6 февраль санасига боғлиқ диққатга сазовор воқеалар қаторидан Москва метросидаги энг йирик теракт, Олимпиада ўйинларига мезбонлик қилган Гитлер ҳамда 25 ёшида Британия тахтига ўтирган Елизаветага оид фактлар ўрин олган.
Москва метроси тарихидаги энг йирик теракт
2004 йил 6 февраль куни Москва метрополитенининг Замоскворцкая линиясида содир этилган теракт оқибатида 250 киши жабрланганди: 50 га яқин одам ҳалок бўлган, 122 киши шифохонага ётқизилган яна 100 га яқин инсонга ҳодиса жойида ёрдам кўрсатилган.
Портлаш соат 08:32 да “Автозаводская” метро станциясидан “Павелеская” томон ҳаракатланаётган поезднинг иккинчи вагонида содир бўлган. Аввалига терактни худкуш амалга оширган деб ҳисобланган, ҳозирга келиб эса портловчи қурилма худкуш камарида эмас, балки вагон полида турган рюкзак ёки чамадон ичида бўлгани аниқланган. Портловчи қурилма қуввати камида 5 килограмм тротил эквивалентини ташкил этган.
Портлашдан кейин дарҳол иккинчи вагонда мураккаблиги бўйича бешинчи даражали (энг юқори) ёнғин бошланган. Учинчи вагон туннел деворларидан қайтган портлаш тўлқинидан зарар кўрганди. Биринчи ва учинчи вагонлардаги ойналар парчаланиб кетган. Портлаш шу қадар кучли эдики, унинг кучи биринчи вагон бошига қадар етиб борган, машинист кабинаси эшиги бузилган ва кабинадаги олд ойна синиб кетган.
Поездни бошқариб кетаётган Владимир Горелов фавқулодда тормозланишни амалга оширган. Поезд портлашдан кейин ҳам бошқарувчанлигини сақлаб қолган, машинист уни тўхтатишга муваффақ бўлган. Вагонлардаги чироқлар ўчмаган, “йўловчи-машинист” алоқаси сақланган ва бошқа вагонларга ҳам баланд овозда гапириш тизими соз эди. Вагонлар таркиби тўхтаганидан кейин машинист диспетчерга кутилмаган вазият ҳақида хабар бериб, контакт релсларини электрдан узишни сўраган.
Кучланиш олиб ташланиши билан, Горелов барча эшикларни очган ва йўловчиларга туннел орқали “Автозаводская” ва “Павелеская” станциялари томон ҳаракатланиш кераклигини айтган. Шундан кейин у йўловчиларни қутқариш ишларида иштирок этган.
Учинчи вагонда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги офицери Сергей Кавунов ҳам кетаётганди, у йўловчиларни “Автозаводская” томон эвакуация қилишда иштирок этиб, ваҳима кўтарилишининг олдини олган. Бош вагонда бўлган фуқаролар эса туннел бўйлаб 2 километрдан ортиқ ҳаракатланиб, “Павелская”га етиб борган.
Гувоҳларнинг сўзларига кўра, туннелни кучли тутун эгаллаганига қарамай, эвакуация етарлича ташкиллаштирилган ҳолда амалга оширилган ва одамлар бақир-чақир қилмаган. Жабрланганларга поезднинг ўзини йўқотиб қўймаган ҳамда қандай кўнгилсиз ҳодиса юз берганини англаб турган йўловчилари ёрдам кўрсатган.
Биринчи қутқарувчилар гуруҳлари станцияга соат 08:50 да етиб келган. Портлаш оқибатларини бартараф этишда Москва шаҳри ва вилоятининг қидирув-қутқарув бўлинмалари, шунингдек, “Центроспас” қутқарувчилари иштирок этган.
Портлашдан кейин дарҳол Замоскворцкая линияси бўйлаб барча поездлар ҳаракати тўхтатилган. Айрим йўловчилар тўхтаб қолган поездлар ичида туннелда уч соатлаб қолиб кетган. Соат 10:25 да линиянинг шимолий қисмида ҳаракат тикланган. Соат 11:00 да йўловчиларни эвакуация қилиш ишлари якунланган ва ёнғин ўчирилган. Портлаган таркиб четга олинган ва соат 19:00 ларда ҳаракат тўлиқ қайта тикланган.
