Исроил май ойида Эрон ядровий объектларига зарба беришни режалаштирган эди, бироқ АҚШ президенти Дональд Трамп бу ҳужумни қўллаб-қувватлашдан бош тортди. Бу ҳақда маъмурият вакилларига таяниб The New York Times хабар берди.

Маълум қилинишича, Трамп Эрон билан бўлиб ўтаётган ядровий музокаралар сабабли ҳужумга қарши чиққан. АҚШ президенти бу қарорни бир неча ой давом этган “ички муҳокамалардан сўнг” қабул қилган. Сиёсатчининг олдида иккита йўл бор эди: дипломатик йўлни танлаш ёки Эроннинг ядровий бомба яратиш салоҳиятини заифлаштиришга уринаётган Исроилни қўллаб-қувватлаш. Натижада Трамп биринчисини танлаган, дейилади хабарда.
Муҳокамалар АҚШ ҳукуматида бўлинишни юзага келтириб чиқарган. Айрим вазирлар ҳарбий чораларни қўллаб-қувватлаган бўлса, президент ёрдамчилари Эроннинг ядровий объектларига ҳужум самарадорлигига шубҳа билан қараган. Улар бу АҚШни кенгроқ урушга тортиб кетишидан хавотир билдирган.
Натижада ҳозирча ҳарбий ҳаракатларга қарши умумий фикр шаклланган. Чунки Эрон музокараларга тайёр эканини билдирган эди.
Исроилнинг ҳужум режаси
Хабарларга кўра, Исроил расмийлари яқин ойда Эрондаги ядро объектларга ҳужум қилиш бўйича аниқ режалар ишлаб чиққан. Улар бу режаларни амалга оширишга тайёр бўлган ва АҚШнинг ёрдамига умид қилган. Бу ҳужумлар орқали Теҳроннинг ядро дастурини камида бир йилга кечиктириш мақсад қилинган.
Режаларнинг деярли барчасида АҚШнинг иштироки назарда тутилган — яъни Эрон томонидан эҳтимолий жавоб зарбасидан Исроилни ҳимоя қилиш ва ҳужум муваффақиятини таъминлаш. Бундай иштирок АҚШни амалда ҳужумга шерик қилиб қўярди.
Исроил матбуотига кўра, АҚШ билан биргаликда Эронга зарба бериш учун Исроилга бир нечта самолётда қуроллар олиб келинган.Трамп агар Теҳрон билан ядровий келишувга эришилмаса, уни бомбардимон қилиш билан таҳдид қилганди. Сўнгги кунларда Исроилга аллақачон МК-84 типидаги оғир бомбалар ва бошқа қуроллар юборилган. Бундан ташқари, АҚШ ҳаво ҳужуми учун мўлжалланган 3 000 дан ортиқ бомба ва ракетани Исроилга юборишга тайёрланмоқда.
Изоҳ (0)