Генрих Шлиман бутун дунёга Троя харобаларини топган инсон сифатида танилган. У қазишма ишларига улкан маблағ ажратиб келган бўлса-да, илмий ҳамжамият унинг фаолиятини ёқламайди. Шлиман узоқ йиллар давомида Петербургда яшаган ва Россия фуқароси бўлган, аммо у оиласи олдига келишни истаганида, Александр II олимнинг илтимосига кескин жавоб қайтарган: “Майли келаверсин, осаман”. “Дарё” “100 буюк инсон” лойиҳаси доирасида Шлиман атрофидаги баҳс-мунозаралар, унга боғлиқ уйдирмаларга ойдинлик киритади.
Иллюзиялар устаси
Шлиман антик тарихга бўлган муҳаббати ва тижорий иқтидоридан ташқари яна бир хусусиятга эга эди: у уччига чиққан ёлғончи ҳисобланган. У мақсадли равишда ўзи ҳақида афсоналар яратади, аммо охир-оқибат бунинг ўзи унинг фаолиятига зарба беради.
Шлиман ўз ҳаёти тарихини ёшлигидан ва ҳали танилмаган вақтидан ёза бошлайди. У ўз саргузаштларини батафсил ва қизиқарли тасвирлаш учун етарлича қатъиятга эга эди, вақт ўтиши билан эса уларни нашр этиш ҳамда ёйишга етарли маблағ тўплади. Унинг китобларидаги маълумотлар, шунингдек, батафсил ёзилган “Автобиография” узоқ йиллар давомида Троя кашфиётчиси ҳақида асосий манба бўлиб келди.
Олимлар Шлиманнинг китобларида кўплаб ноаниқликлар борлигига эътибор қаратгунга қадар, анча вақт ўтади. Гап шундаки, Шлиман умри давомида шахсий архивини юритиб келган — у 20 йил турли ҳужжатлар, мактублар, китобларни тўплаган, кундалик тутган. Ҳозирда унинг Афинадаги Америка классик тадқиқотлар мактаби, АҚШ ва Германия кутубхоналарида сақланаётган қўлёзма мероси юзлаб томга сиғади. ХХ аср охирида Шлиманнинг ҳаётига боғлиқ жиддий илмий ишлар чоп этилади — у Гомер поэмасини ўқиб, Трояни топишга қасам ичган қашшоқ болакай ҳақидаги романтик афсонани йўққа чиқарганди.
Маълум бўлишича, Шлиман ҳаётидаги антик мавзу анча кейин пайдо бўлган, машҳур “Илиада” томи эса Рождествода отаси томонидан совға қилинмаган, балки Санкт-Петербургдаги китоб дўконидан сотиб олинган. Бундан ташқари, у АҚШ президентлари билан ҳам учрашмаган, ажрашишга боғлиқ жараён ҳужжатларини эса умуман сохталаштирган. “Албатта, кичик ёлғон катта ишончсизликни юзага келтиради”. Бошқа томондан Шлиман ёзган барча қайдлар ҳам уйдирма эмас ва унинг инсоният олдидаги хизмати чексиз. Қуйида гуручни курмакдан ажратишга ҳаракат қилиб кўрамиз.
Дастлабки миллионлар
Мойралар Генрих учун ҳаётнинг чигал калавасини тузгандек эди гўё. У 1822 йил 6 январда Германиянинг Помераниясида қишлоқ руҳонийси оиласида дунёга келди. Оиладаги еттинчи фарзанднинг туғуруғи даврида она вафот этади, ота эса оқсоч аёлга уйланади ва натижада рутбасидан маҳрум бўлади. Яшаш учун пул йўқлиги боис болалар қариндошлариникига тарқатиб юборилади. Шундай қилиб, 10 ёшли Генрих Калкхорстдаги амакисиникига келиб қолади. Бола бир муддат гимназияда ўқийди, бироқ уни якунлай олмайди — 14 ёшидан баққолга ёрдамчи бўлиб ишга жойлашади.