2004 йил 9 февраль куни Москвада метродаги теракт оқибатида ҳалок бўлганлар хотирасида мотам куни эълон қилинган. Россия президентининг қарори билан поезд машинисти Владимир Горелов “Жасорат” медали билан тақдирланган.
Ҳолат бўйича Россия қонунчилигига мувофиқ жиноят иши қўзғатилган ва иш Федерал хавфсизлик хизматига топширилган. 2006 йил ноябрда Москва шаҳар судида мазкур терактга тайёргарлик кўришда айбланганларга нисбатан суд бошланган. Судланувчилар курсида Адлия вазирлигининг собиқ ходими Мурат Шаваев ва Карачаево-Черкесияда яшовчи Максим Панарин ва Тамбий Хубиев ҳам бор эди.
Тергов маълумотларига кўра, террорчилар Панарин ва Хубиев Москвага келган, селитра, алюминий кукуни, пластит, электрон схема, детонатордан фойдаланган ҳолда бомбани тайёрлаган. Пластит, детонатор ва портловчи “ВОГ-25” моддасини унга Шаваев берган. Террорчилар буларнинг барчасини пластик пақир ичига жойлаштириб, атрофини пластилин билан қоплаб чиққан — унинг орасида болт ва гайкалар жойланганди. Портловчи қурилманинг умумий оғирлиги 19 килограммни ташкил этган. Бомба рюкзакка солиниб, худкуш — Хубиев билан лагерда қўпорувчилик бўйича тайёргарликдан ўтган араб миллатига мансуб Абу-Умарга берилган. У 6 февраль тонгида метрога кирган ва портловчи қурилмани ишга туширган.
2007 йил февралда Москва шаҳар суди Панарин, Хубиев ва Шаваевни терактни уюштиришда айбдор деб топган ҳамда уларга умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган.
Учинчи рейхда ўтказилган Олимпиада
1936 йил 6 февраль куни Учинчи рейхда қишки Олимпиада ўйинларининг очилиши бўлиб ўтганди. Нацистлар қандай қилиб Олимпиада машъаласини ўйлаб топгани, Гитлерни ким “замонамизнинг энг яхши ижодкори” деб атагани ва немис официантлари захмга (сифилис) текширувдан ўтгани тўғрисида қуйида баён қиламиз.
1894 йилда барон Пьер де Кубертеннинг ташаббуси билан Халқаро олимпия қўмитасига асос солинган. “Спорт — сиёсатдан ташқарида”, — дея ҳисоблаган барон ҳеч қанақа халқаро можаролар беллашувларга халақит бера олмайди деб ўйлаган. Аммо ХХ аср бошларида Биринчи жаҳон уруши сабаб Берлинда ўтказилиши керак бўлган Олимпиада ўйинлари бекор қилинган. Германия пойтахтида спорт мажмуаларини қуриш ишлари тўхтатилган, немис спортчилари эса ҳарбий формалар кийишга мажбур бўлган.
Урушдан кейин немислар изоляцияда бўлиб қолган, хусусан, мағлубиятга учраган мамлакат атлетларига халқаро беллашувларда иштирок этиш тақиқланган. Умуман олганда, бундай тақдирга нафақат Германия, балки унинг иттифоқчилари — Австрия, Венгрия, Туркия, Болгария ҳам дучор бўлганди.
Юзага келган вазият, айниқса, немис сиёсатчиси Карл Димга ёқмаган. Ёшлар Олимпиадада иштирок эта олмаслиги боис жисмоний тарбияга қизиқмай қўйганини пайқаган Дим “Немис ўйинлари”ни ташкил этган — бу Олимпиада намунасида ўтказиладиган миллий беллашувлар эди.
