Ўзбекистонда 2030 йилга қадар давлат иштирокида корхона ташкил этишга мораторий жорий қилинди. Бу ҳақда “2025 йил учун хусусийлаштириш дастури тўғрисида”ги президент фармонида белгиланди.

Ҳужжатда қайд этилишича, “Ўзбекистон-2030” стратегиясига мувофиқ, 2030 йилгача нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш ва давлат иштирокидаги корхоналарни 6 бараварга қисқартириш бўйича вазифалар ижросини таъминлаш, давлат иштирокидаги йирик корхоналар ва тижорат банкларини трансформация қилиш, улар таркибидаги рақобат муҳити шаклланган соҳалардаги корхоналар сонини камайтириш ҳамда хусусийлаштириш жараёнларини янада жадаллаштириш мақсад қилинган.
Эндиликда вазирларнинг хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шерикчилигига масъул ўринбосари бўлади. Вазирлар Маҳкамаси 2025 йил 1 майга қадар бундай ўринбосарлар рўйхатини тасдиқлаши лозим.
Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор улушини ошириш мақсадида 2030 йил 1 январга қадар давлат иштирокидаги корхоналарни (мудофаа ва хавфсизлик билан боғлиқ корхоналар ҳамда президент қарорлари асосида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) ташкил этишга мораторий жорий қилинади.
Республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан кўчмас мулк сотиб олиш, давлат функцияси ва давлат мулкига эгалик қилиш мезонларига мос бўлмаган корхоналарни ташкил этиш ташаббуси билан чиқишга йўл қўйилмайди. Бозорлар ва савдо мажмуалари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштирок этиши тўғрисидаги талаб бекор қилинади.
Фармонга кўра, 2025 йилда:
- 30 триллион сўмлик давлат активлари ва ер участкаларини сотиш ва камида 10 триллион тушумни таъминлаш;
- давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли 115 та жамият устав капиталидаги улушларни, 659 та кўчмас мулк объектини ва 6,1 минг гектар ер участкаларини савдога чиқариш;
- дастлабки босқичда камида 30 та фойдали қазилма кон ва участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини савдога чиқариш белгиланди.
Майдони 10 минг метр квадратгача бўлган давлат мулки объектлари юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқарадиган тадбиркорларга 5 йилга тўғридан тўғри текин фойдаланишга берилади ҳамда шартнома шартлари бажарилган тақдирда ушбу тадбиркорларга баҳоланган қийматда тўғридан тўғри сотилади.
Бошланғич нархини босқичма-босқич пасайтириш механизми қўллангандан кейин ҳам 1 йилдан ортиқ муддатда сотилмаган ва харидорлар учун жозибадор бўлмаган кўчмас мулк объектлари бошқа юридик шахсларнинг устав капиталига улуш сифатида киритилади.
Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар, туман ва шаҳар марказларидаги давлат ташкилотлари ва давлат иштирокидаги корхоналар маъмурий биноларининг биринчи қавати бўшатилиб, электрон онлайн аукцион орқали тадбиркорлик субъектларига савдо ва сервис объектларини ташкил этиш учун ижарага берилади. Бундан тўлиқ сотиладиган ва алоҳида аҳамиятга эга бўлган маъмурий бинолар мустасно.
Давлат мулкини хусусийлаштириш дастури қабул қилинган кундан эътиборан хусусийлаштириладиган давлат мулкини бошқа шахсга ўтказиш, ҳисобдан чиқариш, гаровга қўйиш ёки бошқа тарзда тасарруф этиш, уларни хатлаш ва мажбурий реализация қилиш тақиқланади.
Шавкат Мирзиёев 27 март куни давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича жорий йилги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказганида тадбиркорликни ривожлантириш, ер ва иншоотлардан самарали фойдаланиш мақсадида хусусийлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар қилинаётганини айтганди. 2021-2024 йилларда 47 триллион сўмлик давлат активлари сотилган. Бу олдинги ўн йилликдаги кўрсаткичдан 30 карра кўп.
Булар ҳисобига давлат иштирокидаги корхоналар сони 2 карра қисқарди, иқтисодиётда давлат улуши 13 фоизга камайди. Хусусийлашган мулк самарадорлиги ҳам бир неча баробар ошди.
Мажлисда хусусийлаштириш соҳасидаги 2025 йилги мақсадлар белгилаб олинганди.
Изоҳ (0)