Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаев 2013 йилда жиноий “авторитет” Азиз Батукаевни ноқонуний озод қилиш иши бўйича қайта айбдор деб топилди. Бу ҳақда унинг адвокати Сергей Слесарев маълум қилди.
“Бишкекнинг Первомайский туман суди Атамбаевни жиноий авторитет Азиз Батукаевни ноқонуний озод қилиш иши бўйича айбдор деб топди. Бироқ жиноят муддати ўтганлиги сабабли унга жазо тайинланмади”, деди Слесарев.
Атамбаев 2011-2017 йилларда Қирғизистон президенти лавозимида ишлаган ва 2019 йил июнида дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этилган. Ҳибсга олинганидан сўнг унга қарши бир нечта жиноий иш қўзғатилди.

2020 йил 23 июнда Бишкекнинг Первомайск туман суди Атамбаевни 2013 йилда жиноий авторитет Азиз Батукаевни ноқонуний озод қилиш иши бўйича мол-мулкини мусодара қилган ҳолда 11 йил-у 2 ойга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этган эди. Кейинчалик Атамбаев Қирғизистон Жиноят кодексининг “мансаб мавқейини суиистеъмол қилиш” ва “коррупция” моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбсиз деб топилди. Шунингдек, суд уни 2020 йил октябрида оммавий тартибсизликларни ташкил этиш иши бўйича жиноят таркиби йўқлиги сабабли оқлаган.
Атамбаевнинг иши янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш учун юборилган эди. Суд қарорига кўра, Атамбаевга даволаниш учун Қирғизистонни тарк этишга рухсат берилди. У 2023 йил 14 февралда колониядан озод қилинди ва эртаси куни хорижга учиб кетди.
Қирғизистонда 2019 йил август ойида Қўйтош қишлоғида содир бўлган тартибсизликлар бўйича суд бўлиб ўтаётгани, айблов томони собиқ президент Алмазбек Атамбаевни 11 йилга озодликдан маҳрум этишни сўрагани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)