19 ёшида у Гамбургга кўчиб ўтиб, тўғри келган иш билан шуғуллана бошлайди: балиқ бозорида ишчи, юк ташувчи, мардикор. Кунларнинг бирида йигитга Жанубий Америкага бориш таклифи келиб тушади ва у рози бўлади, аммо бошқа қитъага кўчиб ўтаётган одамлар чиққан кема довулга дуч келиб, Нидерландия қирғоқларида ҳалокатга учрайди. Генрихнинг ушбу йиллардаги ҳаётига оид маълумотларнинг ягона манбаси — бу унинг ўзи ва унда кўплаб ноаниқликлар мавжуд. Масалан, чўкиб кетган “Доротеи” йўловчилари орасида Шлиманнинг фамилияси бўлмаган, сақланиб қолган ҳужжатлар ва ўша йиллардаги тавсияномаларга сув юқмаган.
Ёш йигит ушбу тавсияномалар ва гимназияда Европа билимлари борасида олган билимлари орқали Амстердам савдо портидаги “Шредер” фирмасидан тезда иш топади. Афтидан, ўшанда у тил билиш — муваффақият калити эканини тушуниб етган. Шу боисдан Шлиман бўш вақт топилди дегунча тил ўрганишга киришади, аввалига у инглиз ва француз тилини такомиллаштиради, кейин эса италян, португал ва рус тилларини ўрганади.
Шлиманнинг репетиторга пули бўлмаган, у тилларни китоблардан ва Амстердам портида учратиш мумкин бўлган турли миллат вакиллари билан суҳбатлар давомида ўрганади. Ҳайратланарли жиҳати, Шлиман тўрт йил ичида югурдак болакайдан кўплаб ходимларга эга бюро раҳбари лавозимига кўтарилганида эди. Ўшанда бўлажак бизнесмен ўзининг шахсий “стартапи”ни яратишга қарор қилади ва бор саъй-ҳаракатини синайдиган майдон сифатида Россияни танлайди.
Шлиман Санкт-Петербургга 1846 йилда етиб келди. Жамғармаси у қадар кўп бўлмаган йигит, пулни кийим-кечакдан бошқа барча нарсага тежаб ишлатар эди: Генрих одамлар кийимга қараб кутиб олишларини яхши тушунар, шу боисдан қиммат инглиз костюмларини кийишни канда қилмасди. Шубҳа йўқки, Шлиман иқтидорли тадбиркор эди — тезкор тижорий муваффақияти бундан далолат беради. У Россиянинг юқори савдо доираларида тезда обрў қозонди. Шу билан бирга, у ўзини сирли шахс сифатида тутиб келади: рус ҳужжатларида унинг исмини ўнгга яқин вариантлари келтирилган. Синглисига мўйнага қўшиб юборган сурати остига эса “Император банки директори” дея имзо қўяди, аслида ушбу ташкилотга унинг ҳеч қандай алоқаси йўқ эди.
Олтин васвасаси
1850 йилда Шлиман Америкага йўл олган акаси Людвик вафот этганидан хабар топади. Номаълум сабабларга кўра, Генрих унинг изидан Калифорнияга йўл олади ва айни “олтин васвасаси” бошланган даврга дуч келади. У ёнида бўлган маблағлардан даромадли ташкилот тузади. Генрих олтин қумини қазувчилардан жойида сотиб олар, кейин эса банкка қимматроққа сотарди. Ўртадаги фарқ — унинг фойдаси. Ушбу бизнес анча хатарли эди — Шлиман ёстиғи остига револверини қўйиб ухлашга мажбур бўлганини ёзган, аммо даромад ҳам таваккал қилишга арзир эди. Шлиман Россияга қайтганида олдингидек ўртамиёна тадбиркор эмас, балки бадавлат инсонга айланган.
Генрих ўз ҳаётини Россия билан жиддий боғлашга қарор қилади. У рус фуқаролигини олади, расман савдогарларнинг 2-гилдияси аъзосига айланади, укаси ва синглисини Санкт-Петербургга олиб келиб, иш бўйича ҳамкорининг жияни Екатерина Лижинага уйланади.
Тез орада Қрим урушининг бошланиши Шлиман капиталининг яна бир неча баробарга ортишига хизмат қилди. Кўплаб нашрлар у армияга сифатсиз товар етказиб бергани ҳақида ёзади, лекин бунинг ҳеч қандай далили йўқ. Савдогарга нисбатан уруш вақтида ҳам, ундан кейин ҳам жиноят иши очилмаган, оммавий айблов эълон қилинмаган. Шлиман ўз йўналишини тезда топиб олади, турли сабабларга кўра Англия ва Франция билан савдолар тўхтатилгач, у рақобатчиларидан бозорни тортиб олишга муваффақ бўлади. Шлиман фирмаси асосан чой ва индиго (текстиль саноатида ишлатиладиган бўёқ) билан савдо қилган.