1928 йилда Олимпия қўмитаси немис атлетларини халқаро спорт ареналарига қайтаришга қарор қилади. Амстердаги ўтказилган ўйинларда Германия икинчи ўринни қўлга киритган, тез орада Олимпиада ўйинларини ўтказишга ариза бериб, 1936 йилги ўйинларга мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритади. Ушбу имконият учун Барселона, Рим ва Будапешт ҳам даъвогарлик қилган, аммо маълум вақтдан кейин икки пойтахт “беллашувдан” чиққан. Халқаро олимпия қўмитаси Германия ва Испания орасида танловни амалга ошириши керак эди: 43 та овоз Берлин фойдасига берилган бўлса, Берселона 16 та овоз тўплаган. Шу билан бирга, Германия Олимпия қўмитаси 1936 йилги қишки Олимпиадани ўтказиш истагини билдирган. Бавариянинг Гармиш ва Партенкирхен шаҳарлари Олимпиада пойтахтига айланган.
Аммо ҳамма немислар ҳам воқеаларнинг бундай ривожига хурсанд эмасди: мамлакат инқироз ҳолатида бўлган, Олимпиадани ўтказиш эса жиддий харажатлар талаб қиларди.
1933 йилда ҳокимият тепасига Адолф Гитлер келган, миллий-социализм эса мамлакатнинг расмий идеологиясига айланган. Маълумки, фюрер Олимпиадага мезбонлик қилишни у қадар хоҳламаган, у олий ирққа мансуб спортчилар “тоза бўлмаганлар” билан беллашишини қабул қила олмаган. Аммо Ёзеф Геббелс ўйинлар Учинчи рейхнинг мавқеини халқаро майдонда кўтаришини айтиб, Гитлерни кўндиришга муваффақ бўлади. Бундан ташқари, халқ таълими ва пропагандаси рейсвазири ҳар бир аскар яхши спортчи бўлиши кераклигини уқтиради. Адолф Гитлер энг қиммат ва ҳеч қачон ёддан чиқмайдиган Олимпиада ўйинларини ўтказиш бўйича қарор қабул қилади.
Нацистлар ҳукумат тепасига келганидан кейин халқаро жамоатчилик Олимпия қўмитасидан яҳудий ва қора танлилар тўлақонли инсон сифатида кўрилмайдиган давлатда ўйинлар ўтказилишини тақиқлашни талаб қилади. Айрим машҳур спортчилар, масалан, Андре Жоли-Брюне ва Пьер Брюне, Жон Ши Олимпиадада иштирок этишдан бош тортади.
Гап-сўзларга кўра, бир сафар Халқаро олимпия қўмитаси президенти Анри де Бае-Латур фюрерга Гармиш ва Партенкирхендаги ҳожатхоналар олдига илинган “Яҳудийлар ва итлар кириши тақиқланади” ёрлиғи Олимпиада анъаналарига мос келмаслигини айтган. Гитлер эса мезбонга ўз уйида қандай яшашга ўргатиш керакмаслигини жавоб қайтарган. “Кечирасиз, аммо стадионларга бешта ҳалқали байроқ илиндими — бу Германия эмас, балки Олимпия ҳисобланади ва унда биз хўжайинмиз”, — дея эътироз билдирган де Бае-Латур. Шундан кейин Гитлер ёрлиқларни беллашувлар вақтида олиб туришни буюрган.
Жамоатчилик ортга чекинмаган: спортчилар, диний қатлам вакиллари, маданият ташкилотлари ўйинларни Барселонада ўтказиш талаби билан чиққан. Шунда Халқаро олимпия қўмитаси Германияга бориб, Гитлер режими Олимпиада қадриятларига жавоб бериш-бермаслигини текширишга қарор қилади. Уддабурон нацистлар “текширув” олди барча антисемите шиорларни олиб ташлаган ва яҳудий спортчилар билан “уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини кеч ким камситмаётгани” тўғрисида келишиб олади. Бундан ташқари, Гилтер ҳукумати Германия терма жамоаси таркибига онаси немис, отаси яҳудий бўлган спортчи Хелена Майерни қўшиб олган.
Кексайиб қолган Пьер де Кубертен ҳам Германияга ташриф буюрган. Немисларнинг Олимпиада ўйинларига тайёргарлик кўлами ва Берлин кўчаларининг тозалигидан ҳайратга тушган барон Германия ўйинлар мезбонилигича қолиши кераклигини маълум қилган. Кубертен Гитлерни “замонамизнинг энг яхши ижодий руҳларидан бири” деб атаган ва Учинчи рейхга ўзининг кўп сонли китобларини васият қилиб қолдириш хоҳишини билдирган.
