учган Линдбернинг ўзи ўғриланган фарзандини топа олади. Энг даҳшатлиси кейинроқ рўй беради: Линдберглар уйидан бир неча километр наридан бола жасади топилади. Бу бутун жамоатчиликнинг оёққа туришига олиб келганди. Ўтган шунча вақт давомида мамлакат ўлган болани қидириш билан шуғулланаётган эди. Экспертизага кўра, кичик Чарли зинадан йиқилиш вақтида боши билан урилгани оқибатида вафот этган.
Жиноятчиларни топишнинг ягона йўли уларга белги қўйиб берилган олтин сертификатларнинг кузатилиши эди. Бутун мамлакат бўйлаб сертификатларни нақдлаштириш ҳолати полиция томонидан кузатилади ва орадан икки йил ўтгач жиноятчилар топилади.
Нью-Йоркдаги бензоколонкада немисча аксентда гапирган эркак сертификат билан тўловни амалга оширади. Шохобча эгаси банкнотани нақдлаштира олмаслигидан қўрқиб, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилади. Ёзиб олинган автомобиль рақами сабаб полиция ностандарт пул воситаларининг эгаси изини топади. У Германиядан келган дурадгор Бруно Ричард Хауптманн бўлиб чиқади.
Бундай инсонлар жазосиз қолмаслигини халққа кўрсатиш керак эди, шу сабабдан суд ҳайъати иштирокида 11 соат ўтказилган йиғилишдан кейин якуний ҳукм қабул қилинади — ўлим жазоси. 1936 йилнинг 3 апрелида Бруно электр стулида қатл этилади. У ўз айбини тан олмайди, ҳатто қариндошлари учун 90 минг доллар берилишини айтганида ҳам болани ўғирламаганини таъкидлаган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Бруно ўз ўлимини мутлақ хотиржамлик билан қабул қилган, бунга фақат кучли иродага эга ва кўнгли тоза инсон қодир.
Ушбу воқеалардан кейин Чарльз Қўшма Штатлардан Европага кўчиб кетишга қарор қилади, у ерда учувчи ўз ватанидагидек машҳур эмасди. Линдберглар Германияда яшай бошлайди ва шундан кейин “Биринчи рақамли америкалик”нинг тарих варақаларида қора кунлар бошланади, у энг хавфли АҚШ фуқаросига айланади.
Иккинчи жаҳон уруши
Берлинда ўтказилган 1936 йилги Олимпиада ўйинларининг энг муҳим меҳмони Чарльз Линдберг эди. Адолф Гитлер бошчилигидаги Германиянинг янги раҳбарияти АҚШ фуқаросига яхши эътибор қаратарди. Линдбергни бир неча ҳафта давомида турли немис аэродромларига олиб боришиб, Германия ҳаво кучларининг техник кучини намойиш этишади. Чарльз бўлса ўз ҳайратини яшириб ўтирмаган, матбуот билан мулоқотда немис давлатининг авиация саноати юқори даражада эканини айтарди. Унинг ҳар бир сўзи New York Timesъда қайта чоп этилиб, АҚШ фуқароларини ўзлари яхши кўрган инсонга бошқача назар билан қарашга мажбур этарди.
Линдберглар оиласи Германияга бутунлай кўчиб ўтиш ҳақида ўйлай бошлайди. Бу ерда журналистлар уларни безовта қилмайди, атрофда тартиб ва қонун устуворлиги, Чарльз немис халқи ва раҳбариятидан миннатдор. Аммо барча режалар бир кунда барбод бўлади. “Биллур кеча” — Берлиндаги яҳудийлар яшайдиган даҳаларда юз берган босқинлар америкаликларни даҳшатга солади. Линдберг Германияда яҳудийлар масаласи ҳақиқатда қалтис бўлгани, аммо давлат органларининг бундай репрессив ҳаракатини оқлаб бўлмаслигини тан олади. Оила зудлик билан уйига қайтади, аммо бу ерда ҳам эндиликда уларни хушлашмас эди.
АҚШ президенти Франклин Рузвельт очиқ-ойдин Линдбергни мамлакатнинг биринчи рақамли душмани деб атайди. Кўп ўтмай афсонавий учувчига ёмонотлиқ қилишга қаратилган жиддий кампания бошланади. Бунинг натижасида Линдбергнинг ўзи ўғлини ўғирлаб, уни ўлдиргани ҳақида миш-мишлар пайдо бўлади.
Японларнинг Перл-Харборга ҳужумидан кейин Линдберг чақирув пунктига йўл олади, аммо бу ерда унга Германияга жосусликда айбланиб, урушда қатнашишга рад жавобини беришади. Америка қаҳрамонининг асл кўриниши шунда намоён бўлади. У ҳарбий форма сотиб олади ва Тинч океани қирғоғи, фронт линияси яқинига йўл олади. Генри Форд кўмагида Чалрз ҳарбий ҳаракатлар рўй бераётган ҳудуд бўйлаб синов парвозларини амалга оширади. Биринчи синовдаёқ Линдберг йўриқномани бузади ва японлар позицияга ҳужум уюштиради. Натижада у шу каби 50 та жанговар парвозлар билан ҳавога кўтарилиб, ўз бурчини бажаради.
Уруш тугаганидан кейин Чарльз Линдбергнинг жанговар тажрибаси ҳақида газеталар деярли ёзмайди. Шу билан бирга, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари авиаторни авиация билан боғлиқ турли масалалар учун консултация таклиф қилишни бошлайди. У ҳеч қачон рад жавобини бермаган, кейинроқ эса Чарльзга Ҳарбий-ҳаво кучларининг бригада генерали унвони ҳам топширилганди.
Вақт ўтиши билан Америка халқининг Чарльзга бўлган нафрати кучсизланади, 1970 йилларда келиб АҚШ аҳолиси уни яна миллий қаҳрамон сифатида эътифор эта бошлайди.
Чарльз Линдберг 1974 йилда Гавайи оролидаги уйида саратондан вафот этади. Шу ернинг ўзида у энг яқин қариндошлари ва дўстлари иштирокида дафн этилади.
Изоҳ (0)