Ҳал қилувчи онлар 1850 йиллар охирида бошланади. Барча нарсага эришган савдогар зерика бошлайди, тижорий ишлар уни эндиликда қизиқтирмай қўйганди. У инерсия бўйича яшарди — ишларни назорат қилар, спорт билан кўп шуғулланар, қадимги грек тилини ўрганар эди. Шлиман дунё кезишни бошлайди. Германия, Италия, Миср, Фаластин, Сурия, Туркия, Греция. Россияга қайтгач, яна ишга шўнғиб кетади. Тижорий суд аъзоси этиб сайланади, пойтахт 1-гилдияси савдогари, фахрий фуқарога айланади. Шундан сўнг, у яна дунё бўйлаб саёҳатга йўл олади.
Расман у янги савдо алоқаларини ўрнатиш учун тижорий таклифларни топиш учун йўлга чиққанди ва қисман бу ҳақиқатдир. Шлиман тижоратга бўлган қизиқишини йўқотиб, ўз имкониятлари учун янги таклифларни излагани эса бошқа иш. У ўз саёҳати ҳақида француз тилида битилган китобида ёзиб қолдирган. Шлиман у ерда ўз ўқувчиларига илк бор узоқ давлатларнинг қадимий маданиятига дуч келганини қайд этади.
Россияга қайтган Шлиман рафиқасини ўзи билан бирга Европага кетишга ундайди, бироқ рад жавобини олади. 1865 йилда у Петербургдаги ишларини йиғиштириб, бор маблағларини олади-да Париж томон отланади. У пулларини кўчмас мулкка йўналтиради — бу вақтда шаҳар барон Осман томонидан реконструкция қилинаётган эди. Шлиман кўплаб даромад келтирган еттита кўп қаватли уйнинг қурилишида иштирок этади. Барқарор даромад манбаига эга бўлгач, 42 ёшли тадбиркор ўқишга йўл олади. Аниқроғи, ўзини қизиқтирган мавзуларда маъруза қиладиган университет профессорларидан пулга таълим ола бошлайди. Шу орқали у имтиҳонларсиз дипломни қўлга киритади.
Екатерина Петровна аввалгидек Парижга кўчиб ўтишни истамайди, эрининг ўқишга кирганини эса телбалик дея қабул қилади. Шу билан бирга, аёл эри билан ажрашишни ҳам хоҳламаган. Афтидан, шу вақтда Шлиман ўз тақдирини белгилаб берган иккита қарорни қабул қилади: ўзини илмга бағишлаш ва янги оила қуриш.
Катта шижоат билан у ўз ғояларини амалга оширишга киришади. Ажрим АҚШда расмийлаштирилади. Аввалига Шлиман ва унинг адвокатлари судга Генрих охирги беш йил давомида Нью-Йоркда яшагани ва ҳатто маҳаллий фирмада улушга эга экани ҳақида ҳужжатларни тақдим этади — бу унга фуқаролик олиш имконини беради. Ажримни расмийлаштиришда эса Шлиман Екатеринанинг эри билан кўчиб ўтишни истамаслиги ҳақидаги мактубидан фойдаланади. Ҳужжат сохта бўлса-да, судья унга эътибор қаратмайди. Рухсатсиз иккинчи фуқароликни олиш ва қўшхотинлик сабаб Александр II унга осишни ваъда қилганди.
Кўп ўтмай Шлиман ўзидан 30 ёш кичик бўлган грециялик София Энгастроменага уйланади. Бу никоҳ эмас, балки Генрих қизни сотиб олиши эди, чунки оила банкротликдан чиқиш мақсадида тадбиркор таклифида розилик берганди.
Илмий карьерани бошлаш учун бизнесман аввалига расмий мақомга эга бўлиши керак эди. Бунга эса Росток университети орқали эришади. Акаси орқали Шлиман у ерга китоблари ва қўлёзмаларини юбориб, докторлик даражасини олади.