1936 йил 6 февраль куни IV қишки Олимпиада ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтган. Тантаналар олдидан шаҳарлар қашшоқ ва тиланчилардан тозаланган. Гармиш ва Партенкирхедаги фоҳишалар шаҳарлардан чиқариб юборилган, ҳатто барча официант ва раққосаларни захмга текшириш бошланган.
Очилиш маросимида 28 та иштирокчи давлат парадда қатнашган. Делегациялар стадионга ўз давлатларининг мадҳияси остида чиқиб келган. Қишки ўйинлар бошлангани тўғрисида Адолф Гитлернинг ўзи эълон қилган. Замондошларининг хотирлашича, фюрернинг сўзлари гулдурос қарсаклар билан кутиб олинган.
Учинчи рейхда ўтказилган қишки Олимпиада ўйинларининг юлдузи норвегиялик фигурачи Sonyа Хени бўлган. Sonyа шахсий ҳисобда олтин медални қўлга киритган ва фюрернинг шахсан ўзи уни табриклаган. Ўйинлар якунлангач Хени Гитлер билан унинг шахсий қароргоҳида тушлик қилишга розилик берган ва ундан немис етакчисининг дастхати туширилган суратни қабул қилиб олган. Кейинчалик чемпион қиз актрисалик карерасини бошлаган, унинг иштирокидаги “Миллиондан битта” биринчи фильми тарғиботи билан Ёзеф Геббелснинг ўзи шуғулланган.
Қишки ўйинларда биринчи ўрин Норвегия жамоасига насиб кетган бўлса, мезмон давлат шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан ўрин олган. Кучли учликка Швеция якун ясаган. Айнан шу мусобақаларда биринчи марта Олимпиада машъаласини кўтарган ҳолда эстафета ўтказилган. Мазкур ғоя Карл Димга тегишли эди, унинг асосий ташаббускори эса Геббелс.
Британия тахтига ўтирган 25 ёшли Елизавета
Елизавета II нинг ҳукмронлиги Британияда тарихида энг узоқ давом этгани билан тарихга кирди. У тахтга ўтирган даврида 15 та бош вазир, АҚШда эса 13 та президент алмашди. Елизавета даврида Буюк Британия империя бўлишдан тўхтади ва Европа Иттифоқига қўшилди, ундан чиқишга ҳам улгурди. Шунга қарамай, қиролича мамлакатда қабул қилинаётган қарорларга тўғридан тўғри таъсир кўрсатмаган бўлса-да, монархлик мақомини сақлаб қолишга эришди.
Виндзорлар сулоласи вакили бўлган бўлажак қиролича 1926 йил 21 апрелда дунёга келган ва чўқинтириш вақтида онаси, бувиси ҳамда бувисининг бувиси номига Елизавета Александра Мария исмини олган. Уйда уни Лилибет деб чақиришган.
У Мейфейр туманидаги қароргоҳда туғилган. Ҳозирда бу уй мавжуд эмас — унинг ўрнига Хитой ресторани қурилган.
Малика бобоси ва бувисининг севимли набираси бўлган ҳамда қирол Георг V дан қўрқмайдиган оиланинг кам сонли аъзоларидан бири эди. Елизавета ота-онаси, бўлажак қирол Георг VI ва унинг рафиқаси Елизавета Боуз-Лаён билан Пикадиллидаги уйда яшаган. Унда 25 та ётоқхона, лифт ва бал зали бўлган. Оила қасрда истиқомат қилмаган, чунки унинг аъзолари тахтга биринчи даъвогалар қаторида эмасди.
1930 йилда Лилибетнинг синглиси малика Маргарет дунёга келади. Қизлар улғайгач, уларнинг характерлари бир-биридан кескин фарқ қилиши маълум бўлади. Елизавета жуда тартибли, виждонли ва гапга кирадиган эди: у барча отларига овқат бермасдан ухлай олмасди. Ўйинқароқ, мақсадидан қайтмайдиган ва шўх Маргарет эса ўз хатоларида хаёлидаги жияни Галифаксни айблаб келган.
