Сенатнинг 30 апрелдаги ялпи мажлисида Ўзбекистонда электрон сигареталар бутунлай тақиқланиши кўзда тутилган қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига баъзи турдаги тамаки маҳсулотларининг, тамакини ва никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг муомаласига доир талабларни янада кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотларини, никотин етказиб беришнинг электрон тизимларини, шу жумладан, электрон сигареталарни ва улар учун суюқликларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек, олиб кириш ва олиб чиқиш учун жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Сенат матбуот хизматининг билдиришича, ушбу қонун нафақат айбдор шахсларни жазолашга қаратилган, балки содир этган ноқонуний ҳаракатлари тўғрисида ўз ихтиёри билан ҳокимият органларига арз қилган ва муомаласи тақиқланган маҳсулотларни топширган шахсларни жавобгарликдан озод қилиш ҳам назарда тутилган.
Сенаторларнинг таъкидлашича, қонун аҳолининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилишга, миллат генофондини сақлашга ҳамда атроф муҳитни тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларидан муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Ўзбекистонда электрон сигареталарни тақиқлаш
Миллий тикланиш партияси 2021 йилдаёқ электрон сигареталарни чеклашни таклиф қилганди.
“Дунёнинг 32 мамлакатида электрон сигареталар чекланган экан, нима учун биз чекламаслигимиз керак? Мутахассислар унинг генофондга жиддий таъсир кўрсатишини айтмоқда. Партиямиз ҳам ушбу масалани мунтазам кўтариб келади”, деган эди Алишер Қодиров.
Сенат 2022 йилнинг июнида бўлиб ўтган ялпи мажлисида “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунни бир қанча асослар сабаб рад этганди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2024 йилнинг апрель ойида бир қатор тамаки ва никотин маҳсулотлари, электрон сигареталар муомаласини тақиқловчи, шунингдек, бу соҳада жавобгарлик жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама учун эълон қилганди.
Унда никотин ва тамаки маҳсулотларининг “замонавий” ёки “инновацион” турлари, хусусан, никотин етказиб беришнинг электрон тизимлари, улар учун суюқликлар, геллар, шу жумладан, электрон сигареталар ҳамда тамакини қиздириш тизимлари, қиздириладиган тамаки маҳсулотлари Ўзбекистонга кириб келиши ва аҳоли, айниқса, болалар ва ёшлар орасида уларни чекиш кескин кўпайгани қайд этилганди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2025 йил 24 январдаги мажлисида электрон сигареталарни бутунлай тақиқлаш кўзда тутилган қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинганди.
Изоҳ (0)