Шлиман антик даврга тегишли ҳудудларнинг аксар қисмини оддий турист сифатида кезиб чиқади. Кейинчалик у ёшлигидан Гомернинг “Илиада”си эртак эмаслигига ишонгани, афсонага айланган Троя уруши ростдан ҳам бўлгани ҳақида ёзади.
Машҳурлик остонасида
Шлиманнинг қайдларига кўра, 1869 йил 8 август куни у биринчи марта франциялик санъатшунос Жан-Батист Лешавале ва австриялик дипломат Иоганн Георг фон Хан томонидан Троя қаерда жойлашганини ёзган Троада вилоятига боради. Олим бир ҳафта давомида маҳаллий ҳудудни ўрганиб чиқади, бироқ қизиқарли ҳеч нарса топа олмайди. У Истанбулга сузиб кетиш учун Чаноққалъага келади, аммо у кемага кеч қолганди. Мазкур кутилмаган тасодиф Троя археологияси тарихини очишга хизмат қилади.
Катта эҳтимол билан Шлиман Дарданеллдаги Британия консули Фрэнк Калвертнинг уйига парижлик бирор тарихчининг тавсияси ёки Мюррей маълумотномасидан хабар топиб келган. Калверт топография ва қадимги Троада билимдони ҳисобланган, энг муҳими — ушбу ҳудуддаги археологик қазишмаларда тажрибага эга бўлган. У қадимий Илион харобаларини Ҳисорлик дўнгликларидан қидириш кераклиги ҳақида айтиб келган; бундан ташқари, олим археологик ёдгорликнинг қиймати юқорилигини англаб, мазкур дўнгликларнинг ярмини ўз номига ўтказиб олган. Аммо унда қазишма ишлари учун пул йўқ эди. Инглиз Шлиман қиёфасида жиддий тадқиқотларни ўтказишга моддий ёрдам берадиган шахс тимсолини кўради, Генрих эса “Илиада”даги Трояни топиш ғоясига ошно бўлиб қолади.
1871 йилда кенг кўламли ишлар бошланади, Шлиман барчасини шахсан ўзи назорат қилиш мақсадида профессионал археологлар хизматидан воз кечади. Калверт қазишмаларда иштирок этмаган — у безгакдан азият чекиб тўшакка михланиб қолганди. Кейинги воқеалар кўпчиликка маълум: Шлиман тепаликни иккита йўл орқали кесиб ўтиб, ҳақиқатда Троядан салкам 1 000 йилга катта, шоҳ Приамнинг ноёб шаҳрига дуч келади. Аммо буни олимнинг ўзи тушунмасдан, Гомер тасвирлаган шаҳар излари деб ўйлаган. Шлиман ушбу янгиликни бутун дунёга маълум қилади, натижада мутахассислар топилма ва вақтдаги ноаниқликларни пайқайди. Қазишма ишларидаги қўпол хатоликлар сабаб эса илмий ёдгорлик деярли бутунлай яксон этилганди.
Буюк ишлар оқибати
Шлиман машҳурлик илинжида Калверт, турк ҳукумати, илмий ҳамжамият билан жанжаллашиб қолади. Контрабанда йўли билан “Приам бойликлари”ни олиб чиқиб кетмоқчи бўлганида, уни ушбу қимматбаҳо буюмларни ўғрилардан сотиб олганликда ҳам гумон қилишади. Айбловда мантиқ бор эди, чунки афсонавий шоҳнинг хазинаси турли тарқоқ буюмлардан кўра бир неча бор қиммат бўлган, Шлиман эса ўз топилмаси ортида бойлик орттириш ниятини яширмаган. У анча вақт Британия музейи, Лувр ва Эрмитажга Троя олтинларини “жойлаштиришга” уринади. Натижада топилмаларни сотиш имкони йўқлигини англаб, коллекцияни Германияга совға қилади ва мамлакатнинг фахрий фуқаролиги ҳамда орденга эга бўлади.
Шлиман умрининг охирига қадар машҳурликка эришиш мақсадида қилган хатоларини тўғрилаш илинжида яшади. Ва қисман бунга эришди ҳам. У ўғирланган бойликлар учун пул тўлаб, турк ҳукумати билан ярашиб олди. Хатога йўл қўйганини тан олди ва олимларга ўз материалларидан фойдаланишга рухсат берди.
Изоҳ (0)