Натижада синглиси яшаган ҳаёт тарзи кўплаб муаммоларни келтириб чиқарган: у базм-у жамшидларда диққат марказида бўлишни ёқтирар, тунгги клуб ва ресторанларни қолдирмасди. Унинг сураткаш Энтони Армстронг-Жонс билан никоҳи ажриб билан якунланган. Аммо қироличанинг биографларига кўра, ҳаёт тарзи турлича бўлса-да, Елизавета ва Маргарет доимо яқин муносабатда бўлган.
Елизаветанинг бобоси Георг V ўлимидан кейин унинг тўнғич ўғли Eduард VIII мамлакатни 325 кун бошқарган. У икки марта ажрашган америкалик Уоллис Симпсонга уйланиш мақсадида тахтдан воз кечган. Натижада Елизаветанинг отаси Георг VI тахтга ўтирган, унинг ўзи эса ҳокимиятга даъвогарлар қаторида биринчи ўринга чиққан.
Уруш вақтида болалар Виндзорга юборилган — йиллар ўтгач, қиролича аксарият дам олиш кунларини у ерда ўтказган ва айнан шу саройни ўзининг уйи деб ҳисоблаган. Аммо маликалар у ерда ҳам четда қолиб кетмаган: Катта Виндзор боғига 300 та бомба ташланган. Елизавета ва Маргаретни тез-тез кечалари уйғотишиб, қароргоҳнинг ерости хоналарига олиб тушишган. Иккиси ҳам иссиқ сақлайдиган комбинезонларда ухлаган.
Уруш вақтида 14 ёшда бўлган Елизавета радио орқали ўзининг биринчи нутқини сўзлаган: у уйидан узоққа келиб қолган эвакуациядаги болаларга мурожаат йўлланганди. Уруш охирида ёш малика ҳарбий тайёргарликдан ўтган ва қироллик оиласининг хизматини ўтаган ягона аъзосига айланган.
Елизавета 1952 йил 6 февраль куни 25 ёшида тахтга ўтирган. Тож кийдириш маросими бир йилдан кейин 2 июнда ўтказилган ва у биринчи марта телевидение орқали трансляция қилинган — уни 27 миллион одам томоша қилган. Елизавета II Британия тарихида энг узоқ ҳукмронлик қилган монарх ҳисобланади, ундан олдинги рекорд бувисининг бувиси Викторияга тегишли.
Қиролича Елизавета II ҳамда Филипп тўрт фарзандни дунёга келтирган. Болаларининг тўнғичи шаҳзода Чарльз ва малика Анна Елизавета тахтга ўтиришидан олдин дунёга келган, шаҳзодалар Эндрю ва Эдвард эса — тахтга ўтирганидан кейин.
Қироличанинг қариндошлари Елизавета қурган монархия тарзига кўплаб муаммоларни келтириб чиқарган: шаҳзода Чарльзнинг Камилла Шенд билан муносабатлари, унинг Диана Спенсер билан омадсиз никоҳи ва Диананинг ўлими.
Қироличанинг набираси Гарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл ҳам қироллик оиласидан кетиб, мустақил ҳаёт кечириш йўлини танлагани кўплаб шов-шувларга сабаб бўлганди.
Елизавета II нинг иккинчи ўғли — шаҳзода Эндрю атрофида ҳам кўплаб можаролар юз берган. Аввалига у жинсий жиноятларда айбланган молиячи Жеффри Эпштейн билан дўстлиги учун танқидлар марказида қолган ва кейинроқ унинг ўзи ҳам зўрлашда айбланган. Қиролича ўғлини ҳарбий унвонлардан маҳрум этган, шунингдек, судда у ўзини оддий инсон сифатида ҳимоя қилишини белгилаган.
Елизавета II нинг хоббиларидан бири отда сайр қилиш бўлган. У кексайиб қолганида ҳам шу каби сайрларни канда қилмаган.
2021 йил апрелда қиролича ўз турмуш ўртоғи Филиппни ерга қўйган. У 100 ёшга тўлишига икки ой қолганида оламдан ўтган. Елизавета ва Филиппнинг никоҳи 73 йил давом этган.
Буюк Британия қироличаси Елизавета II 2022 йил 8 сентябрь куни Шотландиядаги Balmoral қасрида вафот этди. У 96 ёшда эди.
Изоҳ (0)